Ўғлингизга ҳаридор бўлиб келдик

Ўғлингизга ҳаридор бўлиб келдик

Ўғлингизга ҳаридор бўлиб келдик

Ўғлингизга ҳаридор бўлиб келдик

Улар тўртинчи қаватдан жой сотиб олиб, илк бора айвонга чиқиб нонушта қилишарди. Йигитнинг кўзи рўпарадаги худди шундай айвонда кир ёяётган қизга тушиб қолди. У илгари ҳовлида яшаганигами, бундай ҳолни кўрмагани учунми, ғалати бўлиб кетди.

Дарровда орқа ўгириб, нонуштани қилаверди. Ота-онаси эътибор қилмади ҳам. Йигитнинг юраги бир турланди-ю кўнглидан бир нималар ўтди. Шу бир нималар уни ишга отланган жойидан орқага қайтарди. Истиҳолага бориб, сустлик қилишни хоҳламади. Бояги хонадонга чиқиб борди. Эшикни онаси тенги бир аёл очди. Салом берди, ўзини танитди. Ҳозиргина кўрганларини ва айвонга парда тутсалар яхши бўлишини қийналиб бўлса ҳам айтди. Ўғли тенги боланинг ақл ўргатиши аёлга ёқмади. Хойнаҳой ота-онасининг гапи билан чиққанов, деган хаёлга борди.

– Айвон биззики, мабода кўзийларга тўғаноқ бўлаётган бўлсак, ўзийлар парда тутволақолийлар, айланай, – деди
– Биз-ку парда тутволамиз-а, бошқалар-чи, бошқалар томоша қил-е-б ўтираверишса, қизингизми, келинингизми – уларнинг шаънига яхшимас-да, опоқи.

Бу гапдан кейин аёл жимиб қолди. Йигит кўзига анча баъмани мулоҳазали кўринди. Йигит кечки пайт ишдан келиб, айвонга чиқиб, рўпарага кўзи тушди-ю хурсанд бўлиб кетди. Ҳайрият, гаплари осмонга учмапти. Гапни тушунадиган одамлар экан. Аммо иш бу билан тугамади. Кечқурун эрта билан кўрган аёли, эри билан уларникига кириб келди. Уй муборак, деб танишган бўлишди. Шу пайт меҳмон эркак чапанироқ эканми, йигитнинг отасини сўроққа тутиб қолди:
– Ўғлингиз уйланганми?
– Йўқ.
– Унаштирганмисиз?
– Йўқ.
– Унда биз ўғлингизга харидор…
– Харидор?
– Мени бир мастура қизим бор, бозори қизиб, совчи устига совчи келиб ётибди, хаёлимда униси ўпоқ, буниси сўпоқ. Менга худди сизнинг ўғлингизга ўхшагани танишми-нотанишми ишқилиб, аёлларнинг шаънини ўйлайдиган, ҳимоя қиладиган куёвтўра керак, хўп десангиз қуда бўлсак… Камига аёл йигитнинг эрталабки гапларини айтиб берди. Шундан кейингина йигитнинг ота-онаси нима гаплигини тушуниб етдилар.
Хуллас, тўй бўлди. Тўйнинг таърифи оғиздан-оғизга ўтиб, мана сизларга ҳам етиб келди…

Хикоялар
Ўғлингизга ҳаридор бўлиб келдик