Умидбахш тонг
— Доктор, онамнинг тоби йўқ, ёрдам беринг, илтимос… — кўзлари жавдираб турган Умид шифокорга тикилди.
— Албатта, албатта, укажон, сен ҳовлиқма, уларга ёрдам кўрсатамиз…
Умид ташқарига чиқиб, йўлакда деворга беҳол суяниб турган онасининг кўзларига қаради. Она эса ўғлига тикилди.
— Ойи, мана бу ерга ўтириб туринг, ҳозир сизни доктор чақиради…
— Уйга қайта қолайлик, болам. Мен яхшиман…
Гарчи онасининг ёлғон гапираётганини сезса-да, Умид ҳеч нарса демади. Сумкаларни қўлига олиб, онасини етаклаганча йўлак бўйлаб узун навбатда турган одамлар орасидан олиб ўтди. Бу ерда бошқача олам, бошқача дунёқараш… Ҳамма бир-бирига ёндашади, гарчи ўзининг навбати бўлса-да, бошқаларга йўл беради, ҳол-аҳвол сўрашади. У онасининг қўлтиғидан олди-да, ҳамширанинг кетидан юра бошлади.
— Болам, уйга кета қолайлик… ахир қандай қилиб муолажаларнинг пулини тўлайсан?..
— Ойижон, бу ёғини қўяверинг, доктор билан гаплашдим, сизни олиб қолишади.
— Мана бу аёлни бешинчи палатага жойлаштиринглар, — деди доктор.
Умид онасини палатага ётқизиб, ўзи уйга кетди.
* * *
— Азиз ака, ишдан қачон қайтасиз? Озроқ кўчалик ишим бор эди, шунга… машина керак.
Азиз хотинининг бежизга машина сўрамаётганини яхши биларди. Демак, онасини кўриб келмоқчи.
— Икки соатларда бораман, унгача борадиган манзилингга етиб ҳам оласан. Яхшиси, сен боравер, мен ишдан қайтишда кириб ўтаман…
— Вой, бирам топқирсиз-да, раҳмат!..
Робия эрининг гапидан мамнун ҳолда кийинаркан, нариги хонада қўғирчоқларини ўйнаб ўтирган Шоҳистага:
— Қизим, тезроқ бўл, бувижонингникига борамиз, чиройли кўйлагингни кий, — деди.
Шоҳиста ҳам бувисиникига боришни жуда яхши кўрарди. Қўғирчоқларини йиғиштирди-ю, дарров кийинди. Она-бола йўлга чиқишди.
Азиз касалхонадан чиққач, ҳалигина онасини касалхонага олиб келган йигитнинг йўл бўйлаб кетаётганини кўрди.
«Тавба, кеч бўлди-ю, кўчада юришини? Ҳа, балки, бирор иши бордир?!» деган ўйда қайнонасининг уйи томон йўл олди.
— Вой, Азизжон, болам, тузукмисиз? Аҳволларингиз яхшими? Ишлар билан чарчамаяпсизми? — Иқбол момо куёвини қаршиларкан, унинг юз-кўзларидаги чарчоқни англагандай, дарров келинига имо қилди.
— Адаси, толиқдингизми? Касаллар кўп бўлдими?..
— Бу касалликнинг номи қурсин, болам… — гапга қўшилди Иқбол момо. — Мендан икки кўча нарида Розия деган аёл бор. Ёлғиз боши билан ўғлини тарбиялади, ўқитди, энди роҳатини кўраман деганда, шу дард бечорага чиппа ёпишди. Ҳар куни бедаво дард билан курашади. Жонидан ўтиб кетган бечоранинг. Ўғлимнинг тўйини кўрсам бўлди, бошқаси керакмас, дейди бояқиш…
— Ҳа, ойи, Худо берган дард-да…
— Шу дардмандларга дармон излаётган куёвгинамдан айланай… Иқбол момо куёвини алқаб-алқаб то кетгунларига қадар атрофида парвона бўлди.
— Робия, вақт алламаҳал бўлди, кетамизми?
Робия ҳам бошини қимирлатиб, эрига эргашди.
— Сен ҳам уйда мазали овқат тайёрлаб ўтирсанг бўларди, хотин… Қара, келининг пиширган илик шўрва жуда мазали бўлибди… Мен олиб келган гўшт эса музхонада мазасини кетказиб ётади. Нега уйда овқат қилмайсан ўзи? — хотинига савол назари билан қаради Азиз.
— Тавба, жа-а қизиқсиз-а, Азиз ака! Ўзи уч киши бўлсак, Шоҳиста деярли овқатланмайди, иштаҳаси йўқ. Сиз кун бўйи ишдасиз, бир ўзим учун қозон осиб, уйни чирк бостирганим қоладими?
— Сен кичикроқ идишда қил, уч кишига етадиган қилиб… Кунора онангникида овқатланиб юраверамизми?
— Э-э, қўйсангиз-чи, баҳонада онамни, яқинларимни кўриб келаман…
Азиз катта кўчага бурилаётган чоғи, яна ҳалиги йигитни кўриб қолди. Демак, қайнонаси айтган йигит шу. «Шунча жойга пиёда келаётган экан-да, билганимда, олиб келардим…»
Эрининг ўзига-ўзи гапираётганини сезган Робия, «Тинчликми, дадаси?» деб сўради.
— Ҳа, манави йигитни айтаман, ҳали касалхонада кўрувдим.
— Манавими?..
Унгача йигит машинанинг ёнидан ўтиб кетаётган эди.
— Ҳа, ойинг айтган йигит шу, шекилли… Тақдирнинг ўйинини қара…
— Ҳа, бечора… Онасининг дардида куйиб-пишиб юрган бўлса керак…
* * *
Эртасига эрталаб Азиз беморларни кўздан кечирар экан, йўлакда тизилишиб турган аёлларга кўзи тушди.
— Тинчликми? — ҳамширага юзланди Азиз.
— Ҳа, кечқурун бешинчи палатада ётган онахон ўсал бўлиб қолди… Ўғлини чақиртирганмиз, «Олиб кет, нима бўлсам, уйда бўлай», деяпти бечора…
Азиз ичкарига кирди. Кўзлари киртайиб, ич-ичига ботиб кетган йигит онасининг қўлларини маҳкам тутиб ўтирарди.
— Онажон, нима бўлди? Онажоним, менинг сиздан бўлак ҳеч кимим йўқ-ку?! Агар сизга бирор гап бўлса…
Азиз бошқа чидолмади. Палатадан қандай чиқиб кетганини ҳам сезмай қолди.
— Доктор, беморни нима қилайлик? Уйига жавоб берамизми? — ҳамширанинг гапи Азизни сергак торттирди.
— Охирги таҳлилларни менга келтиринг-чи…
Ҳамшира докторнинг шундай дейишини билгандек, қўлидаги қоғозларни унга тутқазди.
— Ҳа-а, — деди чўзиб Азиз. — Демак, ўсимта ўпкани тўлиқ қоплаб, орқа куракка қараб кетяпти… Операция қилишнинг умуман иложи йўқ…
— Фақат… кимётерапия орқали ушлаб туришимиз мумкин.
Ҳамширанинг гапида жон бор эди.
— Бугундан фақат кимётерапия қилинади, кейин яна кўрамиз, балки, операция қилармиз…
Азиз яна Розия холанинг олдига кирди.
— Холажон, ҳеч қаёққа кетмайсиз, аввал сизни даволаймиз, кейин рухсат берамиз…
— Эҳ, болам, эртаси йўқ одамга даволаниш чикора? Умиджоним ҳали ўқиши, у шифокор бўлиши керак…
Розия хола бошқа гапиролмади. Кўз ёшлари юзидан томчилаб ёстиққа тушди. «Бунча ҳам онамга ўхшамаса бу аёл… Ҳатто гаплари ҳам…» Азиз ҳам бир пайтлар онасининг қошида мана шундай интиқ ўтирганини, шифокорларга умидвор боққанини, аммо бедаво дард билан курашаётган онасининг кўзларида тобора ҳаёт учқуни сўниб бораётганини сезиб турса-да, умидвор бўлганини кўз олдига келтирди. Ўшанда онасининг дориларини олиш учун ўқишини ташлаб, мардикорлик қилишга мажбур бўлган эди. Кейинчалик онаси буни эшитиб, ундан жуда қаттиқ ранжиган ва : «Болам, бор умидим сендан, ахир сен доктор бўлишинг керак. Менга ўхшаган бемор оналарнинг, оталарнинг умиди, аввало, Худодан, қолаверса, сен каби шифокорлардан бўлади. Сен нотўғри ташхис қўйсанг ёки касалига даво топмасанг, унда сенга беморлар ишонмай қўйишади, болам…», деганди. Шундан кейин Азиз мана шу касалхонага дастлаб шифокор ёрдамчиси бўлиб ишга кирди. Бу ерда устози Шоҳрух акадан жуда кўп нарсаларни ўрганди. Мана, орадан йиллар ўтиб, малакали шифокор бўлди. Худди онаси айтгандек, беморлар унга чин дилдан ишонишади. Аммо бу кунларни онаси кўролмагани Азизга ҳамон армон бўлиб қолган. Ҳозир ойиси ёнида бўлганидами… Палатадаги ҳолат ҳали ҳам унинг кўз олдидан кетмаганди. Ўшанда у ҳам Умид сингари худди ўлим чангалидан қутқариб қоладигандек онасининг қўлларидан маҳкам тутиб олганди.
Азиз ҳам аёлга қўшилиб йиғлаб юбормаслик учун юзини четга бурди. Онасидан кўзларини уза олмаётган Умиддан:
— Нечанчи курсдасан? — деб сўради.
— Учинчи… — йигит докторга илтижоли тикилди.
— Хўш, бирор нарсага чалғимасдан, кейинги ҳафтадан шу ерга, амалиётга келасан…
Умид ҳеч нарсага тушунмагандек онасига тикилди.
— Раҳмат, болам, тупроқ олсангиз олтин бўлсин, азиз бошингиз ҳамиша баланд турсин…
Азиз қотиб қолди. Онасининг гапларини бу аёл қаердан билади? Ахир у ҳам Азизни шундай дуо қиларди.
— Раҳмат, холажон…
Азиз шундай дея палатадан чиқиб кетди. Розия холага тезда керакли муолажалар қилинди.
— Доктор, беморни ПЭТдан ўтказиш керак, лекин онахоннинг моддий аҳволи…
— Биламан, эртанги кунга навбатга ёздириб қўйинг, ўзим олиб бораман…
* * *
Кечаси уйга бир аҳволда кириб келган эрини кўрган Робия қўрқиб кетди.
— Дадаси, сизга нима бўлди?
Азиз бўлган воқеани аёлига айтиб берди. Сўнг:
— Тавба, Робия, шунақаси ҳам бўладими? У аёл раҳматли онам сингари дуо қиларкан, — деди.
— Билмасам, дадаси, балки, ойижонимнинг руҳлари…
Эртаси куни ошхонада куймаланаётган Робияни кўрган Азиз ҳайрон бўлди.
— Овқат қиляпсанми? Нечук?
— Шоҳистани боғчага ташлайман-у, сиз билан бирга касалхонага бораман. Розия холага иссиққина шўрва пиширдим…
— Ўзимнинг ақллигим… Ҳа, айтганча, пулни тайёрлаб қўйдингми?
— Аллақачон, — Робия чўнтагига ишора қилди.
Эр-хотин касалхонага йўл олишди.
— Шунча йиллик қўшнимизни билмай юрганимни қаранг, дадаси… — деди Робия касалхонадан қайтишаётганда.
— Шуни айт, хотин, агар ойинг шу аёл ҳақида гапирмаганида, мен ҳам этибор бермаган бўлардим. Қара, Робия, ҳатто даволанишга ҳам пул топиша олмаётган экан…
— Тўғри, дадаси, бугун жуда катта савоб иш қилдингиз.
— Бу аёл онамни ёдимга солди. Охирги кунлари онам шу аҳволга тушганди… — Азизнинг кўзлари ёшланди.
— Азиз ака, наҳотки уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаса?
— Билмадим, буни эртага докторлар билан маслаҳатлашамиз…
Шу куни Азиз тонгга яқин туш кўрди. Онаси унга жилмайиб қараб, ҳадеб нимагадир ишора қилаётганмиш… Сал ўтмай онаси Розия хола сиймосига кириб қолди.
— Ойижон… — ўзининг овозидан чўчиб уйғонган Азиз ташқарида тонг отаётганига кўзи тушди. Янги тонг ҳаммага янги умид бағишлаётган эди…
Хикоялар
Умидбахш тонг