Хуршид Дўстмуҳаммад (1951) to’liq malumot oling

Хуршид Дўстмуҳаммад (1951) to’liq malumot oling

Хуршид Дўстмуҳаммад (1951)

Журналист ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилнинг 8 январида Тошкентда туғилган.

Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1973). «Фан» нашриёти ҳамда «Фан ва турмуш» журналида муҳаррир ва бўлим муҳаррири (1973-83), «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида мухбир (1983-84), «Ёш куч» журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир (1984-95), Республика Президенти девонида масъул ходим (1995-97), «Ҳуррият» газетасида бош муҳаррир (1997-2002) ва Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасида ҳамраис (1997-2004), «Ўзбекистон матбуоти» журналининг бош муҳаррири (2002-05), Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг раис ўринбосари (2004-05), Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси (2004) бўлиб ишлаган. У филология фанлари доктори.

Адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йилда «Гулистон» журналида эълон қилинган. Ёзувчининг биринчи қиссаси «Нигоҳ» номи билан 1987 йилда «Ёшлик» журналида босилди. «Ҳовли этагидаги уй» номли биринчи китоби эса 1989 йилда нашр этилган. Шундан кейин ёзувчининг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», айниқса, «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000), “Қиссалар” (2011) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган.

Хуршид Дўстмуҳаммад, шунингдек, қатағон қурбонларидан бирининг фожиали тақдирига бағишланган «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, “Озод изтироб қувончлари” (2000), “Журналистнинг касб одаби муаммолари” (2007) китоблари, «Чаёнгул» киносценарийси муаллифи (2000).

Хуршид Дўстмуҳаммад япон адиби Акутагава Рюкоскэнинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Т. Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини таржима қилган.

Хуршид Дўстмуҳаммад 1 ва 2 чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси (2005) бўлган.

Biografiya
Хуршид Дўстмуҳаммад (1951)