Қуръонда зикр этилган қалб турлари
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қалбнинг бир қанча турларини зикр этган. Жумладан:
1. Салим қалб – Аллоҳга ихлос қилувчи, куфрдан, ширкдан, нифоқдан, турли разолатлардан пок қалб (Шуаро сураси, 89-оят).
2. Муниб қалб – Аллоҳга қайтувчи, Унга тавба қилувчи, тоатига юзланувчи қалб (Қоф сураси, 33-оят).
3. Мухбит қалб – бўйсунувчи, таскин топувчи қалб (Ҳаж сураси, 54-оят).
4. Важил қалб – солиҳ амалларини Аллоҳ қабул қилмай қолишидан қўрқувчи қалб (Мўминун сураси, 60-оят).5. Тақий қалб – Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилувчи тақволи қалб (Ҳаж сураси, 32-оят).
6. Маҳдий (ҳидоят қилинган) қалб – Аллоҳнинг тақдирига рози бўлувчи, Унинг амрига итоат этувчи қалб (Тағобун сураси, 11-оят).
7. Мутмаин қалб – Аллоҳнинг тавҳиди, зикри билан хотиржам бўлувчи қалб (Раъд сураси, 28- оят).
8. Ҳай (тирик) қалб – эшитган гапларини тушунувчи, Аллоҳ келтирган мисоллардан ибрат олувчи қалб (Қоф сураси, 37-оят).
9. Мариз қалб – шак-шубҳага, нифоққа, ман этилган шаҳватларга гирифтор бўлган касал қалб (Аҳзоб сураси, 32-оят).
10. Аъмо қалб – тўғри йўлни кўрмайдиган, ҳақиқатни идрок этмайдиган сўқир қалб (Ҳаж сураси, 46-оят).
11. Лоҳий қалб – Қуръони каримдан ғофил, дунё шаҳватлари билан овора, ақл юритишдан маҳрум қалб (Анбиё сураси, 3-оят).
12. Осим (гуноҳкор) қалб – ҳақ гувоҳликни беркитадиган қалб (Бақара сураси, 283-оят).
13. Мутакаббир қалб – Аллоҳнинг тавҳидидан, У Зотга итоат этишдан кибр қилувчи, кўп зулм қилувчи қалб (Ғофир сураси, 35-оят).
14. Ғализ (қўпол) қалб – меҳр-шафқатдан, мурувватдан мосуво қалб (Оли Имрон сураси, 159- оят).
15. Махтум (муҳрланган) қалб – ҳидоятдан тўсилган, ақл юритмайдиган қалб (Жосия сураси, 23-оят).
16. Қосий (қаттиқ) қалб – имонга юмшамайдиган, танбеҳ, огоҳлантириш таъсир этмайдиган, Аллоҳнинг зикридан юз ўгирувчи қалб (Моида сураси, 13-оят).
17. Ғофил қалб – Аллоҳнинг зикридан ғофил, нафсига бўйсунувчи қалб (Каҳф сураси, 28-оят).
18. Ағлаф (беркитилган) қалб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари етиб бормайдиган қалб (Бақара сураси, 88-оят).
19. Зоиғ қалб – ҳақдан тойилувчи қалб (Оли Имрон сураси, 7-оят).
20. Муриб қалб – шубҳаланувчи қалб (Тавба сураси, 45-оят).
(“Қуръон қалблар шифоси” китобидан)
Ислом
Қуръонда зикр этилган қалб турлари