Фозил Йўлдош ўғли (1872-1955) to’liq malumot oling
Фозил Йўлдош ўғли (1872, Жиззах вилояти Бахмал тумани Лойқа қишлоғи — 1955.17.3, Самарқанд вилояти Булунғур ш.) — ўзбек халқ шоири, бахши. Йўлдош Мулла Мурод ўғлининг шогирди. Булунғур достончилик мактабининг энг йирик ва сўнгги вакили. Етимликда ўсган. Чўпонлик қилган. Достончиликка ҳаваси эрта уйғонган. Ёшлигида дўмбира чертишни, терма айтишни машқ қилган.
20 ёшларида устози Йўлдош шоирдан достончилик сирларини ўрганган. Ёш бахши халқ ўртасида устози уюштирган синовдан муваффақиятли ўтиб, 25—26 ёшларида етук достончи сифатида танилган.
Фозил Йўлдош ўғли Амин шоир, Чини шоир, Товбузар шоир, Қурбонбек шоир, Султонмурод шоир, Йўлдошбулбул, Йўлдош шоир, Кўлдош, Суяр каби Булунғур достончилик мактабининг пешқадам достончиларидан адабий анъанани қабул қилиб олган, уни пухта эгаллаб, кжеак бадиҳагўйлик билан бойитган ва ўзбек достончилигини янги босқичга кўтарган.
Фозил Йўлдош ўғли репертуари мавзу ва жанр жиҳатидан бой ва ранг-баранг. У 40 дан ортиқ халқ достонларини ёд билган ва юксак маҳорат билан куйлаган. Ундан «Алпомиш», «Ёдгор», «Юсуф билан Аҳмад», «Муродхон», «Рустамхон», «Ширин билан Шакар», «Гўрўғлининг туғилиши», «Авазхоннинг ўлимга ҳукм этилиши», «Малика айёр», «Машриқо», «Зулфизар», «Балогардон», «Интизор», «Нурали», «Жаҳонгир», «Зевархон», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Бахром ва Гуландом», «Ошиқ Ғариб» каби 30 га яқин достон ёзиб олинган.
Шоир қаҳрамонлик, романик, тарихий достонлар ҳамда китобий достонларнинг энг яхши намуналарини куйлаб келган. «Алпомиш» достони унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Бу достоннинг ўзбек халқ достончиларидан ёзиб олинган 40 га яқин вариантлари орасида Фозил Йўлдош ўғли варианти энг мукаммали ва бадиий жиҳатдан баркамоли ҳисобланади. Унда шоирнинг юксак достончилик маҳорати тўла намоён бўлган.
Фозил Йўлдош ўғли замонавий мавзуларда ҳам қатор достон ва термалар яратган. Унинг «Маматкарим полвон», «Жиззах қўзғолони», «Кунларим» каби достонлари, «Жангчи ўғлимга», «Элат ботир», «Ота насиҳати», «Қуролланинт», «Эр йигитлар, майдонга!», «Жаҳон тинглагай», «Болаларимга», «Пушкинга» каби термалари шулар жумласидандир.
Бахши куйлаган халқ достонлари Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир, Пўлкан, Абдулла шоир кабилар репертуари ва оригинал асарлари билан биргаликда ўзбек достончилиги ва адабиётига қўшилган катта ҳисса бўлди. Шоир мероси кенг ўрганилмоқда. Шоир дафн этилган Булунғур шаҳрида музей ташкил этилган ва унга ҳайкал ўрнатилган. (Тўра Мирзаев)
Biografiya
Фозил Йўлдош ўғли (1872-1955)