Шоир бўлсанг, мангу ошиқсан


Яқинда «Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашрдан чиққан шоир ва таржимон Муҳиддин Омоннинг «Ўртамизда ишқнинг гулхани” номли шерий тўплами Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси элон қилган «Ватан учун яшайлик!” танлови совриндорига айланди. Биз севимли шоиримизни қутлаган ҳолда қуйида адабиётшунос Ҳулкар Ҳамроеванинг ушбу китоб ҳақидаги таҳлилий мақоласини келтириб ўтишни лозим топдик.
Ўйлаймизки, муаллифнинг сўнгги йилларда битган дил розларидан иборат мазкур гулдаста шерият ихлосмандларининг кўнгил мулкига эврилади.
ЎзМАА «Ўзбекистон” НМИУ
Матбуот хизмати
Истедодли шоир Муҳиддин Омон шоирликни сўзга мангу ошиқлик деб билади. Болалик йилларида кўнгилда туғилган, ўқувчилик даврида ҳавас, талабалигида меҳр деб аталган шер ишқи йиллар ўтиб шоирлик қисматига, ҳақиқий этиқодга айланди. Унинг самимият, жозиба ва фалсафий теранлик уйҚунлашган ижодининг маҳсули сифатида қатор шерий тўпламлари, таржималари нашр этилди. Шоир ҳамиша ўзининг мангу ошиқлик этиқодига содиқ, ҳар бир шерида янги фикр айтишга интилади, бунинг учун янги шакл ва услуб, ишора ва ташбеҳлар, рамзлар излайди. Муҳиддин шоирга истедоднинг ўзи етарли деб ҳисобламайди: тинимсиз изланади, ниҳоятда кўп ўқийди. Ўзбек мумтоз адабиёти билан бир қаторда жаҳон адабиётини ҳам синчковлик билан, ўзига хос бадиий дид билан ўрганади. Унинг шерлари қалб амригина эмас, қалб эҳтироси ҳамдир. Улар шунчаки ўқилмайди, балки ҳаёт ҳақида мушоҳада юритишга, ўзингни ва қалбингни таҳлил қилишга дават этади.
Муҳиддин Омоннинг шоир кўнглида табиат билан ҳамоҳанглик, қисматдошлик, гўзалликка иштиёқ туйғуси кучли. У инсон руҳиятидаги силсилаларни тасвирлар экан, табиатдаги ҳодисаларда уларга қондошликни кўради:
Бўтакўзнинг кўзлари тийрак,
Қизғалдоққа ҳамроз бўлай дер.
Бойчечаклар боладек зийрак,
Гул тилида ирод қилар шер.
(«Баҳорни соғиниб”)
Баҳорни соғинган бедор кўнгил кечинмалари ўхшатиш, жонлантириш каби санатлар воситасида китобхон қалбига муҳрланади. Бўтакўзнинг қизғалдоққа ҳамроз бўлаётганлигига, «боладек зийрак бойчечак”нинг «гул тилида” шер ўқиётганлигига китобхонни ишонтиради. Шоирнинг «Наврўз келиб” шерида табиат ҳодисалари билан уйҚунлашган руҳий мантиқ яна кучаяди:
Наврўз келиб адирларда ниш урди ялпиз,
Хизр бобо либосига бурканди боғлар.
Унинг яшил қанотида учиб келган ҳис,
Сен онангни йўқладингми, дея сўроқлар.
Баҳор ташрифини ҳамма бирдек интиқ кутади. Кимнингдир кўзига биринчи бўлиб адирда ниш урган ялпиз кўринса, яна кимдир «Хизр бобо либосига бурканган боғлар”га боқиб завқланади. Шоирга эса баҳор «Сен онангни йўқладингми?” дея сўроқлаётгандай туюлади. Шер соғинчнинг сурати бўлиб китобхон кўнглига кўчади:
Тушларимда: қадим ҳовли, бағри кенг осмон,
Фарёд чекар, бўғзин бузиб бўзлар бўзтўрғай.
Чорлар мени, қайтгин дея, ёлвориб гирён,
Болалигим – меҳрга зор, етим болакай…
Биз мўтабар ота-онамизни соғинганимизда, улар зиёратига отланганимизда табиат бутун борлиғи билан бизга ҳамроҳ бўлади: ялпизу майсалар, турфаранг гуллар бизнинг соғинчимизни, меҳримизни етказувчи тилмочга айланадилар. Шундай беғараз тилмочки, улардан ажралгимиз келмайди. Муҳиддин Омон «Яна баҳор ҳақида” шерида ҳам гўзал ташбеҳни катта маҳорат билан ишлатадики, унга этибор бермасликнинг иложи йўқ:
Баҳор нозли ёрдек қайсар ва шаддод,
Зумда чимиради абрў қошини.
Бўлар-бўлмасга ҳам ранжигай, ҳайҳот,
Кейин тўхтатолмас кўздан ёшини.
Шоир осмонда булутлар тўпланиб, ёмғир қуйишини бағоят нафосат билан, ниҳоятда жозибали тасвирлайди. Натижада бу манзара табиатнинг оддий ҳодисаси эмас, балки инсон кўнглида кечаётган силсилаю эврилишларнинг иникосидек тасаввур уйғотади. Ўзимизни гўё булутли осмон ва шиғалаб ёғаётган баҳор ёмғирининг нусхаси кўчирилган картина олдида тургандай ҳис қиламиз. Ёмғирдан жунжикиб, қўлимизни шундай узатсак, булутларга тегадигандай… Муҳиддин Омоннинг бу каби рангин шерлари инсон руҳиятидаги нозик тебранишларнинг табиатдаги акс-садосига, нафосат ва самимийликнинг мафтункор қўшиғига ўхшайди:
Ипакдек сержило майсалар қўшиб,
Қирлар тўқимоқда қирмизи гилам.
(«Баҳор нашидаси”)
Инсон энг беназир фароғатни, қалб хотиржамлигини фақат ўз Ватанида, оиласи баҚрида, тилларидан шукроналик тушмайдиган ота-онасининг дуоларида туйиши мумкин. Болажон ўзбек халқи учун шунинг ўзи бахт. Шоирнинг «Бободеҳқонга қасида” шерида айнан шу туғённинг янги ташбеҳига дуч келамиз:
Отам дерди: она ернинг тафтин бил,
Ул Ватандир, ерга мангу боғла дил.
Мен-ку, сени жигарбандим атайман,
Мендан аввал сен тупроққа бўл ўғил…
Отамдайин вазмин, хоксор қўрғоним,
Ўар ўгити ҳикматга ёр, Деҳқоним!
«Куз хаёллари” шерида табиатдаги ўзгаришларнинг инсон кайфияти ва руҳиятига тасири, инсон ва борлиқ муносабатлари талқини, инсон кўнглидаги ички зиддиятларнинг табиат билан боғлиқлиги мужассам.
Ҳар лаҳза – мангулик қўшиғига байт,
Хаёл риштасидек чувалгай мезон,
Фикратинг ёритгай ногаҳон шу пайт,
Сабр-ла олтинга айланган хазон…
Шерда донишманд халқимизнинг «Сабр таги олтин” деган доно мақолининг табиатдаги сокин суратини кўрамиз. Бу суратга узоқ тикилиб қоламиз, мезондек чувалган хаёл ришталаридан ўзимизни ва ўзлигимизни излаймиз. Ҳаётнинг мангулик қўшиғи эканлиги, унинг ҳар лаҳзасида ишқ борлигини, унинг қадри нечоғлиқ азиз эканлигини ҳар доимгидан чуқурроқ англаймиз. Англаганимиз сайин руҳиятимиз покланиб бораверади:
Ҳаёт бу ишқ, ишқ эса баҳор,
Баҳор мангу тугамас эртак.
Сен ошиқсан, тириксан демак!
Тўғри, табиат гўзаллигини мадҳ этмаган ижодкор кам. Айниқса, баҳор тасвири, унинг ажиб нафосати ҳар бир кўнгилни гўзаллик оламига етаклайди, кўтаринкилик, жўшқинлик, қувноқлик ва ҳаётга муҳаббат, эртанги кунга умид туйғуларини бахш этади. Муҳиддин Омон ижодида баҳор ва куз ҳақидаги шерлар кўпдек туюлади. Шоир фаслларни шунчаки мадҳ этмайди ёки уларни бир-бирига қарши қўймайди, балки ҳар биридан кўнгил оҳангига мос ҳолатлар, манзаралар топади. Булар маҳорат, изланиш машаққати эвазига дунёга келган, қалб қўридан яралиб, оқ қоғозга кўчган мисралардир. Шоир тинимсиз равишда даврни ва инсон кўнглини поэтик кашф этишга интилади. Унинг Ватан ҳақидаги шерларида тафаккур ва самимий туйғунинг мужассамлиги туфайли поэтик мазмун теранлиги юқори пардаларга кўтарилади.
Барини ўйладим, айладим таҳлил,
Сенга бўлган ишқим бемаврид ғунча.
Менга насиб этмас бахт деган манзил,
Хазон фаслим етар гул очилгунча.
… Сени кўрганимда юзимда кулгу,
Лабларда табассум, бахтим нишони.
Сен ҳам кўрингайсан беғам, беқайғу…
Яшаяпмиз… битиб ёлғон иншони…
(«Яшаяпмиз”)
«Хайр” деган сўзни ёмон кўрасан,
Бироқ… айтмоқ керак, айтар вақт бўлди
Балки сўзларимни эслаб юрарсан,
Сўзларим гул эди, ҳаммаси сўлди…
(«Хайр” деган сўзни… ”)
Истедодли шоир Муҳиддин Омоннинг сўз танлаш, сўз қўллаш маҳорати, ифода услубидаги ўзига хослик ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш мумкин. Шоир она тилининг ички имкониятлари ва товланишларини, бадиий сўз қиммати, қудрати ва масулиятини, давр ва одамлар учун муҳим бўлган бадиий эстетик эҳтиёжларни, боқий қадриятларни юракдан ҳис қилади. У худди илми толибдек ҳамон изланишда, ҳамон сўз ишқида бедор, ҳамон ўзини ўзи шафқатсиз саволларга тутади:
Балки кимдир йўқлар, кимдир сўрагай,
«Қандай яшаб ўтди, Муҳиддин Омон?”
Шунда айтаверинг хижолат бўлмай,
Унинг ҳар сатрида умри намоён. . .
Шоир ҳам биз каби туғилди, ўсди,
Унга ҳам инсоний барча қусур хос.
Фақат ҳақиқатнинг эди чин дўсти,
Фақат у ошиқдек яшади, холос.
Муҳиддин Омонни элга танитган, адабиёт ихлосмандларига севимли қилган ҳақиқий этиқод, чин шоирлик ва чин ошиқлик аслида шу.
Хикоялар
мангу ошиқсан, Шоир бўлсанг