Тўйга хотинимни ёлғиз жўнатайми? ҳақида ислом дини нима дейди?
Savol:
Ассалому алайкум! Мен Хоразмда яшайман. 5 та тўйнинг 4 тасида ароқ бўлади. Афсуски раққослар ҳам бўлади. Менинг қариндошларимникида ҳам бўлади. Агар ароқ бор деб бормасам, кўпчилик қариндошларим билан муносабатларимизга путур етади. Бу ҳолатда тўйга борсам (силайи раҳмни сақлаб қолиш учун) ва ароқ қўйилмайдиган столда ўтириб, ҳеч нарса емасам бўладими? Ўзи шундоғам ўлганларнинг 3, 7, 40, йилларига бормаяпман. Отам кўп урушади бор деб. Қандай йўл тутсам бўлади? Нима қилсам тўғрироқ бўлади? Ҳозир тўйлар кўп бўляпти. Биттасига бормадим, ароқ сабаб. Хотинимни қариндошлари тўйга таклиф қилишди, бормадим, хотиним ҳам, қайнона қайнотамга ҳам бу ишим ёқмади. Хотинимни қариндошини тўйи индинга. У тўйга бормоқчи. Бормайсан десам уйидагилари жанжал қилиб олиб кетишади. Шу ҳолатда мен тўйга хотинимни ёлғиз жўнатишим керакми? Ёки бирга борайми?
Javob:
Javob:
– Ва алайкум ассалом! Хамр қўйилган дастурхонда ўтириш жоиз эмас. “Мен барибир ичмайманку, бўлаверса керак” деб ўйлаш хато. Унда жойда ўтирганларнинг барчалари, хамр ичгани ҳам ичмагани ҳам гуноҳкор бўладилар. Ўзингиз ҳам аёлингиз ҳам асло ундай жойга борманглар. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عن جابر رَضِي اللهُ عَنْهُ أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فلا يقعد على مائدة يدار عليها الخمر
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса унда хамр айлантириладиган дастурхонда ўтирмасин”, дедилар.
Термизий ривояти
Чунки ундай жойда Аллоҳ таолонинг амрига хилоф қилинмоқда, бунинг кўриб, билиб турганлар эса уни қайтаришга ёки ташлаб кетишга қодир бўла туриб сукут сақламоқдалар. Бу ишлари охир оқибат ўзларини ҳам ўша гуноҳга қўл уришларига олиб бориб қўйиши мумкин. Умар ибн Абдулазизга бир тўда ароқхўрлар иши кўтарилганида, уларга қўшиб, улар билан бирга ўтирган рўзадорга ҳам дарра урдирганлар.
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида бундай марҳамат қилади:
وَقَدْ نَزَّلَ عَلَيْكُمْ فِي الْكِتَابِ أَنْ إِذَا سَمِعْتُمْ آيَاتِ اللّهِ يُكَفَرُ بِهَا وَيُسْتَهْزَأُ بِهَا فَلاَ تَقْعُدُواْ مَعَهُمْ حَتَّى يَخُوضُواْ فِي حَدِيثٍ غَيْرِهِ إِنَّكُمْ إِذًا مِّثْلُهُمْ إِنَّ اللّهَ جَامِعُ الْمُنَافِقِينَ وَالْكَافِرِينَ فِي جَهَنَّمَ جَمِيعًا
140. Батаҳқиқ, сизларга китобда: «Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган чоқда, бошқа гапга ўтмагунларича улар билан ўтирманглар», деб туширди. Агар ўтирсангиз, сиз ҳам уларга ўхшашсиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда жамловчидир.
Аллоҳ таоло китобда, яъни, Қуръони Каримда мўминларга Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр ва истеҳзо гаплар бўлаётган мажлисда ўтирмасликка амр қилган эди. Бу амр Маккаи Мукаррамада нозил бўлган ал-Анъом сурасида келган. Чунки мўмин кишининг бу каби мажлисларда жим ўтириши, мунофиқликнинг бошланишидир. Ҳар бир мўмин Аллоҳ, Ислом, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон каби мўътабар тушунчалар ҳақида ёмон, ахлоқсиз гап-сўзларни эшитган чоғида қарши чиқмоққа, ҳаттоки тўғриламоққа бурчлидир. Кимки бундай ҳолларда жим ўтирса, мунофиқлик йўлига қадам қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг оятларига куфр келтирилаётган, уларни истеҳзо қилинаётган мажлисда ўтирганларни мунофиқларга тенглаштирмоқда. Бу эса, жуда хатарлидир. Мунофиқлик ва кофирлик бу дунёда Исломга, иймонга биргаликда қарши бўлганлари учун ҳам, у дунёда:
«Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамда жамловчидир». (“Тафсири ҳилол” китобидан)/ Валлоҳу аълам!
Savollarga javoblar
Тўйга хотинимни ёлғиз жўнатайми?