ҚАРЗ УЧУН БЕРИЛГАН ҚУРБОН

ҚАРЗ УЧУН БЕРИЛГАН ҚУРБОН

ҚАРЗ УЧУН БЕРИЛГАН ҚУРБОН
ҚАРЗ УЧУН БЕРИЛГАН ҚУРБОН

—Энди, синглим… Сиз аҳволимизни билмайсиз. Сурхоновлар билан қуда бўлиш дегани бизнинг мушкулимизни осон бўлиши дегани-да. Бунинг устига  нон синдирилган, фотиҳа тўйи ўтган, олганимизни олиб бўлганмиз, яна қарз… Гуласалдан ташқари еттитаси ейман-ичаман деб турибди…

—Ҳой, барака топкур, ахир инсон ҳаётидан бошқа дунёда азиз нарса борми? Латта-путта бариси топилади, қарзингиз ҳам узилар. Қизингизнинг келажаги, бўлажак неварангизнинг ҳаёти ҳақида ўйласангиз-чи! Бўлажак неварангиз ҳам ОИТС билан туғилади. У ҳам узоқ яшамайди. Яни қизингизни эрга бериб, у томондан давом этиши керак бўлган бўлғуси авлоднинг ҳаётига ўз қўлингиз билан нуқта қўясиз. Нега қизингизни бошқа одам билан бахтли бўлишини хоҳламайсиз ё….  узатаётган қизингиз, сизга ўгай эмасми?

—  Йўғ-ей, бу нима деганингиз…

—Унда билмадим, мен ўз бурчимни бажардим. Сизни огоҳлантирдим.

Хуршида гап тамом дегандек, столида бетартиб сочилиб ётган қоғозларни тахлашга киришди.

Жўрақул ака сезилар-сезилмас қалтираётган қўлларини тиззасига бир оз босиб турди-да, Хуршидадан бошқа садо чиқмагач, секин ўрнидан турди.

—Майли,  мен кетдим бўлмаса. Хайр.

Хуршида индамади. Фақат хонасининг эшиги ёпилгач, чуқур хўрсиниб, юмшоқ курсининг суянчиғига бошини қўйди.

*                         *                           *

Сурхонов Алишер анчадан буён  тумандаги ВИЧ инфекция ва ОИТСга қарши кураш марказида рўйхатда турарди.Унинг бу даҳшатли касаллик билан касалланганлиги ҳақида малумот икки йил бурун, у бир ойлик сафарбарлик чақирув  заҳирасига бориш учун ҳужжат топшириб, тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида аниқланган ва марказга хабар берилган эди. Марказ раҳбари Хуршида Дўстметова бу йигитни яхши танирди. Анонимлик сақланиши ҳақида айтиб, у билан бир неча бор суҳбатлашса ҳам, Алишернинг қачон ва қай тарзда зарарланганлиги ҳақида аниқ малумотга эга бўла олмади. Буни Алишернинг ўзи ҳам билмасди. Отасининг яккаю-ягона эрка ўғли, кўп вақтини кайфу-сафо билан ўтказар, 24 ёшга тўлганлигига қарамай ҳануз бир ишнинг бошини тутмаган эди. Отасининг пулига олий ўқув юртини битирди. Кечаси билан қаерлардадир санғиб юрадиган ўғлини одам қилиш учун, ота ўйлай-ўйлай йўлини топди. Уни армияга жўнатишга қарор қилди. Бир ой бўлса-да ўзини эркакдек ҳис қилиб, сал ҳаётига нисбатан масулиятни сезар, деб ўйлаганди. Аммо унинг бу орзуси амалга ошмади. Ўғлининг ОИТС билан касал эканлигини эшитиб бир кунда қадди букилди, доимо орқага тараб юрадиган, фақатгина бир-иккита толаси демаганда қоп-қора сочлари батамом оқарди. Бу хабар каламушдек қалбини кемирса-да, хотинига сир-бой бермади. Энди шунча мол-давлат кимга қолади? Нахотки, ҳатто невара ҳам кўра олмаса? Унда яшашдан мано нима? Асқар акани қийнаётган битмас-туганмас саволлар гирдоби ҳаётига оғу соларди.

Хотини билан  неча йил деганда тилаб олган ёлғиз фарзандини Аллоҳ кўп кўрган бўлса. Қайси гуноҳлари учун…  Раҳматли отаси диний, дунёвий илмдан бохабар, хушфел, жуда меҳрибон инсон эди. Ўғлининг фоизга пул бераётганлигини эшитган куни тоби қочган, аммо унинг панду-насиҳатлари, судхўрлик дунёдаги энг разил иш эканлигини тушунтиришга ҳарчанд уринмасин, бу йўлдан қайтмаган эди. Ҳозир унинг ҳамма нарсаси бор, фақат… Бир кам дунё, деганлари шу бўлса керак. Ўғли ҳам йигирма тўртни  уриб қўйди. Уйлантирмаса, ёру-биродарларининг ҳазил тариқасида айтган гаплари-ю, қочириқ, пичинглари жонга тегди. Шаҳардаги энг йирик тижоратчилардан бири бўлган Суюн билан қуда бўлмоқчи эди. Агар у Алишернинг СПИД бўлганлигини эшитса, ўлса ҳам қизини бермайди. Аҳмоқ бола, барча режаларини чиппакка чиқарди. Суюн билан биргаликда анча иш қилишни режалаштирган эди.

Асқар акани қийнаётган муаммонинг ечими  эртасигаёқ топилди. Ундан икки йил олдин икки минг доллар қарз олиб, ҳозир қарзи фоиз билан тўрт ярим мингдан ошган қўшниси Жўрақул ака ўз оёғи билан келиб қолди. Қарзни қайтаришнинг охирги муддати ҳам тугаган, аммо катта оилани аранг тебратаётган Жўрақул қарзни қайтарай демасди. Бунинг устига саккизта фарзандининг еттитаси қиз.Ўғли ҳали ёш.Муҳтожликдан қутилиш, қизларига оз бўлса-да сеп йиғиш учун Жўрақул ака ўйлай-ўйлай ниҳоят қўшниси Асқардан қарз олишга қарор қилди. Дўсти Ойбек билан Хитойнинг Урумчи шаҳридан нарса олиб келиб, сотадиган бўлишди. Сувга тушса қуруқ чиқадиган Ойбек олдиндан молни улгуржи топшириш учун «Отчопар» бозорида савдо қиладиган биттаси билан ҳам келишиб қўйди. Аммо «камбағални туянинг устида ҳам ит қопади», дегани рост экан. Божхонада молни ноқонуний равишда олиб ўтишаётганларида қўлга тушишди. Қолган -қутган пулларини бериб, аранг қамоқдан қутилишди. Хотини буни эшитиб ётиб қолди. Мана энди нима қилишга ҳам ҳайрон. Давлат ишидан ташқари, бозор кунлари мардикорчилик қилади. Аммо топган пули аранг рўзғор тебратиш-у, касал хотинининг дори-дармонига етаяпти. Янаям Асқар инсоф қилиб, икки маротаба  тўлов муддатини орқага сурди. Балки бу сафар раҳми келар…

Эшиги олдида турган Журақул акани кўриб Асқарнинг юзи буришди. Унинг ночор ҳолати, билинар-билинмас титраётган ияги жаҳлини чиқарди. Жўрақул ака ўзидан анча катта бўлганлигига қарамай, Асқарни ака деб чақирар, унинг доимо кўксида турган қўли-ю, хиёл эгик гавдасининг ўзи ҳар қандай гап-сўзсиз «Мана мен, пулни қайтаришга иложим йўқ, нима қилсанг ҳам қилавер»,  деб турарди.

—Ассалому –алайкум, Асқар ака, биламан жаҳлингиз чиқади, аммо…

—Менга қаранг, Жўрақул ака, сизда инсоф борми ўзи? Қарз олганингизга икки йил бўлди. Бу вақт ичида 2 минг долларни ман  йигирма минг қилган бўлардим. Ҳалиям ён қўшничилик ҳурматингиз бор. Фарзандларингизга раҳмим келувди. Энди сиз ҳам мани тўғри тушунинг, яна 10 кун сизга муҳлат. Пулни олиб келмасангиз, ҳовлини бўшатишингизга тўғри келади. Уйингизнинг ҳужжатлари манда, ўз қўлингиз билан ёзиб бергансиз, нотариус тасдиқлаган тилхатингиз ҳам қўлимда. Ҳозир ҳаммага ҳам қийин. Мангаям пул керак. Ҳаммага раҳм қилаверсам, ўзим нимага яшайман.

Жўрақул ака индамай бошини хам қилди. Кўзига келган ёшни яшириш учун, чўнтагидан ранги ўчиб кетган дастрўмолчани олиб бурнини, кўзларини артди.

— Асқар ака, биламан, сиз бағрикенг одамсиз. Аммо биласиз, Гуласални ҳам бўйи етиб қолди. Уни узатишим керак. Ҳар  куни совчи келади. Қиз болани вақтида бермасанг… Орқада сингилларининг ҳам бўйи етиб қолган. Яна бир –икки ой муҳлат берсангиз. Чин эркак сўзим, бу сафар албатта қайтараман.

Асқарнинг бирдан кўз олдига Гуласал келди. Жўрақул аканинг тўнғич қизининг исми жисмига монанд эди. Ўн саккизга тўлган бу қиз жуда ҳам уятчан ва ниҳоятда гўзал эди. Камбағаллиги-ю, доимо устидаги одми кўйлагини айтмаса ҳар қандай хонадонинг гулига айланиши мумкин. Бунинг устига Гуласалнинг уста чеварлигини хотини бир неча бор айтувди.

— Гуласални унаштирдингизми?

—А..  э, йўқ. Аммо қўшни маҳалладаги Салим қассобнинг ўғлидан  бир неча маротаба совчи келди. Қизимни унаштирсак, қудамдан қарз кўтариб, албатта пулингизни бераман.

—Қизингизни ўзим келин қилсам нима дейсиз? Ойдай қиз бўлса, Алишержонга жуда ҳам мос.

—Нима? Гуласал Алишержонга?!

—Ўзи нимага  дарвозада турибмиз, қани уйга кирайлик. Бир йўла қарз масаласини ҳам гаплашиб оламиз. Ўғлимнинг бахти учун қарздан ҳам кечсак кечаверамиз.

Жўрақул ака Асқарнинг бирдан нега ўзгарганлигини тушунмай ҳайрон эди. Наҳотки худонинг унга раҳми келган бўлса. Қизи шундай хонадонга келин бўлса… Буни ҳатто орзу ҳам қилмаган эди.

*                       *                       *

Тўй жуда ҳам дабдабали ўтди. Карнай-сурнай садоларининг акси узоқ вақт тун ўз бағрига олган кўчаларда акс садо бериб турди. Оппоқ келин либосидаги Гуласал кўркам ёрига, шу куни барча касалликларини унутиб елиб-югуриб юрган онасига, юзларида шодлик акс этиб турган сингилларини кўриб ич-ичидан қувонса-да, унга қараши билан қизидан нигоҳини олиб қочиб, вақти-вақти билан кўз ёшларини енги билан артаётган отасининг нега бунчалик хомушлигини тушунолмай ҳайрон эди…

Хикоялар
ҚАРЗ УЧУН БЕРИЛГАН ҚУРБОН