Толиб Йўлдош (1919-2002) haqida to’liq ma’lumot oling
DO`STLARGA ULASHING:
Болалар ва катталарнинг ардоқли шоири Толиб Йўлдош 1919 йили Тошкентнинг Чилонзор ота мавзеси, Гулбозор маҳалласида оддий меҳнаткаш оиласида дунёга келган. У турмуш ташвишлари билан бўлиб, илм-билим деган нарсаларни қирқ ёшидан сўнг эгаллади. Тайёрлов ва кечки курсларда ўқиди. Аммо шоирнинг «Сайлайман» деган биринчи шеъри 1937 йилда — 18 ёшида эълон қилинди. Толиб Йўлдошнинг биринчи шеърий тўплами «Бўри билан чол» эса 1943 йилда чоп этилган.
«Шундан бери, — деб ёзади шоир таржимаи ҳолида,— қирққа яқин тўплам нашр эттирдим, ярми болаларга, ярми катталар учун». Толиб Йўлдошнинг «Бахтиёрлар қўшиғи», «Порлоқ эрта», «Полизда», «Дўмбоқлар», «Копток нега қочади», «Ўсмирлик ўйлари», «Оқ теракми, кўк терак», «Қуёш билан суҳбат» каби йигирмага яқин шеърий тўпламларида беғубор ёшлар қалби, орзу-мақсадлари, интилишлари, қувонч ва ташвишлари ўзининг ёрқин ифодасини топган. Шоирнинг болаларга бағишланган кўпчилик шеърлари З. Диёр, Қ. Муҳаммадий, Қ. Ҳикмат каби шоирларнинг шеърлари каби содда, равон ва аниқ, бадиий ифодага эга эканлиги билан эътиборлидир.
Қизиғи шундаки, шоир кўп шеърларини топишмоқ тарзида баён этади. Оқибатда боланинг диққат-эътибори шеърга тортилади, ўй-хаёлга чорланади. Топқирлик, шеър маъно ва мазмунини сингдиришга имкон яратилади.
Болаларга бағишланган яна бир қатор шеърлари эса ўзининг маъно ва мазмунига кўра жиддий, салмоқли, ўй-хаёлга чорлаб туриши билан ажралиб туради. Жумладан, «Тўрт фасл» шеърида йилнинг кўклам, ёз, куз ва қиши ҳақида ажойиб бир манзара яратади.
Толиб Йўлдошнинг болаларга бағишланган шеърияти орасида эртаклар, эртак-достонлар ҳам анчагина. Унинг «Овчи», «Тўқликка шўхлик», «Хумча билан нимча», «Қўрқоқ қуён», «Ўрмонликлар орзуси», «Тошмат учган» каби ўнлаб эртаклари хаёлий-саргузашт жанрига хос услубда яратилган. Бу ҳол эса болаларнинг романтик кайфиятига жуда мос бўлиб, уларнинг ички дунёсини тўлароқ очиб бериш имкониятини яратади.
Шоирнинг кўп асарлари, айтганимиздек, катталарга бағишланган бўлиб, улар жанр жиҳатдан тўртликлар, саккизликлар ва ҳажвлардан иборат. Айниқса, бу жиҳатдан адибнинг «Ошиқ кўнгил» (1974) тўпламига кирган «Етуклик», «Йиллар ва ўйлар» туркумидаги шеърлар ўзининг мазмундорлиги, фалсафий теранлиги, бадиий пухталиги билан ўқувчини ўзига жалб этади. Бу туркумдаги шеърлар мавзу ва маъно жиҳатдан ниҳоятда бой ва сержилодир.
Толиб Йўлдош ижодида ҳажв ҳам катта ўринни эгаллайди. Ҳатто, бу мазмундаги асарлари «Муштум» кутубхонаси туркумида алоҳида нашр ҳам этилган. Хусусан, «Ажабсанда» номли ҳажвий асарлардан таркиб топган шеърий тўплам алоҳида эътиборни тортади. Тўпламга кирган «Ҳеч ким билмасин», «Саёқ», «Мода», «Жароҳат», «Бали-бали», «Хушомад» каби ўнлаб асарлар теле ва радио миниатюраларнинг доимий ҳажв қўшиғи бўлиб келмоқда.
Толиб Йўлдош ғазалнавис шоир сифатида ҳам маълум. Унинг бир қатор ғазаллари ва ҳажвий қўшиқлари эл суйган санъаткорлар овозига йўғрилиб, тингловчига эстетик завқ бағишлаб келади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор айтганидек, «у фақат қалб амри билан, ички бир эҳтиёж билан» ижод қилиб, ҳурматга кирган адиб сифатида бугунги адабий жараёнда ўз ўрнига эгадир. Унга Мустақиллигимизнинг етти йиллигида «Эл-юрт ҳурмати» ордени топширилди (1998). У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1989) дир.
Толиб Йўлдош 2002 йили вафот этган.
Malumotlar
Толиб Йўлдош (1919-2002)