Хуршид (1892-1960) to’liq malumot oling
Ўзбек мумтоз адабиёти билан XX аср янги адабиётини бир-бирига боғлаб турувчи кўприклардан бири Шамсиддин Шарафиддин ўғли Хуршиддир. У ўзбек драматургиясига пойдевор қўйган дастлабки ижодкорлардан бири, шоир, ёзувчи, таржимон ва режиссёрдир. Ана шу кўп қиррали ва самарали ижодий фаолияти учун 1990 йилда унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» деган юксак унвон берилган.
Хуршид (Шамсиддин Шарафиддинов) 1892 йилнинг 20 июнида Тошкентда боғбон оиласида таваллуд топган. Мадраса ва эски мактабда таҳсил олган. У асримиз бошларидан, аниқроғи, 1905—1906 йиллардан бошлаб жадид адабиётининг навқирон намояндаларидан бири сифатида қалам тебрата бошлаган. Шу маънода у маърифатпарварлик руҳида «Эскилик ва янгилик» деган дастлабки пьесасини, кейинроқ «Ориф ва Маъруф», «Қора хотин», «Кичик аскар» каби пьесаларини, «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Сиёвуш», «Ойбону» сингари мусиқий драмаларини яратган. Айниқса, унинг Алишер Навоий достонлари асосида яратган ҳар икки драмаси ўз даврида жуда машҳур бўлган. Хуршид қатор опералар либреттоларини ҳам ёзган.
Хуршиднинг дастлабки шеърлари 1914 йилда «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Туркистон» газеталари, «Таржимон», «Ойна» журналлари ва «Туҳфаи Хислат» баёзида (1914) «Хоиб» тахаллуси билан эълон қилинган. Ўз шеърларини жамлаб, «Девони Шоҳидий» номи билан девон ҳам тузган (1912). Шоир кейинчалик «Муштум» журналида босилган ҳажвий шеърларида «Ўжар», «Тажанг», «Чаён» каби тахаллуслардан фойдаланган.
Хуршид таржимон сифатида ҳам самарали ижод этган. Хусусан, Шиллернинг «Қароқчилар», В. Шекспирнинг «Қора араб», «Отелло», У. Ҳожибековнинг «Аршин мол-олан» каби машҳур асарларини ўзбек тилига ағдарган. Шунингдек, Шарқнинг буюк шоирларидан бири Ҳофиз Шерозийнинг юзга яқин ғазалларини она тилига таржима этган. Бундан ташқари у ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намояндалари Мунис ва Огаҳий каби шоирлар девонларини араб графикасидан ҳозирги ўзбек (кирилл) ёзувига ўтказиб, нашрга тайёрлаган.
Хуршид етук ғазалнавис шоирдир. Унинг «Чоргоҳ», «Гирён», «Баёт», «Ушшоқ», «Сегоҳ», «Дугоҳ», «Сувора» каби куйларга солинган оҳанграбо шеърлари машҳур ҳофизлар томонидан ҳамон ихлос билан айтиб келинмокда. Моҳир ғазалнавис шоир, етук драматург ва таржимон Хуршиднинг ижодий мероси анча бой, серқирра ва сермазмун бўлиб, у ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳ. Сулаймонов номидаги Адабиёт музейида авайлаб сақланмоқда.
Хуршид 1960 йил 13 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Biografiya
Хуршид (1892-1960)