Уйдаги сувараклардан самарали ҳалос бўлиш йўллари
Тунда қорнингиз очқаб, ошхонага чиқдингиз-у, кутилмаган меҳмонар ташрифидан табингиз ҳира бўлди. Сувараклар! Боз устига сувараклар татиб кўрган егуликларни ташлаб юборишдан ўзга чора ҳам йўқ! Шундай экан қуйидаги маслахатларимизнинг бари ушбу зараркунандаларни даф қилиш борасида бўлади.
Хонадонингизда сувараклар пайдо бўлганини қуйидаги белгилар орқали билиб олишингиз мумкин:
-шкаф бурчаклари, идиш товоқларда майда қора нуқтачаларга кўзингиз тушса, билингки, бу суваракнинг иши. Ҳашарот аҳлати шундай кўринишга эга;
-жавон ёки аҳлат сақланадиган жойдан спесифик ҳид келади;
-бурчак- бурчакларда суварак қолдирган туҳумларга кўзингиз тушиши мумкин. Улар майда кўринишда, юзаси шаффоф плёнка билан ўралган бўлади;
-кўп қаватли уйлар ҳамда ҳовлиларда кўпинча катталиги 3 смгача бўлган қора тусли ёхуд 1,3 см ли жигарранг, ола-була сувараклар учрайди.
Нега айнан сизнинг уйингизни маконига айлантириб олишган:
-нон урвоғи, овқат қолдиқларига эътиборсизсиз. Сувараклар эса мазали егуликларни ҳуш кўришади, тўйиб тановул қилишни ҳам. Кимдир сийлаб турса рад этишармиди;
-сувараклар сув бор жойга ошиқишади. Стол юзаси, раковина атрофи ҳўл бўлса ёки кичик кўлмакчалар тўпланиб қолса, бу ҳашарот учун яшил чироқдир;
-қўшниларингиз озодаликка эътиборли эмаслар. Уларни деб ҳар қанча унинманг, сувараклардан қутила олмайсиз. Ё муроса қилиб инсофга чақиринг қўшнижонларни ёки жамики кичик туйнукларни беркитиб ташланг.
Сувараклар пайдо бўлаётгани тасдиқланди, ҳар бирини тутиб жазога маҳкум қилганингиз билан таг-туги билан қириб ташлолмайсиз. Демак, кўмакчи усулларга мурожат қилиш лозим.
Борат кислотаси суваракларнинг ашаддий душмани. Хашаротнинг ҳазм қилиш тизимига тушган кислота ички аъзоларини ишдан чиқаради. Борот кислотасининг кукун кўринишидагисини дорихоналардан топиш мумкин:
-кукунни сувараклар кўп учрайдиган жойларга сепиб чиқинг. Хона бурчаклари, кичик туйнуклар эсдан чиқмасин.
-битта қайнатилган картошка пюреси, тухум сариғи, озроқ шакар ва унни аралаштириб, борот кислотасини қўшинг. Аралашмадан кичик шарчалар ясангда, ҳашаротлар ин қурган манзили ёки тахминий жойларга пистирма қўйинг. Сувараклар шарчаларни татиб кўришлари шарт эмас, тегиниб кетишининг ўзиёқ кислота захри танаси бўйлаб тарқалиши учун етарлидир.
Навшатир спирти. Эритмнинг кескин ҳиди суваракларни қўрқитади. Уй тозалаётганда навшатир спиртини идишга қуйиб, озроқ сув билан аралаштиринг. Сўнг шкаф юзаси ва бурчакларини ана шу суюқлик билан артиб олинг.
Чуқурроқ шиша банка ичига нон ёки печение увоқларини солинг. Идишнинг ички томони атрофларига эса вазелин суртинг. Хашарот банка ичига тушади, вазелин эса ҳаракатланишига қўймайди. Суварак қопқондан чиқа олмайди.
Кимёвий усуллар ҳам бор!
Хўжалик моллари сотиладиган дўконларни айлансангиз, суваракларга қарши спрей, ёритгич ва қопқонларни топасиз. Тайёр маҳсулотдан фойдаланиш қулай ва ишончли, аммо бундан аввал, албатта, ёрлиғидаги кўрсатма билан танишиб чиқинг. Кичик ёшдаги болалар саломатлигига таъсири ҳақидаги бўлимни ҳам кўздан қочирманг. Спрей сепилганидан кейин хона бурчакларини тозалаб олиш керак.
Эҳтиёт чоралари:
— Уйда чиқинди тўла челакларни қолдирманг. Ҳар куни эрталаб ишга кетаётганда чиқинди ҳалтасини олиб чиқиб кетинг. Челак сақланадиган жойни эса кунора тозалаб туринг;
— Ваннахона, раковина ёнверини қуруқ сақланг. Оила аъзоларингиз чўмилгандан кейин ҳам бир сидра артиб олинг.Сувараклар сувсиз қолса, хонадонингизга яқинлашмайди.
— Девор бурчакларидаги ёриқларни беркитинг. Истасангиз қурилиш ҳом ашёсидан фойдаланинг ёки тахтачалар ёрдамида тешикчаларни бартараф этинг;
— Уй тозалаётганда гилам ва палосларни кўтариб тагини артишга одатланинг;
— Кечқурун уйқуга ётишдан олдин, дастурхонда нон увоқлари қолмаслигига, егуликлар усти ёпиқ ҳолатда сақланишига диққат қилинг;
— Ҳар куни ҳонани шамоллатинг. Бу нафақат суваракларни қўрқитиш учун керак, балки оила аъзоларининг саломатлиги учун ҳам муҳимдир.
Кизикарли маълумотлар
Уйдаги сувараклардан самарали ҳалос бўлиш йўллари