Ғафур Ғулом (1903-1966)

Ғафур Ғулом (1903-1966)

Ғафур Ғулом (1903-1966)

DO`STLARGA ULASHING:

gafur gulomЎзбек адабиётининг машҳур намояндаларидан бири Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида таваллуд топди. Тўққиз ёшида отасидан, ўн беш ёшида онасидан етим қолган Ғафур аввал эски мактабда, сўнгра рус-тузем мактабида таълим олди. У Октябрь тўнтаришидан кейинги йилларда муаллимлар тайёрлов курсини битириб, янги усулдаги мактабларда ўқитувчилик қилди. 1923 йилдан болалар уйида мудир ва тарбиячи, сўнг «Камбағал деҳқон», «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ ҳақиқати» газеталари муҳарририятларида ишлади.  Газета унинг учун дорилфунун ролини ўтади, халқ ҳаётини ўрганиш, унга фаол аралашиш йўлида муҳим восита бўлди.

Унинг мамлакатни ҳимоя қилиш ҳақидаги тантанавор шеърлари, ўтмиш сарқитларини қораловчи ҳажвиялари ва халқнинг кундалик ижодий меҳнатини олқишловчи асарларидан жамланган «Динамо» ва «Тирик қўшиқлар» номли дастлабки шеърий тўпламлари 1931—1932 йилларда чоп этилди.

Шоир 1930—1935 йилларда «Кўкан» достонини, «Тўй», «Икки васиқа» балладаларини яратди. Бироқ, шоирнинг бир қатор шеърлари, хусусан, биз кўп йиллар жамоалаштириш мавзуидаги йирик асар деб мақтаб келган «Кўкан» достони ҳозирги давр талаблари даражасида эмаслиги сезилиб қолди. Жумладан, унда бошдан-оёқ мақталган жамоалаштириш сиёсати маълум ижобий натижалари қаторида чексиз зулм-фожеаларга ҳам сабаб бўлганлиги бор бўйича реалистик ифодаланмаган. Унинг партия, Ватан, Ленин, Октябрь ҳақидаги шеърларида ҳам замонасозлик майллари сезилиб туради. Шу туфайли шоир ижоди бугунги кунда танқидий ёндошишни тақозо этади.

Тўғри, адиб барҳаёт давридаёқ шахсга сиғиниш таъсирида яратилган айрим асарларини қайта кўриб чиққан. Айрим мисраларни янгидан ёзиб, шеърга табиийлик ва ҳаётийлик бағишлаган. Худди шу ҳол унинг «Кузатиш», «Сен етим эмассан» шеърларига ҳам хос бўлиб, улар ҳам адиб томонидан қайта ишланган.

30-йилларда Ғафур Ғулом ҳикоя, очерк, фельетонлар қатори «Нетай», «Ёдгор», «Тирилган мурда» каби қиссаларини ҳам яратди.

Уруш йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа қаратди, унинг муқаррар ғалабасига ишонч руҳи билан суғорилган шеърлар яратди. У «Сен етим эмассан», «Кузатиш», «Вақт», «Соғиниш» каби шеърлар, публицистик очерк ва мақолалар ёзиб, халқни жанг ва меҳнат ғалабасига отлантирди.

Ғафур Ғулом урушдан кейинги йилларда ҳам адабиёт жанрларининг кўпгина турларида самарали қалам тебратиб, юксак бадиий асарлар яратди, публицистика ва адабиётшуносликка оид қатор ажойиб мақолаларини эълон қилди. Унинг ижоди халқ ҳаётининг шу даврдаги ўзига хос йилномаси ўлароқ намоён бўлди. Агар Ғафур Ғулом бу даврда шеърий асарлари билан файласуф шоир даражасига кўтарилган бўлса, «Шум бола» қиссаси, «Менинг ўғригина болам» сингари ҳикоялари билан халқ турмуши ва руҳини яхши билувчи моҳир носир эканлигини намойиш этди.

Ғафур Ғулом ўзбек таржима мактабининг майдонга келишига ҳам улкан ҳисса қўшган. У «Отелло», «Қирол Лир» сингари жаҳон ва рус адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига катта маҳорат билан ўгирган.

Ғафур Ғулом Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (1943) эди. Унга 60 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони берилган (1963).

Шоирнинг кўпгина асарлари Осиё ва Европа халқлари тилларига таржима қилинган.

Ўзбек шеъриятининг оташин жарчиси, улкан сўз санъаткори Ғафур Ғулом 1966 йил 10 июлда Тошкентда вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).

Ғафур Ғулом (1903-1966)