Уйдан чиқмай туриб хорижий тил ўрганиш учун зарур тавсиялар
Айни вақтлари карантин шароитида вақтингизни самарали ва фойдали усулда сарфлаш фикрига қандай қарайсиз? Бунинг учун чет тилларининг бирини танлаб олиш ва уни ўрганишга киришишни тавсия этамиз.
Тан олиш керакки, аксарият инсонлар хорижий тилларни яхши билсалар ҳам, оғзаки сўзлашувда анчагина ортда қолишади. Тил грамматикасини мукаммал даражада билишингиз мумкин, аммо мазкур тилда суҳбатлашиш давомида кўплаб муаммоларга дуч келишингиз бежизга эмас. Хорижий тилда ҳеч бир муаммосиз сўзлашиш ва бу ишни уйдан ташқари чиқмаган ҳолатда амалга ошириш мумкин, бунинг учун қуйидаги тавсиялар сизга қўл келади.
1. Шу тилда сўзлашувчи одамни топинг
Интернет оламида дунёнинг турли бурчакларида яшовчи инсонлар билан танишиш имконига эгасиз. Ўзингизга керакли ва қулай бўлган иловани юклаб олганча, ўрганмоқчи бўлган тилингизда сўзлашувчи инсон билан дўстлашинг. Янги дўстингиз билан имкон қадар кўпроқ суҳбат қурганча хатоларингиз устида ишлашни ҳам ўрганасиз.
2. Аудиохабар ёзамиз
Баъзи мураккаб сўзларни тўғри талаффуз қила олмай қийналасизми? Ундай бўлса телефон орқали аудиохабарлар ёзиб олинг ва уларни бир неча бор қайтадан тингланг. Энг муҳими, хатолардан қўрқмасангиз бас!
3. Аудиокитоблар тингланг
Аудиокитоблар тинглаш ҳам оғзаки нуқтни ривожлантиришдаги муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Китобни тинглаш давомида сўзларнинг қай усулда талаффуз қилинишига эътибор беринг.
4. Ўзингиз билан гаплашинг
Вақти-вақти билан хорижий тилда кунингиз қандай ўтгани ҳақида ўзингизга сўзлаб беринг, турли матнларни бор овозингизни чиқариб, ўқишга ҳаракат қилиб кўринг.
5. Сўз ёдланг
Луғат бойлиги ҳар қандай тилни ўрганишдаги бирламчи омиллардан ҳисобланади. Шу сабабли янги сўзларни ўрганиб, уларни имкон қадар тўлиқ жумлалар билан қўллашга ҳаракат қилинг.
6. Шева, жумла, мақол ва иборалар…
Бу хорижий тилни ўрганишдаги яна бир муҳим жиҳат эканлигини унутманг. Турли мақоллар, иборалар, шеванинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиб олиш орқали, нуқтингизнинг қизиқарли бўлишига эриша оласиз.
7. Филмлар томошаси
Баъзан хорижий тилда мусиқа тинглаш, баъзан эса филм томоша қилиш ҳам уни ўрганиш учун катта ёрдам беради. Балки филмдаги сўзларнинг тенг ярмини тушунмассиз, бироқ уларнинг қандай талаффуз қилиниши аста-секин сиз учун одатий ҳолатга айланади.
Кизикарли маълумотлар
Уйдан чиқмай туриб хорижий тил ўрганиш учун зарур тавсиялар