📙Саййидул истиғфор
“Саййидул истиғфор” бирикмаси “истиғфорлар саййиди” маъносини англатади. Тийбий айтишича, у тавбанинг барча маъносини ўзида жамлагани учун шундай аталган.
Келинг, аввал саййидул истиғфорни қандай айтишни, унинг хосиятини, маъноларини ўрганамиз.
اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي فَإِنَّهُ لا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ أَنْتَ.
Ўқилиши: “Аллоҳумма анта роббий, лаа илааҳа иллаа анта холақтаний, ва ана ъабдук, ва ана ъалаа ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту, ауузу бика мин шарри маа сонаъту, абуу-у лака биниъматика ъалай, ва абуу-у лака бизанбий, фағфирлий фаиннаҳуу лаа яғфируз-зунууба иллаа ант”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, Сен Парвардигоримсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратгансан. Мен Сенинг бандангман. Кучим етганича Сенга берган аҳдимда, ваъдамда тураман. Ўзим қилган ишлар ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Берган неъматларингни эътироф этаман, гуноҳларимни тан оламан. Шундай экан, мени кечир! Зеро, гуноҳларни фақат Сен кечирасан!”عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سَيِّدُ الاسْتِغْفَارِ أَنْ تَقُولَ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي فَإِنَّهُ لا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ أَنْتَ. قَالَ: وَمَنْ قَالَهَا مِنْ النَّهَارِ مُوقِنًا بِهَا فَمَاتَ مِنْ يَوْمِهِ قَبْلَ أَنْ يُمْسِيَ فَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ وَمَنْ قَالَهَا مِنْ اللَّيْلِ وَهُوَ مُوقِنٌ بِهَا فَمَاتَ قَبْلَ أَنْ يُصْبِحَ فَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Саййидул истиғфор “Аллоҳумма анта роббий, лаа илааҳа иллаа анта холақтаний ва ана ъабдук, ва ана ъалаа ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту, аузуу бика мин шарри маа сонаъту, абуу-у лака биниъматика ъалайй, ва абуу-у лака бизанбий, фағфирлий фаиннаҳуу лаа яғфируз-зунууба иллаа ант”, деб айтилади. Ким (мана шуни) кундузи аниқ ишонган ҳолда айтса, ўша куни кеч кирмасидан аввал вафот этиб қолса, жаннатий бўлади. Ким уни кечаси аниқ ишонган ҳолда айтса, тонг отгунича вафот этиб қолса, жаннатий бўлади”. (Бухорий, “Сунан” соҳиблари, Аҳмад, Ҳоким ривоят қилган).
Саййидул истиғфор айтган банда Аллоҳни бутун мавжудотлар Яратувчиси, оламлар Парвардигори деб тан олади, У Зот раҳматидан умид қилади, содир этган гуноҳлари зараридан паноҳ тилайди, барча неъматлар Аллоҳники эканини эътироф этади, гуноҳларига иқрор бўлиб, Аллоҳнинг марҳаматига эришиш истагида бўлади.
Гуноҳни эътироф этишда гап кўп. Зеро, иблис хатосини тан олмади, кибр қилди. Оқибатда Аллоҳнинг лаънатига учради. Банда ожиз эканини унутмаса, гуноҳларига истиғфор айтса, Меҳрибон Аллоҳ уни кечиради. Зеро, Аллоҳнинг марҳамати улуғ.
“Саййидул истиғфор…”
Тийбий шундай деган: “Бу дуо тавбанинг барча маъноларини жамлагани учун “саййидул истиғфор” дейилади. Саййид аслида ҳожатлар арз қилинадиган, ишлар ҳавола этиладиган хўжайиндир”.
“Аллоҳумма анта роббий – ё Аллоҳ, Сен Парвардигоримсан”.
Яъни, эй Аллоҳ, Сен менинг Парвардигоримсан. Сенга иймон келтираман.
“Лаа илааҳа иллаа анта холақтаний ва ана ъабдук – Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан. Мен Сенинг бандангман”.
Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени йўқдан бор қилгансан. Сен ягонасан, Ёлғизсан. Мен фақат Сенгагина ибодат қиламан, фақат Сени “Роббим”, дейман.
“Ва ана ъалаа ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту – кучим етганича Сенга берган аҳдимда, ваъдамда тураман”.
Тоқатим етганича Сенга ихлос билан ибодат қилишга, иймонда содиқ қолишга, Сен буюрган ишларни бажаришга, қайтарганларингдан тийилишга ҳаракат қиламан.
Бу ерда ҳеч бир банда Аллоҳга мукаммал суратда бандалик қилолмаслиги, ўзига берилган неъматлар шукрини тўлиқ адо эта олмаслиги таъкидланмоқда.
“Ауузу бика мин шарри маа сонаъту, абуу-у лака биниъматика ъалайй, ва абуу-у лака бизанбий, фағфирлий фаиннаҳуу лаа яғфируз-зунууба илла ант – ўзим қилган ишлар ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман, менга берган неъматларингни эътироф этаман, гуноҳларимни тан оламан. Шундай экан, мени кечир! Зеро, гуноҳларни фақат Сен кечирасан”.
Мен гуноҳларим ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Менга ҳисобсиз неъматлар бергансан. Буни эътироф этаман. Шунингдек, нуқсон-камчиликларимни ҳам тан оламан. Мен ожиз бандангман, хатоларим кўп. Шундай экан гуноҳларимни мағфират қил. Зеро, гуноҳларни фақат Сен кечира оласан.
Аллоҳ бандасига Меҳрибон. Кимда-ким гуноҳ содир этгач, айбига иқрор бўлса, Аллоҳга қалбдан юзланса, У Зот ўша киши гуноҳини кечиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саййидул истиғфор айтишни ўргатгач, унинг фазилати ҳақида шундай деганлар:
“Ким (мана шуни) кундузи аниқ ишонган ҳолда айтса, ўша куни кеч кирмасидан аввал вафот этиб қолса, жаннатий бўлади. Ким уни кечаси аниқ ишонган ҳолда айтса, тонг отгунича вафот этиб қолса, жаннатий бўлади”.
“Ҳошиятус-синдий” китобида: “Яъни, биринчилардан бўлиб киради. Зеро, ҳар бир мўмин иймони туфайли жаннатга киради. Бу – Аллоҳ таолонинг фазли”, дейилган.
“Ҳошиятус-суютий” китобида эса: “Бу истиғфорни айтмаган мўмин ҳам жаннатга киради. Аммо ким уни айтса, биринчилардан бўлиб, жаҳаннамни кўрмай туриб жаннатга киради”, дейилган.
Демак, саййидул истиғфорни тонгда ва кеч кирганда айтишни одат қилган яхши. Бу билан банда гуноҳлардан фориғ бўлади, қалби покланади, Аллоҳга яқинлашади, жаннатга биринчилардан бўлиб кириши учун замин тайёрлайди.
«Истиғфорнинг 40 хосияти» китобидан
Ислом
📙Саййидул истиғфор