Худойберди Тўхтабоев (1932)
Худойберди Тўхтабоев (1932)
DO`STLARGA ULASHING:
Худойберди Тўхтабоевнинг “Таржимаи ҳолимдан лавҳалар”ида шундай ёзилган: “Мен 1932 йилнинг 17 декабрида Фарғона вилоятидаги Катта Тагоб қишлоғида туғилган эканман. Отам Тўхтавой 21 ёшида қулоқ қилинган бўлиб, Тожикистоннинг Чорку деган жойида вафот қилган. Икки йилдан сўнг онам Сорабиби холаси Аширбиби ўлиб, беш боласи етим қолгани сабабли, унинг эри Уста Қодирга турмушга чиққан (қариндошларнинг қарори шундай бўлган) экан.
Менинг тарбиям бобом Эркавой, энам Робиябибиларнинг ихтиёрида бўлган. Руҳим, хулқи-аҳлоқим ва ҳарактеримда неки бўлса, боғбон бобом, эртакчи энам туфайли шаклланган.
Ўсмирлик даврларим Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. 1949 йили Қўқон педагогика билим юртини, 1955 йили Тошкент давлат университетини (илгари САГУ деб аталган) битирганман.
1958 йили Тошкентга келдим. Аввал “Тошкент оқшоми”, сўнг ҳозирги “Ўзбекистон овози” газеталарида ҳаммаси бўлиб 14 йил ишладим.
14 йил давомида 300 дан ортиқ фелъетон ёздим. Йўқ, барибир, улардан кўнглим тўлмади. Бостириб келаётган танкка қарши рогатка (чўзма)га кесак солиб отганимиз билан таъсир қилмаганидек, жамиятдаги иллатларга қаратилган фелъетонларимнинг ҳам ҳеч таъсири бўлмаётгандек эди. “Руҳи-дунёси пок бўлган, тарбияга қулоқ соладиган, савоб ва гуноҳни билишга интилаётган, руҳим гўзалликка талпинаётган болалар дунёсида ишласам қалай бўларкан”, деб ўйлай бошладим ва шундай қарор қабул қилдим”.
Эълон қилинган ҳикоя ва тўпламлари: “Шошқалоқ” (1961), “Сўқмоқлар” (1966), “Муҳаббат қўшиғи” (1967), “Жонгинам, шартингни айт” (1969), қиссалари: “Сир очилди” (1961), “Омонбой билан Давронбой саргузашти” (1974), романлари: “Сариқ девни миниб” (1968), “Сариқ девнинг ўлими” (1973), “Беш болали йигитча” (1976), “Қасоскорнинг олтин боши” (1981), “Йиллар ва йўллар” (1983), “Ширин қовунлар мамлкати” (1986), “Мунгли кўзлар” (1988), “Жаннати одамлар” (1966), “Қиз талашган ўсмирлар”, “Қуёнлар салтанати”, “Қиз болага тош отманг”, барча-барчаси, унинг қизғин ижодий фаолиятининг самараси бўлди.
Адиб 1972 йили Ўзбекистон Ёшлар ташкилотининг мукофоти, 1982 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, 1989 йили Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг асарлари тожик, қирғиз, туркман, озарбайжон, арман, рус, украин, белорус, молдован, эстон, латиш, литва, фин, болгар, венгер, немис, чех, итальян ‒ жами 24 тилга таржима бўлган.
“Сариқни девни миниб” асарининг жаҳон тилларига таржима қилинишига сабаб, 1971 йили Италиянинг Рим шаҳрида ўтган жаҳон болалар ёзувчиларининг кенгашида Жанни Родарининг шу асар ҳақида айтган илиқ гаплари бўлган эди.
“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.
Худойберди Тўхтабоев (1932)