Учқун Назаров (1934-2016)
Ёзувчи, кинодраматург ва кинорежиссёр Учқун Назаров 1934 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент театр ва рассомчилик институтининг режиссёрлик бўлимида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Қўқон шаҳридаги Ҳамза номли драма театрининг бош режиссёри сифатида бошлаб, кейин кинорежиссура билан шуғулланган. У дастлаб «Одамлар» (1961) ҳикояси билан китобхонларга танилган. Абдулла Қаҳҳор ўша йилларда Ўлмас Умарбековнинг «Бобоёнғоқ» ҳикояси билан Учқун Назаровнинг «Одамлар» ҳикоясини ёшларнинг энг яхши асарлари қаторига қўшган эди. Шундан буён, Учқун Назаровнинг «Ғурур» (1965), «Журъат» (1977), «Садоқат» (1965) номли ҳикоя ва қиссаларидан иборат тўпламлари чоп этилди. Учқун Назаров «Иқрор», «Одамлар», «Ғурур» каби ҳикоялари билан китобхонлар оммасига манзур бўлган. Унинг йирик асари — «Чаён йили» романи ҳам ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Учқун Назаров бир қанча саҳна асарлари ҳам яратган бўлиб, унинг «Ойна» драмаси (1977) Ҳамза номли академик драма театрида муаллиф томонидан саҳналаштирилган. У кинорежиссёр, киносценарист сифатида ҳам баракали ижод қилган. Унинг «Сурайё», «Қиз ва йигит», «Шиддат», «Алангали соҳил» ва уч бўлимдан иборат «Қўқон воқеаси» каби бадиий фильмлари томошабинлар эътиборини қозонган. Сўнгги фильми учун унга 1977 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ҳамдир. Учқун Назаров 2016 йил 17 июнь куни Тошкентда вафот этди.Учқун Назаров (1934-2016)
DO`STLARGA ULASHING:
Учқун Назаров (1934-2016)