Ҳамид Олимжон (1909-1944)
Истеъдодли шоир, драматург, олим ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах шаҳрида дунёга келди. Наримонов номидаги бошланғич мактабни тугатгач, Самарқанд педагогика билим юртида (1923—1926), сўнг Педакадемияда (1926— 1931) ўқиди. Ҳамид Олимжон талабалик йилларидаёқ шеъриятга қизиқди. Унинг асарлари 1926 йилдан «Зарафшон» газетасида чиқа бошлади. 1927 йилда шоир мазкур рўзнома муҳарририятига ишга ўтди. Ҳамид Олимжоннинг «Кўклам» номли илк шеърий тўплами 1929 йилда босилиб чиқди. Шундан сўнг «Олов сочлар» (1931), «Ўлим ёвга» (1932), «Пойга» (1932) каби шеърий тўпламлари нашр этилди. Давр билан бирга одим ташлаган, ўз ижодида халқимизнинг меҳнат жабҳасидаги қаҳрамонлигини тасвирлаган шоир 30-йилларда қатор ажойиб лирик шеърлар билан бирга «Зайнаб ва Омон» достонини яратди. Ҳамид Олимжон шеъриятининг лирик қаҳрамони — замон билан баравар одим отувчи, ватанпарвар, шодлик ва бахт тароналарини куйловчи инсондир. Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (1943) Ҳамид Олимжон ўзбек адабиётининг долзарб масалалари бўйича қатор илмий-танқидий асарлар яратди. Ҳамид Олимжон А. С. Пушкин, Л. Н. Толстой, М. Горький, В. Маяковский, А. Серафимович, Т. Шевченко, М. Лермонтов, Н. Островский, А. Корнейчук асарларини таржима қилди. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг ажойиб дурдонаси «Алпомиш» достони биринчи марта Ҳамид Олимжон томонидан нашрга тайёрланиб (1938), чоп этилди. У Алишер Навоийнинг 500 йиллигини ўтказиш юбилей қўмитасининг аъзоси сифатида улуғ шоир ҳаёти ва ижоди юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Ҳамид Олимжон 1939 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди. Ҳамид Олимжон «Дарё кечаси» (1936), «Ўлка» (1939), «Бахт» (1940) тўпламлари, «Икки қизнинг ҳикояси» (1935—1937), «Ойгул ва Бахтиёр» (1937), «Семурғ» (1939) достонлари билан ўзбек шеъриятида романтик тасвир тамойилларининг қарор топишига катта ҳисса қўшди. Иккинчи жаҳон урушининг оловли йилларида унинг «Муқанна» номли шеърий драмаси яратилдики, у ҳанузгача драматургиямизнинг гўзал намуналаридан бири бўлиб келаётир. Унинг «Жиноят» драмаси замонавий мавзуда ёзилган. Бу даврда унинг бир неча шеърий тўпламлари билан бир қаторда «Жангчи Турсун», «Роксананинг кўз ёшлари» каби қатор балладалари ҳам яратилди. Истеъдодли шоир 1944 йил 3 июлда автомобил ҳалокатига учраб, вафот этган.Ҳамид Олимжон (1909-1944)
DO`STLARGA ULASHING:
Ҳамид Олимжон (1909-1944)