Қаерда хато қилдим?

Қаерда хато қилдим?

Қаерда хато қилдим?
Қаерда хато қилдим?

Икки фарзандимни ҳали мактабга чиқмасидан онамга ташлаб, хорижга ишлаш учун кетдим. Мусофир юртда иш топгунимча, жойлашгунимча не-не кунларни бошимдан ўтказмадим. Ахийри, икки боласи бор аёлнинг уйида ишлай бошладим. Ўзимнинг фарзандларимга беришим керак бўлган меҳримни ўзгалар фарзандига бердим. Уларнинг кирини ювдим, овқатини пиширдим, китоблар ўқиб бердим, кечалари эртак айтиб ухлатдим. Ва ишлаб топган пулимни онам билан қолган фарзандларим қийналмаслиги учун уйга жўнатиб турдим. Орадан ўн йил ўтди. Ўғлим ўн олтига, қизим ўн тўртга кирганда хориждан батамом қайтиб келдим.

Онам анча қариб қолибди. Аммо… ўғлимнинг коллежига, қизимнинг мактабига бориб, жуда кўп нарсаларни бой берганимни англадим. Ҳар иккаласининг ҳам ўзлаштириши жуда паст, ўқитувчиларининг айтишича, улар аламзада ва такаббур эмиш. Ўғлим бир неча марта ўртоқлари билан муштлашибди, қизим эса қўлидан телефонни қўймас, ўқишга хоҳлаганда бориб, хоҳламаганда бормасмиш…

Очиғи, фарзандларимни танимай қолдим. Қаёқдан ҳам таний, ахир улар билан ўн йил айро яшаган бўлсам… Мен хизмат қилган оиланинг фарзандлари барча ҳавас қиладиган болалар бўлиб вояга етди. Албатта, бунда фақат менинг эмас, кечаю кундуз улар билан бирга бўлган онасининг ҳам хизмати катта. Уларни онаси бир дақиқа ҳам ёлғиз қўймасди. Мен-чи, мен пул топаман деб, онамнинг сочларидаги оқни кўпайтирдим. «Шу ерда ҳам яхши яшасак бўлади”, дея худонинг зорини қилган эримнинг айтганини қилмадим. Оқибатда турмуш ўртоғим мен келгунча бошқа оила қурди.

Ўйлаб кўрсам, яхши яшаш учун пул топаман деб, кўп нарсаларни бой бердим. Аввало, ёлғиз онага айландим. Фарзандларимнинг тарбиясига этибор беролмадим. Уларнинг илк мактабга чиққанини, ёзиш ва ўқишни ўрганганини кўролмадим. Беғубор болалигини соғинч ва ўкинчга қориштирдим. Онамнинг ўзи учун яшаши керак бўлган умрини ташвишларим билан алмаштирдим…

Ҳозир юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланяпман. Даромадим яхши. Базида чет элга ишлагунча куч-ғайратимни шу ерга сарфласам, ҳаммаси бошқача бўлармиди, деб ўйлайман. Фарзандларим билан тил топиша олмай қолган пайтларим ўзгалар фарзандига берган меҳримни, улар учун қилган хизматимни ўғил-қизим учун қилганимда, турмуш ўртоғимга суянч бўлганимда, ҳозир менга ўзгалар ҳавас қилмаётган бўлмасмиди?.. Энди кеч, жуда кеч. Хорижга отланаётган ҳамюртларимга кучингизни, меҳнатингизни, меҳрингизни фақат ва фақат яқинларингизга, оилангизга, Ватанингизга беринг, дегим келади…

Хикоялар
Қаерда хато қилдим?