Ўз ихтиёрим билан топшираман” ёки бўлиши мумкин бўлган ёлғон ҳақида
Ярим кечаси денг, телефонимнинг телеграми ишлаб кетди. Бир пасда ўнлаб SMSлар келиб тушди. Тағин ҳаммаси «Давлат раҳбаридан, халқимдан кечирим сўрайман…”, деб бошланган. Айримларини ўқийману ёқамни ушлайман. Ҳарфлар ҳатто кўзойнаксиз ҳам катта-катта кўринади.
«Ўн йил вилоят ташкилотини бошқардим, қариндош-уруғларни атрофимга йиғдим. Дала ҳовли қилдим, шаҳардан уй қурдим, қишлоқдан жиянлар номига дўкон очдим. Бу ҳам етмагандек ишхонамга тегишли битта бинони бир амаллаб хусусийлаштириб олдим. Ўйлаб кўрсам, давлатга бирор фойдам тегмабди. Жамиятдаги ўзгаришлар кўзимни очди. Бугун ҳокимиятга келиб, барча мулкимни давлатга топшириш ҳақида ариза бердим. Қариганда шаҳардаги уйда яшайман”.
«Мен прокуратурада ишлайман. Кейинги ўн йилда шерикчиликда ёқилғи қуйиш шохобчаси очдим. Деярли текинга тушди. Лекин энди ишхона ва маҳалладагиларнинг қарашидан сезяпман: мени коррупционер деб аташяпти. Шу сабабли заправкамнинг ўзимга тегишли улушини давлатга топшираман”.
«Мен туманнинг 10 гектарлик токзори шаҳарга қўшилишини билиб, шайтоннинг сўзига кириб, ҳокимни бир амаллаб кўндириб, 10 кишига 6 сотихдан ерни пулладим. Кадастр идорасида ишлашимдан фойдаланиб, шаҳардаги қулай ердан ҳовли қуриб олдим. Виждоним уйғонди. Ҳовлимни давлатга топшираман. Чет элга, ўғлимнинг олдига кетаман”.
«Мен ғурбатлардан чарчаб, бир пайтлар укам, синглим, қайним номига олган иссиқхоналаримни давлатга топшираман. Пул дегани оғайнини ҳам танимас экан. Илгари погонимдан қўрққанлар энди мен билан мулк талашяпти. Бошқаларга ҳам маслаҳатим шу: бировнинг номида яшашга ўрганманглар”.
Эҳ-ҳе, ҳамма касбдан вакил бор. Очиғи, бечораларга раҳмим келиб кетди. Бир томондан қувондим. Чунки бу маънавий инқилоб-ку! Виждоннинг уйғонганига шукур…
Сўнг… ҳаммасига «Раҳмат сизга азиз юртдошим, барака топинг”, деб SMS ёздим ва бутун кучим билан жўнатиш тугмасини босдим.
— Ҳой, дадаси сизга нима бўлди?
— …
— Ҳой дадаси, туринг!…
Кўзимни очсам, ёнимда хотиним юзини қўли билан силаб турибди.
— Телеграм кетдими?
— Қанақа телеграм. Ярим кечаси юзимга бармоғингизни 38 марта теккизиб олдингиз. Мен ҳазиллашяпсизми, деб ўйласам, кейин бармоғингизни кўзимга босиб олдингиз, қаранг, қизариб кетди….
Албатта, хотиннинг олдида озроқ мулзам бўлдим. Лекин шу тушим ўнгидан келишини Худодан сўраб ўрнимдан турдим…
Хикоялар
Ўз ихтиёрим билан топшираман” ёки бўлиши мумкин бўлган ёлғон ҳақида