Ҳикоя: 100 миллион сўмлик туҳмат
— Азиз биродарлар! Биз бугун барчамиз учун ҳурматли бўлган инсон Нурқувват акамизни сўнгги манзилга кузатиб қўйиш учун йиғилиб турибмиз. Азизлар, барчамизнинг, хоҳ бой бўламизми, хоҳ камбағал, бир кун борар жойимиз аниқ. Ҳеч ким бу қисматдан қочиб қутулган эмас. Барчамизнинг умримиз Аллоҳ таоло томонидан ўлчаб берилган ва ўша ўлчоғлиқ умрдан ортиқча бирор нафас ҳам яшай олмаймиз. Мана, бугун сафимизни тарк етиб, чин дунёга сафар қилаётган Нурқувват акамиз ҳам ҳаётлик чоғларида қўлидан келганича ибодат қилиб, атрофидагиларга ёрдам қилиб, оила аъзоларини, фарзанду зурриётларини ҳалол ризқ билан боқди. Аллоҳ у кишининг бу фоний дунёда билиб-билмай йўл қўйган хато-камчиликларини, бандалик билан қилган катта-кичик гуноҳларини кечирсин, қилган яхши, хайрли амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, номаи аъмолларини ўнг томонидан берсин, савол-жавобини осон, ҳисоб-китобини енгил, борар жойларини жаннат боғларидан қилсин. Нурқувват акамизнинг ортидан бўзлаб қолаётган завжаларига, ўғил-қизларига, ака-ука, опа-сингилларига Яратгандан чиройли сабр тилаймиз. Нурқувват акамизнинг ҳоли ҳаётлик чоғларида баъзи инсонлар билан олди-бердилари ёки у кишининг бирор инсондан қарзлари бўлса, ким ўз зиммасига олишини сўрадик, ўзларининг ўғиллари ҳали ёш экан, шу сабабли катта акалари ўз гарданига олди. Демак, Нурқувват акамиз елкаларидаги юкдан халос бўлди, энди у кишининг жанозаларини ўқиймиз…
Сўзларни бир хил оҳангда, дона-дона қилиб айтаётган масжид имоми Баҳром ҳожининг гапларини биринчи қаторда эшитиб турган Нурбекнинг елкалари силкиниб-силкиниб кетди. У ҳалигача ўзини жуда ёмон туш кўраётгандек сезар, гарчи тумонат одам йиғилган бўлса-да, акасининг ўлганига сира ишонгиси келмасди. Аммо «Умр ўлчоғлиқ» деганлари рост экан. Мана, Нурбекнинг жондек акаси Нурқувват ҳам ҳали уч қизидан бирортасини узатмай туриб, бу ёруғ оламни тарк этди. Икки ўғли ҳали жуда ёш, кичиги ҳатто нималар бўлаётганини унчалик ҳам англамай, бошида дўппи, егнида чопон, белида белбоғ, акасию амакилари қаторида «Отажон!» дея бўзлаб турибди.
Майитга жаноза ўқилиб, тобут ердан кўтарилгандан сўнг Нурбек кенжа акасининг икки ўғли билан ҳассакашларнинг олдига тушди. Ичкари ҳовлидаги аёллар тобутнинг елкаларга олинганини кўриб уввос солиб йиғлашни бошлашди…
Нурбек акасининг маъракасидан сўнг ҳам уч-тўрт кун қишлоқда қолиб кетди. Чунки Нурқувват аканинг уйига кўнгил сўраб, фотиҳага келиб-кетувчилар кўп эди.
— Энди, Нурбек, сен вақтингга қараб бирор бозор кунини мўлжаллаб келсанг, акангга олиб берган қўйларингни сотсанг. Чунки ўзинг биласан, Шерали билан Нурали ҳали ёш, улар ўзларининг молини эпласа ҳам катта гап. Кейин эртага гап-сўз кўпаймаслиги учун ҳам иссиғида қўйларингни сот, — деди катта акаси Нурмурод Нурбек «Эртага кетаман», деб турган куни.
— Ўзимнинг ҳам хаёлимда шу нарса бор эдику-я, лекин одамлар «Қара, акаси ўлганидан сўнг саккизта қўйини янгасига ишонмасдан сотяпти», демасин деб индамай тургандим, — деди Нурбек бу мавзуда гап очилганидан сал хижолат тортиб.
— Э-э, ука, одамларнинг гап-сўзига қулоқ соладиган бўлсанг, умуман, бирор иш қилмаслик керак. Оғзига кучи етмаганлар гапирса-гапираверсин, ўзи шундоғам бир хиллар «Нурбек ўзи шаҳарда ойликка кун кўрадиган бўлса, икки юзта қўйга пулни қаердан олибди? Аслида, шу қўйлар Нурқувватники, қурилишдан ўғирлаган пулларига олган», деган миш-мишларни ҳам тарқатишди.
— Йўғ-э? — деди Нурбек бу гапларни аввал эшитмагани учун ҳайрон бўлиб.
— Ўзи қишлоқда уч-тўрттаси бор, ўзлари бир нарсани ёлчитмайди, лекин ҳаракат қилиб, бири икки бўлаётганларни эса кўролмайди! — деди Нурмурод ака куюниб.
— Ака, қўяверинг, одамлар нима деса деяверсин, лекин раҳматли Нурқувват акам бировнинг молига ола қарамаганини сиз билан мен биламиз-ку. Қолаверса, Тошкентдаги уйимни сотиб, ўша пулнинг ҳаммасига қўй олганимизни ҳам кўпчилик билади. Бунга гувоҳларим ҳам бор, — деди Нурбек.
— Бу йил чорванинг йили бўлди, ким сенга ўхшаб таваккал қилиб чорвага пул тиккан бўлса, ошиғи олчи, — деди Нурмурод ака.
— Даладаям, тоғдаям ҳозирча ўт яхшига ўхшайди, ака, — деди Нурбек акасини сал юмшатиш учун. — Чўпон ҳам қийналмай, оғринмай боқаётгандир?
— Ие, оғриниб нега оғринади? Эрталаб вақтли туриб Сариқчўққига қараб бир ҳайдаса, қўйларнинг қорни тўйиб ётиб қолаётган бўлса. Бунинг устига бошқалар беш минг бераётган пайти сен ўн мингдан бераётган бўлсанг, — деди Нурмурод ака ёнбошига иккита ёстиқ қўяркан.
— Энди, ака, шу қўйларнинг бир эллик-олтмишини янгамга қолдириб, қолганини сотсам, нима дейсиз? Акамнинг болалари ҳали ёш, улар қаторга кириб, уч-тўрт сўм пул топгунча ҳарна ёрдам бўладими, дейман-да, — деди Нурбек акасига зимдан тикилиб қараркан.
— Ўзинг уйни нима қиласан кейин? Шусиз ҳам ижарада турган бўлсанг…
— Юз элликта қўйни қўзилари билан қўшиб сотсам, бемалол уч хонали уйга етади, ака, бу ёғидан хавотирланманг.
— Ундай бўлса, ўзинг биласан, ука, мен бир нарса деёлмайман, — деди Нурмурод ака чуқур хўрсинаркан. — Ҳали айтганингдай, уч қиз ҳам бирин-кетин бўй етиб турибди. Бунинг устига икки каттаси шаҳарда ўқиётган бўлса… Уларга ҳам ҳар ойда фалон сўм пул керак…
— Шунга, ака, тўғриси, қўйларнинг ҳаммасини сотиб кетиш ниятим йўқ. Ҳозир яна бир ишни бошлаб қўйганман, Худо хоҳласа, у ёғи яхши бўлиб кетади. Жа қийналсак, сал ейиш-ичишдан тийилиб турармиз, — деди Нурбек хотиржам оҳангда.
— Эртага бемалол кетасизларми? Янгангга айтай, сариёғ, сузма дегандай, ул-булларини тайёрлаб қўйсин, — дея Нурмурод ака ёнбошлаган жойида бир қимирлаб қўйди.
— Ташвиш қилиб ўтирмасин, тўйга келганимиз йўқ-ку, — деди Нурбек ҳам.
Шу пайт қўшнилардан бири эшикдан салом бериб кириб келди-ю, ака-укаларнинг суҳбати узилди.
Эртасига Нурбек ҳали хотини билан йўлга чиқиб улгурмаган эди. Акасининг катта ўғли Шерали югуриб келиб:
— Дадамнинг хўжайини келяпти! Олдида яна учта бобой ҳам бор! — деди.
— Тез бориб катта акамни айтиб кел, Эшқобил ака бошқатдан кўнгил сўрагани келганга ўхшайди, — деди Нурбек ҳам.
Шерали адашмаган экан, орадан икки-уч дақиқа ўтар-ўтмас ҳовлига учта чол ҳамроҳлигида Эшқобил ака кириб келди. Нурбек чолларнинг иккитасини дарров таниди. Маҳалланинг оқсоқоллари: Убайдулла ҳожи билан Файзиддин ҳожи. Уларнинг орасидаги барваста қария унга нотаниш, лекин ҳожи боболар билан бирга юрганига қараганда, у киши ҳам ҳожи бўлса ажаб эмас.
Нурбек келувчиларга пешвоз чиқиб, ичкари уйга бошлади. Ҳамма уйга киришгач, дуо қилиниб юзларга фотиҳа тортилди. Убайдулла ҳожи Қуръон тиловат қилиб, савобини марҳумларнинг руҳига бағишлади. Шундан сўнг ўртага совуқ жимлик чўкди. Нурбек эса чойнакдаги чойни уч марта қайтаргач, пиёлаларга қуйиб, аввал қарияларга, сўнгра Эшқобил акага узатди.
Эшқобил ака анча йиллардан бери тумандаги кўзга кўринган қурилиш ташкилотларидан бирига раҳбарлик қилар, марҳум Нурқувват ака ҳам шу кишининг қўлида иш бошқарувчи бўлиб ишларди.
— Нурмурод кўринмайди? — деди Файзиддин ҳожи.
— Ҳозир уйига чиққанди, келиб қолар, — деди Нурбек.
— Агар уйда бўлса чақириб келсанглар, яхши бўларди. Бизнинг аканг билан раҳматли Нурқувватнинг аёлига айтадиган икки оғиз гапимиз бор эди, — деди Убайдулла ҳожи бироз чайналгандек бўлиб.
Нурбек сезди, ҳожи бобо бу гапларни айтгунча, қизариб, терга ботиб кетди. «Тинчликмикин, нега булар бунча гапни узоқдан бошлашяпти?» дея ўйлади Нурбек ичига аллақандай бир хижиллик оралаб. Аммо ичидагини ташига чиқармади.
— Ҳозир келади, ҳожи бобо, ҳозир, — деди ичидаги хавотирни аранг босиб.
Хонага яна жимлик чўкди. Агар Нурмурод ака ҳовлиққанича эшикдан кириб келмаганида, ким билади, тағин қанча шу тахлит индамай ўтиришарди.
Нурмурод ака ҳамма билан бирма-бир кўришгач, Эшқобил аканинг ёнига ўтириб, қўлини дуога очди. Қуръон ўқилиб, дуо қилингач, нотаниш чол Нурмурод акадан кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирган бўлди. Шундан сўнг Эшқобил ака маънодор қилиб томоқ қириб қўйди. Худди шуни кутиб тургандек Файзиддин ҳожи Нурмурод акага қараб сўз очди:
— Энди, Нурмуроджон, бизларнинг бу ерга келишимиздан мақсад, ҳам янги фотиҳали жой, бир кўнгил сўраб қўяйлик, дедик. Қолаверса, Эшқобилбойнинг сенга икки оғиз гапи бор экан.
Нурмурод ака «Гапираверинг», дегандек қилиб Файзиддин ҳожига саволомуз тикилди.
— Нурқувватнинг таъзияси куни жамоатнинг олдида мулла Баҳромга «Укамнинг ким билан олди-бердиси, кимдан қарзи бўлса ўзим бўйнимга оламан», деб лафз қилган экансан, шунга Эшқобилбой билан бирга келиб ўтирибмиз, — деди бу сафар Файзиддин ҳожи бироз баландроқ овозда.
— Хўш?..
— Хуллас, Нурмурод ака, гап бундай, — дея шу пайтгача индамай ўтирган Эшқобил ака гапга қўшилди. — Раҳматли Нурқувват билан шунча йиллар бирга ишладик, катта-катта қурилишлар қилдик, хабарингиз бор. Мен билан юриб кам бўлмади, мана, ҳовли-жойини яхшилади, қўша-қўша машина олди. Камига беш-ўнта қўй, сигир дегандай, ишқилиб, кўпдан ортда қолгани йўқ.
— Хўш? — Нурмурод ака гапнинг нишаби қаёққа кетаётганини тушунмай тағин ўша сўзини такрорлади.
— Гапнинг индаллосини айтсам, укангизга уч ой олдин «Ишчиларга тарқатасан», деб юз миллион сўм бергандим. Кеча сўрасам, бу пулни тарқатмаган экан, шунга ўша пулни сўраб келгандим. Биласиз, юз миллион мен учун ҳам катта пул, — деди Эшқобил ака Нурмурод акага зимдан қараб қўяркан. — Агар менинг гапимга ишонмасангиз, гувоҳим бор, Нурқувватнинг қалин укахони, исми Ҳусниддин.
* * *
— Ана, гувоҳ ҳам бор экан! — деди Файзиддин ҳожи негадир хурсанд бўлиб. Аммо атрофига қараб, Убайдулла ҳожининг тунд юзига кўзи тушди-ю, дарров аввалги ҳолига қайтди.
— Нурбек, янгангни чақириб сўра-чи, аканг уйга ҳеч юз миллион пул олиб келганмикин? — деди Нурмурод ака бирдан елкасига биров оғир юк қўйгандек хўрсиниб.
Гоҳ у гапирган одамнинг, гоҳ бу гапирган одамнинг сўзларига жимгина қулоқ солиб ўтирган Нурбек аста ўрнидан турди-да, ташқарига чиқиб кетди. Бироздан сўнг қайтиб келиб:
— Янгам: «Акангиз анчадан бери уйга бунақа катта пул олиб келгани йўқ. Ўзи кейинги пайтларда уйга тайинли пул олиб келмаётган эди, майда-чуйда харажатларни ҳам қўй ёки сигир сотиб қилиб тургандик», деяпти. Мана, ўзиям келиб, даҳлизда турибди, ишонмасангиз, ўзидан сўраб кўринг, — деди.
— Энди бу пулли иш ёмон нарса-да, ука, ўшанга ўртага заифаларни аралаштирмасдан ўзимиз ҳал қилиб қўя қолайлик, — деди ҳожилар билан келган қария. — Эшқобилбойнинг айтишича, укангиз ўша пулни олганидан кейин орадан кўп ўтмай бозордан икки юзта қўзили қўй олган экан…
— Қўзили қўйларга Эшқобил ака айтаётган пулнинг ҳеч қандай дахли йўқ! — деди кескин овозда Нурмурод ака. — У қўйлар Тошкентда яшайдиган мана бу кенжа укамизнинг бир хонали уйининг пулига олинган!
— Унда мен Нурқувватга берган юз миллион қаерга кетган?! — деди Эшқобил ака ҳам жиддий оҳангда.
— Бировникига пул талаб қилиб келишдан аввал ҳамма ёқни ўйлаб, сўнг келиш керак. Қолаверса, Худодан қўрқиш керак! Сиз айтаётган юз миллион сўм ҳазилакам пул эмас! — деди Нурмурод ака жаҳл билан.
— Ака, сиз ҳам Худодан қўрқинг, мен бировникига бекордан-бекорга пул сўраб келганим йўқ. Биринчидан, ўз қўлим билан берган пулим, иккинчидан, мен берган пулга қўй олиб, «Тошкентдаги укамиз уйини сотганди, ўшанинг пулига олдик», дейишингиз ҳам мумкин-ку! — бўш келмади Эшқобил ака ҳам.
— Эшқобил ака, бунақа пасткашлик сизнинг қўлингиздан келса келар, лекин бизга ота-бобомиз «Ҳалолидан ризқ топинглар», деб ўргатишган. Бировнинг нарсаси бошқага буюрмайди, — деди Нурмурод ака.
— Оғзим бор деб ҳар нарсани гапираверма! — дағдағали овозда сўзлади Эшқобил ака. — Айтдим-ку, гувоҳим бор деб. Менинг гапимга ишонмасанглар, Ҳусниддиндан сўранглар, раҳматли Нурқувват билан роса қалин эди, жондай акахонининг кўзига чўп суқмас!
— Нурмуроджон, агар Эшқобилбойнинг чиндан гувоҳи бўлса, бу пулни беришларинг керак, — деди Убайдулла ҳожи ҳам гапга қўшилиб. — Шундай қилинмаса гўрда ётган майит азобланади.
— Лекин…
Нурмурод аканинг гапи чала қолди. Нурбек:
— Бўлди, эртага бозор ўша пулни биз қилиб берамиз! — деб юборди.
— Акаси, бунча пулни қаердан қилиб бераман! Уйдаги бор молимизни сотсак ҳам, юз миллионга бормайди-ку! — дея зорланди даҳлизда ҳамма гапга қулоқ солиб ўтирган бечора аёл.
— Янга, сиз сиқилманг, ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг чораси бор, бу ёғи биз эркакларнинг ташвиши! Чунки эрта бир кун одамлар «Фалончи пистончидан шунча пул олган экан. Энди уйдагилари «Бермаймиз!» деб тирриқлик қилишаётган экан», дейишса, бу гап-сўзларга қандай чидаймиз?! — деди юзи қизариб, миясига қон ура бошлаган Нурбек.
Аёл эса гўёки қайнисининг гапини эшитмагандек бор овозда айтиб-айтиб йиғлай бошлади:
— Эй, Худо, бизларга ҳали бу синовларинг ҳам бормиди?! Эримдан айрилганим камлик қилгандай, энди бор нарсамни ҳам сотиб бераманми?!
* * *
Нурбек сўзида турди. Янгасига беришни ният қилиб қўйган элликта қўйни-да қўшиб, бозорга олиб чиқди. Қўйлар тоғнинг яшил майсаларини еб, роса семирган эмасми, бозорда талаш бўлди. Нурбек акаси билан шу куннинг ўзидаёқ Эшқобил аканинг туман марказидаги уйига кириб юз миллион пулни бериб келишди.
— Негадир кейинги пайтларда Ҳусниддин мени кўрса қочадиган бўлиб қолди-да, — деди Нурмурод ака уйга қайтишаётганида. — Авваллари мени узоқдан кўрса, келиб қучоқ очиб кўришарди, ҳозир олдимдан чиқиб қолса, айланиб ўтиб кетадиган одат чиқарди.
— Билмасам, бир сабаби бордир-да, — деди акасининг бу гапига унчалик эътибор бермаган Нурбек. — Ўзи Ҳусниддин ҳозир нима иш қиляпти?
— Эшқобил аканинг қўлида ишлаяпти иш бошқарувчи бўлиб, — деди бирдан маъюс тортиб қолган Нурмурод ака.
— А-а, ўшанга сиздан уялиб юрган бўлмаса, — ўйланиб туриб гапирди Нурбек.
— Лекин мен шу иккови тил бириктириб, раҳматли Нурқувватга туҳмат қилдими, дейман-да, — дея анчадан бери хаёлида юрган гапни айтиб юборди Нурмурод ака.
— Йўғ-э, бир ташкилотда шунча йил ишлаб бунчалик пасткашликка боришмас! — деди Нурбекнинг ҳам кўнгли бузилиб.
— Билмадим, ука, билмадим… Лекин янганг аёллигига бориб, пул олиб келган бўлсаям, айтмаяптими, деган ўйда келиндан роса майдалаб сўраб кўрдим. «Укангиз уйга бунақа кўп пул олиб келгани йўқ, ёлғон гапираётган бўлсам, Худо урсин!» деди. Аввал ўзимнинг ҳам бироз шубҳам бор эди, аммо шундан сўнг келиннинг гапларига ишондим. Хуллас, бу ерда нимадир бор, — деди Нурмурод ака.
— Ҳаммасини вақт кўрсатади, ака, соғ-омон бўлсак, кўраверамиз, — деди Нурбек.
— Шундай-шундай…
* * *
Шу воқеалардан сўнг орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб Нурбек акаси Нурқувватнинг қирқига бориш учун таниши Юсуфнинг машинасида йўлга чиқди. Жиззах вилоятида кетиб боришаётганда «Мана бу номерсиз «Ласетти»даги одамни танидингизми? Боқилик Эшқобил ака-ку! Раҳматли Нурқувват ака билан бирга ишларди. Ёнида яна икки киши бор экан, лекин уларни танимадим. Ўзиям, «Ласетти»ни салондан олиб чиқишганга ўхшайди, ҳали целлофаниям олинмаган. Камида юз қирқда босиб кетишяпти. Бунақада янги машинанинг моторини қиздириб қўйишмасмикин», деб қолди машина ҳайдаб кетаётган Юсуф. Ўз хаёллари билан кетаётган Нурбек бу гапларга унчалик эътибор бермади. Орадан беш дақиқа ўтдими-ўтмадими, Юсуф машинасининг тезлигини пасайтириб, ҳалокат чироқларини ёқди-да, Нурбекка қараб: «Авария бўлганга ўхшайди, тўхтаймизми?» — деди. «Тўхтанг, албатта, тўхтанг, балки бирор ёрдам керакдир. Ҳеч бўлмаса сув-пув ичкизамиз», — деди Нурбек. Улар машинани ҳалокат содир бўлган жойнинг яқинроғида тўхтатиб, уловдан тушишди ва кўрган нарсаларидан қўрқиб кетишди. Катта тезликда бораётиб йўлдан чиқиб кетган «Ласетти» афтидан, бир неча марта ағдарилиб кетганга ўхшар, машинанинг соғ жойи қолмаганди.
— Бу «Ласетти»ни энди «одам» қилиб бўлмайди! — деди Юсуф машинага яқинлашаркан.
— Машинани қўявер, ишқилиб, ичидаги одамлари соғмикин?! — деди Нурбек кўнгли ёмонроқ нарсани сезгандек.
Иккиси не кўз билан кўрсаларки, бу Юсуф ҳалигина ортидан ҳавасланиб қолган машина бўлиб, автомобилнинг олди ўриндиғида ўтирган Эшқобил ака билан унинг эндигина йигирма тўртга кирган ўғли жон таслим қилиб бўлган, орқа ўриндиқдаги янги иш бошқарувчи — Ҳусниддин эса кимдандир кечирим сўрамоқчидек оғзини катта-катта очганча, ажал билан олишиб ётарди…
Хикоялар
Ҳикоя: 100 миллион сўмлик туҳмат