Шокир Сулаймон (1900-1942)

Шокир Сулаймон (1900-1942)

Шокир Сулаймон (1900-1942)

DO`STLARGA ULASHING:

shokir sulaymonXX аср ўзбек миллий-ижтимоий, адабий ва маданий ҳаракатида фаол қатнашган сиймолардан бири Шокир Сулаймондир. У ҳам шеърият ёки наср билан шуғулланмасин, ҳам публицист ёки адабий мунаққид сифатида қалам тебратмасин ҳамиша маърифатпарварлик ғояларининг толмас тарғиботчиси сифатида фаолият кўрсатган. Шокир Сулаймон 1900 йилда наврўзи олам арафасида Қўқонда таваллуд топти.

XIX асрнинг биринчи ва иккинчи яримларида қатор машҳур шоирларни етказиб берган Қўқон адабий муҳити ўзининг адабий-маънавий нуфузини XX аср бошларида ҳам йўқотмаган эди. Бу ҳол Шокир Сулаймоннинг адабий ва ижтимоий фаолиятининг шаклланишига таъсир ўтказмай қолмади. У шу ерда 1916 йилгача янги усулдаги мактабда таълим олди. Сўнгра Оренбургга бориб, машҳур Мадрасаи Ҳусайнияда ўқишни давом эттирди. Бу унинг араб, форс, турк, татар, рус тилларини ўрганишигагина эмас, балки шу тилларда чоп этилган газета ва журналларни ўқишига ҳам имкон берди. Шокир Сулаймон Октябрь тўнтаришидан сўнг Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллий матбуот саҳифаларида маърифатпарварлик ғояларини тарғиб этиш йўлидан борди. 1922—1926 йилларда эса аввал Москвадаги ишчилар факультетида, сўнг Крупская номидаги педагогика академиясида ўқиди.

Шундай қилиб, Шокир Сулаймон 20-йилларнинг ўрталаридаёқ публицист, ҳикоянавис, шоир ва таржимон, адабиётшунос ва мунаққид, шунингдек, дарслик ва қўлёзмалар муаллифи сифатида майдонга чиқа бошлади. Агар у ўнлаб мақола ва очерклар яратиб, уларда ўз халқини маърифатга ва маданиятга чорлаган бўлса, «Қотил», «Ҳукм», «Фармоза отаси», «Лолазордаги шумғия», «Паразитлар», «Ямо билан Хамо» каби бир қатор ҳикояларида янгилик билан эскилик ўртасидаги аёвсиз курашни кўрсатишга ҳаракат қилди.

Шокир Сулаймон шоир сифатида ўз даврида анчагина шуҳрат топган эди. Унинг «Эрк куйлари» (1926), «Ғалаба марши» (1928), «Давр ҳайқириғи» (1932) каби шеърий тўпламлари ва достонларида «янги ҳаёт» қувончи ва ташвишлари баралла куйланди. Шокир Сулаймоннинг шоир сифатидаги фаолиятида унинг чет эл Шарқи мавзуидаги асарлари диққатга сазовордир. У жумладан, «Куллари кўкларга!» шеърида ҳинд халқининг мустамлакачилик сиёсатига қарши олиб борган курашини акс эттиради.

Шокир Сулаймоннинг ҳаётида унинг педагогик фаолияти ҳам муҳим ўрин тутади. У ўрта ва олий ўқув юртлари учун бир қатор дарслик ва қўлланмалар яратиб, уларда хусусан, Сўфизода, Ҳамза, Мирмуҳсин, Фитрат, Чўлпон ижодига оид қимматли маълумотларни берди. Унинг А. Саъдий, О. Иброҳимов, Ходи Тоқтош, Ҳасан Тўфон, С. Айний, А. Лоҳутий каби қардош халқлар адабиёти ва илмий намояндалари ҳақида чиқишлари қонқардошликни мустаҳкамлаш ва адабий-маданий алоқаларни чуқурлаштириш ишига хизмат этди.

Ижодий ва ижтимоий-маърифий фаолияти қизғин тус олган уруш йилларида қатағонлик нафаси Шокир Сулаймонга ҳам етиб келди. У 1941 йилнинг 25 августида қамоққа олиниб, 1942 йилнинг 8 августида, бор-йўғи 42 ёшида жўвонмарг этилади. 60-йилларга келиб оқланади ва 1964 йилда унинг «Ўч» номли ҳикоялар тўплами нашр этилади.

Шокир Сулаймон (1900-1942)