ҚОРА КЎЗЛИ БОЛАЛАР… (ёхуд ёвузлик элчилари) (Кўнгли бўшлар ўқимасин)
Фанда қора кўзли болалар ҳақида алоҳида бир бўлим мавжуд. Улар аслида сиз-у биз каби одамлар эмас. Чунки уларнинг кўзлари қорадан-қора, аммо кўз қорачиғи, киприклар йўқ. Қора кўзли болаларнинг бадани худди мурданики каби оқ. Унга тик боққан одам ўзини ёмон ҳис эта бошлайди. Агар вақтида қочиб қолмаса, худо кўрсатмасин, бирор балога йўлиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Фақат бундайлар ҳар кимнинг ҳам кўзига кўринавермайди. Улар гўёки одам танлайди.
Қора кўзли болалар ўтган асрнинг 80-90- йилларида ҳам кўриниш берган. Шундай учрашувларнинг бири 1982 йили Европа мамлакатларидан бирида содир бўлган. Исми-шарифи сир тутилган 12-13 ёш атрофидаги қизалоқ ўрмон четида ўртоқлари билан ўйнаб уйга қайтаётганда, йўл томондан гўдакларнинг ҳайқириғини эшитган ва беихтиёр ўша томонга чопа кетган. Йўл ўртасида олти ёш оралиғидаги қизалоқ унга терс ўгирилган ҳолда турарди. Қизалоқ у томонга бурилган заҳоти қаҳрамонимиз даҳшатдан қотиб қолган. Негаки, қаршисидаги қизнинг ранги худди мурданики каби оқ, кўзлари қора, бироқ жуда қўрқинчли тусда эди. Қаҳрамонимиз жонҳолатда ўрмон ичкарисига қараб қочган. Кейинчалик полициячилар шу иш билан шуғулланиб кўришган. Бахтга қарши қора кўзли жажжи қизалоқни топа олишмаган.
1998 йили Американинг Техас штатида ҳам шундай воқеа содир бўлган. «Abilene Reporter News» газетаси мухбири Брайан Бетела исмли эркак кечқурун машинасини кинотеатр қаршисида тўхтатди ва негадир бирпаслик ўйга берилди. Шу пайт машина ойнасини кимдир тақиллатгандек туюлиб илкис бошини кўтарди. Ташқарида ёши тахминан 12-13 атрофидаги бир нечта болалар турарди. Уларнинг фақат биттаси сўз қотди.
— Биз кинога тушмоқчийдик, — деди болакай. — Лекин чиптамиз уйда қолиб кетибди. Кино ҳализамон бошланиб қолади. Илтимос, бизни уйимизга обориб келинг, ҳақини тўлаймиз!..
Брайан ўзи сезмаган ҳолдами болаларнинг кўзларига тик боқди. Ана шунда даҳшатдан сал бўлмаса юраги ёрилаёзди. Болаларнинг кўзлари қоп-қора, ичга ботган, на киприк, на қовоқлари бор. Бунинг устига бадани мурданики каби оппоқ эди…
Брайан қандай моторни ўт олдиргани-ю, газга оёқ босганини билмай қолди. Анча жойгача юриб боргач, машинани тўхтатиб орқасига ўгирилди. Кинотеатр ёнида зоғ учмасди. Қора кўзли болалар аллақачон ғойиб бўлганди.
Яқин-яқинларда паранормал ҳодисалар билан шуғулланувчи олимлардан бири айни ўша болалар хусусида изланишлар олиб борди. Изланишлар давомида шу нарса малум бўлдики, бу бола қиёфасидаги қора кўзлар аслида параллел дунё вакиллари экан. Улар ҳеч қачон одамзодга яхшилик келтирмаскан. Олим башарти шундай қора кўзли болага дуч келсак, сира ўйлаб ўтирмасдан қочишни маслаҳат берди. Сабаби, қочиб қолишдан бўлак йўл йўқ. Агар улар билан узоқроқ вақт мулоқотга киришсак, ё ақлдан оздираркан, ё худо кўрсатмасин, одам ўлим топаркан.
Астағфирилло!!!
Хикоялар
ҚОРА КЎЗЛИ БОЛАЛАР… (ёхуд ёвузлик элчилари) (Кўнгли бўшлар ўқимасин)