Суриштирув: Мактаб дарсликларини кимлар чоп этяпти

Суриштирув: Мактаб дарсликларини кимлар чоп этяпти

Бошқа томондан, юз миллиардлаб маблағнинг катта қисмига бирор етакчи корхонанинг ўзи эгалик қилишга интилаётгани ҳам соҳада монополия вужудга келишига сабаб бўлади.

Президент мактаб дарсликларини бепул ижарага бериш юзасидан топшириқ берди

Халқ таълими вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022/2023 ўқув йилига мактаб дарсликлари тўплами учун ижара тўлови миқдори кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан кескин танқидга учради.

Депутат Расул Кушербаев мактабларда дарслик китобларни пуллик ижарага беришни Конституцияга зид, деб ҳисоблади.

Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши муносабати билан кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар юзасидан Президентимизга ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

“Мактаб дарсликлари болаларнинг умумий ўрта таълим олишида фавқулодда муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб ҳамда мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини, қонуний вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди”, – дейилади Ш.Асадов хабарида.

Суриштирув: Мактаб дарсликларини кимлар чоп этяпти?

Мактаб дарсликларининг ижара нархлари билан боғлиқ машмашалар президент қулоғигача етиб борди ва давлат раҳбари топшириғига кўра, энди дарсликлар бўйича харажатлар тўлиқ бюджетга ўтказиладиган бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар чоғида мактаб дарсликларини чоп этиш кимларнингдир измида экани ҳақида ҳам маълумотлар тарқатилди. Бу иддаоларда асос бор-йўқлиги, янгиланаётган дарсликларда қандай ютуқ ва камчиликлар борлигини холисона ўрганишга ҳаракат қилдик. Очиқ маълумотлар асосида дарсликларни яратиш ва чоп этиш қандай йўлга қўйилганини таҳлил қилдик. Материал катта, уни эринмасдан ўқиб чиқиб, хулоса чиқаришни ўзингизга қолдирамиз.

Самарқанддаги биз борган мактабда дарсликларнинг катта қисми ўқиш бошланмай туриб тарқатиб бўлинган эди. (Масалан, таълим рус тилида олиб борилувчи 3 ва 6-синф дарсликлари қолмаган экан). Шу сабаб, қуйидаги рўйхатда айрим дарсликлар йўқлигидан, ҳайрон қолманг. Қолган дарсликларга қараб ҳам умумий манзарани тушуниб олса бўлади.

Фойдаланишдаги энг эски дарсликлар 2017 йилда чоп этилган. 2017 йилда — 6-, 7-ва 10-синфлар; 2018 йилда — 11 синф; 2019 йилда — 8–9-синфлар, 2020 йилда — 4–5-синфлар, 2021 йилда — 1–2-синфлар дарсликлари нашр қилинган. 2022 йилда ҳозирча фақат 3-синф дарсликлари янгилаб берилган.

Дарсликлар ҳажми катталашмоқда

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мактабларида дарсликлар янги форматга ўтказилмоқда. Аввал А5 форматга яқин ўрта форматда бўлган дарсликларнинг шакли катталашиб, А4 форматга яқин йирик форматда чоп этилмоқда. Тўғри, бу давлат ва халқаро стандартларга мос келади.

Бу борада ҳам ҳозирча турли фикрлар бор. Айрим ота-оналар ва ўқувчилар аввалги ўрта форматли китоблар китоб жавони ва ўқувчиларнинг рюкзагига солишда ихчам, енгилроқ, қулай бўлганини айтишади. Қатор мутахассислар ва ўқитувчилар эса янги китоблар жуда тушунарли тилда ёзилгани, сифатли қоғозга чоп этилгани, чиройли суратлар ва иллюстрациялар билан безатилганини таъкидлашмоқда.

Ўзбекистонда тасдиқланган меъёрий талабларга кўра, дасликлар тўплами ва ёзув қуролларининг ҳар кунлик оғирлиги 1–2-синф ўқувчилари учун 1,5 кг.дан, 3–4-синф ўқувчилари учун 2 кг.дан, 5–6-синф ўқувчилари учун 2,5 кг.дан, 7–8-синф ўқувчилари учун 3,5 кгюдан, 9–11-синф ўқувчилари учун 4 кг.дан ошмаслиги керак.

Катта форматдаги китоблар билан бизда бу меъёр бузилиши аниқ. Болаларимизнинг рюкзагида ярим литр сув солинган термос ҳам бўлишини ҳисобга олинг. Шаҳарларда-ку, майли, туманларда болалар шундай оғирликдаги рюкзак билан 2–3 км масофа босиб, мактабга пиёда қатнашини бир ўйлаб кўринг-а.

Президент фармонига асосан, 2022 йилда 3-, 6-, 7- ва 10-синфларнинг барча дарслиги янгиланишини керак. Ҳозирча фақат 3-синфнинг янгиланган дарслиги мактабга етиб келибди. Шунингдек, барча синфларнинг рус тили дарсликлари янгиланиб бўлган. 7-синф учун она тили дарслиги ҳам янги.

Дарсликлар ҳар 4 йилда алмаштирилиши назарда тутилади. Мактаб кутубхоначисининг айтишича, фақат 1-синф дарсликлари ҳар 2 йилда алмаштирилади ва утилизация қилинади. Бошланғич синфлар учун машқ дафтарлари эса ҳар йили янгидан чоп этилар экан.

Бу ўринда бир жиҳатга эътибор бериш лозим: Ўзбекистонда дарслик китоблари ва машқ дафталари 7 хилда чоп этилади. Уларнинг катта қисмини, табиийки, ўзбек тилидаги дарсликлар ташкил этади. Кейин рус тилидаги дарсликлар улуши ҳам салмоқли. Шунингдек, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида ҳам дарсликлар айни кўринишда босилади.

Дарсликлар чоп этиш схемаси қанақа?

Дарсликни чоп этиш тендер ва танловлар билан амалга оширилади. Тендерлар ҳақидаги эълонлар ва уларнинг натижалари etender.uzex.uz сайтига жойланади. Буюртмачи талабига кўра, бирор синфнинг маълум бир дарслигини чоп этиш танловида қатнашган матбаа корхонаси унинг барча тилдаги кўринишларини чоп этиб беришни зиммасига олади.

2017–18 йилларга эътибор солинса, дарсликлар асосан «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Чўлпон» нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖда чоп этилган.

Шунингдек, айрим китоблар «Маънавият» нашриёти ҳамда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» нашриёти орқали «Ўзбекистон» НМИУда чоп этилган. Хусусий корхона ҳисобланувчи «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖдан бошқа барчаси давлат тасарруфидаги ташкилотлар бўлган. Азалдан Ўзбекистонда мана шу матбаачилик корхоналари дарслик чоп этиш билан шуғулланган.

2020 йил 17 мартда «Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарори қабул қилинади. Унга кўра, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархлар давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинади. Унгача, бажариладиган ишлар учун 15 фоиздан ортиқ фойда қўйиш мумкин бўлмаган.

2019 йилда АОКА таркибидаги «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи иккита тузилмага ажратилиб, нашриёт номи остида илмий-услубий ноширлик маркази ва матбаа уйи ташкил этилган.

Илмий-услубий ноширлик марказини ташкил этишдан мақсад – узлуксиз таълим тизимида Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш бўлган.

Аммо, 2020 йил 7 ноябрдаги «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори билан, ХТВ ҳузуридаги Республика таълим марказига Халқ таълими вазирлиги буюртмасига асосан муаллиф ва тузувчиларни танлаш ҳамда дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларнинг ягона макетларини яратиш ваколатлари берилган.

2020 йилдан бошлаб китоб чоп этиш соҳасида вазият ўзгарган. Масалан, айрим дарсликлар «HUQUQ VA JAMIYAT» МЧЖ ноширлигида, «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖда чоп этилган. Умуман, икки-уч йил аввал китоб босиш имконияти бўлмаган матбаа корхоналари ҳам дарсликлар чоп этиш бўйича лотни ютиб олиб, китобларни «Ўзбекистон» НМИУ, «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖ, «Шарқ» НМАКда босишганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ташқаридан қаралганда қизиқ вазият кўзга ташланади. 1–9-синфлар учун дарсликларни ўша машҳур давлат матбаа корхоналари чоп этган бўлишса, 2017 йилда мактабларда 10-синф, 2018 йилда 11-синф пайдо бўлиши билан, шунингдек, мактабларга янги фанлар жорий этилиши билан янги бозорда матбаа корхоналари пайдо бўлган.

  • «DAVR NASHRIYOTI» МЧЖ — 10-синфлар учун Рус тили ва Ўзбек тили дарсликларини «Ўзбекистон» НМИУда тайёрлатган;
  • «NISO POLIGRAF» МЧЖ — 10-синфлар учун Физика дарслигини «Ўзбекистон» НМИУда тайёрлатган;
  • «MITTI YULDUZ» МЧЖ — 5-синфлар учун география дарслигини “Ўзбекистон” НМУИ, , 8-синфлар учун Кимё дарслигини «YANGIYUL POLIGRAPH SERVICE» МЧЖда тайёрлатган.
  • «TURON-IQBOL» МЧЖ — 10–11-синфлар учун Жаҳон тарихи дарслигини «Ўзбекистон» НМИУда тайёрлатган;
  • «EXTREMUM PRESS» МЧЖ — 10-синфлар учун Математика, 11-синфлар учун Информатика дарсликларини «Ўзбекистон» ва «Ўқитувчи» НМИУларда тайёрлатган;
  • «ILM-ZIYO» оилавий корхонаси — 10–11-синфлар учун Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дарслигини «Шарқ» НМАКда тайёрлатган;
  • «ZAMIN-NASHR» МЧЖ — 11-синфлар учун Математика дарслигини «Ўзбекистон» НМИУ ва «CREDO PRINT GROUP» МЧЖда тайёрлатган.
  • «IMPERIAL PRINT» МЧЖ — 3-синф учун (2022 йилда) Тасвирий санъат ва Математика дарсликларини «Шарқ» НМАКда тайёрлатган.
  • «EUROASIA PRINT» МЧЖ — 3-синфлар учун Инглиз тилидан машқ дафтарини чоп этган.

«KOLORPAK»нинг майдонга чиқиши

Ижтимоий тармоқдаги турли баҳс-мунозараларда, аноним каналларда «KOLORPAK» МЧЖ китоб бўйича тендер лотларининг катта қисмини ютиб олаётгани ҳақидаги маълумотлар ўртага ташланди.

Бу корхона бенефициарлари мактаб дарсликлари бозорига илк бор 2019 йилда қадам босган. Ўша йили «НАШРИЁТ УЙИ ТАСВИР» МЧЖ танловда қатнашиб, 8-синф учун Информатика дарслигини ўзининг асосий таъсисчиси ҳамтаъсисчилигидаги «KOLORPAK» МЧЖда чоп этган.

KOLORPAK таъсисчиларидан бўлган Исмоил ИсроиловAkfa Engineering Management компаниясининг собиқ директори, Eco House-Group компаниясининг собиқ таъсисчиларидан бири. У айни пайтда Discover Invest‘нинг 56,9 фоиз улушига эгалик қилади. Kun.uz Eco House-Group ва Discover Invest компаниялари пойтахтда йирик лойиҳаларни тендерсиз олаётгани ҳақида ёзган эди.

2021-22 йилларда чиндан ҳам мактаб дарсликларни чоп этиш асосан «KOLORPAK» МЧЖда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бунга ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади. Чунки бу орада «KOLORPAK» МЧЖ «Ўқитувчи матбаа уйи» МЧЖнинг давлат улушини тўлиқ сотиб олган ва ўзи ҳам ўша манзилга кўчиб ўтган.

Компаниянинг амалда тенг улушга эга икки таъсисчиси бор: Шуҳрат Аҳмедов ва Исмоил Исроилов. Улар ҳар бири тўғридан тўғри 36,7 фоиздан улушга эгалик қилади. Учинчи таъсисчи – «Zo‘r» телерадиокомпанияси ҳам шу икки шахсга тегишли (50/50).

Айрим манбалардаги маълумотларга кўра, Исмоил Исроилов – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни. У аввалроқ Akfa Engineering Management компанияси директори бўлган, айни пайтда ҳам ҳокимга дохил қатор компанияларга алоқадор шахс саналади.

2019 йилда Ирландиянинг Олстер университети профессори, криминолог Кристиан Ласслет эълон қилган суриштирувларда Исмоил Исроилов ўша вақтда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кўплаб компанияларида номинал таъсисчи бўлгани айтилади.

Исмоил Исроилов атрофидаги корпоратив боғлиқликлар (2019 йил ҳолатига). Инфографика Ўзбекистон ҳукуматининг расмий ва очиқ маълумотлари асосида Open Democracy томонидан тайёрланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Тошкент шаҳрида полиграфия соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан, Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси 1а-уй манзилидаги полиграфия цехи биноси (бу ерда «Ўқитувчи матбаа уйи» МЧЖ жойлашган) тегишли ҳудуди билан биргаликда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни киритиш шарти билан «нол» харид қийматида «KOLORPAK» МЧЖга бериб юборилган. Бунинг эвазига «KOLORPAK» МЧЖ 15 млн евро, шунингдек, 5 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 200 та янги иш ўрни яратиш шартини қабул қилган.

Орадан уч йил ўтиб, 2021 йилнинг 27 августи Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига асосан, «KOLORPAK» МЧЖ «Ўқитувчи матбаа уйи» МЧЖнинг 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича савдо ғолиби деб эълон қилинган. Бунда харид нархи 22,3 млрд сўмни ташкил этиб, ғолибга 15 ой давомида камида 2,5 млн АҚШ долларлик янги замонавий матбаа асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, нашриёт биносида 20 млрд сўмдан кам бўлмаган таъмирлаш ишларини бажариш ҳамда мавжуд иш ўринларини сақлаб қолган ҳолда 50 та янги иш ўринларини яратиш шарти қўйилган.

Республика товар-хомашё биржасининг UzEX-tender сайти орқали «KOLORPAK» МЧЖ ғолиб бўлган тендерларга эътибор қаратамиз. Корхона жорий ўқув йили учун камида 16 та лотда ғолиб чиққан:

Дарҳақиқат 2022/23 ўқув йили учун чоп этишга мўлжалланган дарсликларнинг катта қисми «KOLORPAK» МЧЖ томонидан ютиб олинган. Бу ҳолда аввалги буюртмаларнинг аксар қисмини бажарувчи «Ўқитувчи» нашриёти айни дамда шу МЧЖ таркибида эканини ҳам унутмаслик керак.

Халқ таълими вазирлиги қошидаги тендер комиссияси таркиби

Etender.uzex.uz сайтини қидириб, 2022/23 йилларда дарсликларни чоп этиш бўйича тендерда «SANO-STANDART» МЧЖ (2003 йилда ташкил этилган, 6 та лот), «ILM-NASHR» МЧЖ (2020 йилда ташкил этилган, 2 та лот), «ZUKKO KITOBXON» МЧЖ (2018 йилда ташкил этилган, 1 та лот), «PRINTUZ» МЧЖ (2017 йилда ташкил этилган, 3 та лот), «MEGA POLIGRAF SERVISE» МЧЖ (2015 йилда ташкил қилинган, 1 та лот), «BOOK MEDIA NASHR» МЧЖ (2018 йилда ташкил қилинган, 1 та лот), «TAFAKKUR AVLODI» МЧЖ (2020 йилда ташкил қилинган, 2 та лот) қатнашиб, ғолиб бўлганини аниқладик. Уларнинг айримлари «KOLORPAK» МЧЖни доғда қолдиришга мушарраф бўлган.

Эски танишларимиз – «YANGIYUL POLIGRAPH SERVICE» МЧЖ 6 та, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи 10 та лотни ютиб олган. Ғафур Ғулом ва Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа уйлари умуман бу бозордан сиқиб чиқарилганга ўхшаяпти.

Китоб чоп этиш бозорида ҳаммаси ҳалол ва адолатлими?

Мактаб дарсликларининг ижара ҳақи ўтган йилгига нисбатан 2–3 баробарга ошди.

Президент Мирзиёевнинг мактаб дарсликларига оид топшириғидан сўнг, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раислигида мазкур масала бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган.

Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига 1 ой муддатда дарсликларни тайёрлаш, нашр этиш, таннарх ва тарқатиш тизимини танқидий кўриб чиқиш, давлат буюртмаси бажарилишининг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Четдан қараганда давлат бюджетидан ажратиладиган пул учун янги фирмалар тузилиб, улар танловда қандайдир йўллар билан лотларни ютиб олаётгандек. Босмахонаси бўлмаган, буюртмани давлат босмахонасида чоп этган ноширлик корхоналари ҳам бўлгани шундай хаёлга боришга ундайди. Чунки ҳар бир синф дарслигини чоп этиш учун ўн миллиардлаб маблағ ажратилади.

Бошқа томондан, юз миллиардлаб маблағнинг катта қисмига бирор етакчи корхонанинг ўзи эгалик қилишга интилаётгани ҳам соҳада монополия вужудга келишига сабаб бўлади.

Кузатамиз, балким соҳада қандайдир қинғирликлар рўй берган бўлса, буни текшириб кўрган мутасаддилар натижасини оммага ошкор этишар, соҳада тартиб юзага келар. Нима бўлганда ҳам, бу борада ҳам қандайдир монопол корхона яратилишига йўл қўйиб бўлмайди.

Қолаверса, босмахоналарга китоб устига истаганча фойда қўйиш имкони берилгани, боз устига китоблар йирик форматда чоп этилаётгани қоғоз сарфи ва типография харажатларининг ошишига олиб келиши тайин. Мактаб дарсликларининг ижара ҳақини бежизга 2–3 баробарга оширишга ҳаракат бўлмади.

Дарсликлар ижараси бюджетга ўтказилиб, муаммонинг сўнгги истеъмолчига бориб тақаладиган қисми ҳал қилинди. Лекин дарсликларни босишда давлат маблағларининг талон-торож қилинишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Имкони бўлса, 1 миллион доллар эквивалентидан ошган таклифларга халқаро танловларни ҳам ўтказиш керак.

Яна айрим нарсаларга ўз фикрларимни билдириб кетишни жоиз деб билдим.

Республика таълим маркази томонидан тайёрланаётган янги дарсликларнинг дизайни аввалгилардан яхши. Сифат ҳам яхшиланган, буни тан олиш керак. Фақат мактабда янги фанлар кўпайганини тушуниб бўлмайди. Фақат базавий фанларни яхшироқ таъминлаш ва ўқитишга эътибор қаратиш керак.

Масалан, Технология, Тарбия, Мусиқа, Тасвирий санъат каби фанлардан дарсликлар китоб шаклида чоп этилмасдан, электрон дарслик кўринишда интерактив, мултимедиа форматида қилинса, болаларнинг эсида тезроқ қоларди. Ахир, бунча информацияни китобдан ўқиб эслаб қолиб бўлмайди. Мусиқа ва мусаввирликка қизиққан болалар учун санъат мактаблари, техникага қизиққан болаларга техника саройлари ҳам бор-ку?

Дарвоқе, дарсликларнинг жорий тиражини чоп этишда кейинги йилларда ўқувчилар сони ошиши ҳисобга олинмаган. Масалан, айни пайтдаги 10-синфлар учун дарслик чоп этишда ҳозирги 7-синфларнинг сонини албатта инобатга олиш керак. Чунки улар 4 йилда 10-синф бўлишади. Ўқувчилар сони йилдан йилга ўсиб бормоқда. Қолаверса, фойдаланиш давомида китоблар йўқолади, йиртилади. Мактабларда китоб етишмовчилигининг ҳам бош сабабларидан бири шу эмасми?

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Янги мактаб дарсликлари эскиларидан нимаси билан фарқ қилади? Фарқлар жуда кўп

Ўқув йили бошида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси нархлари ошгани ҳақидаги шикоятлар пайдо бўлди. (Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, дарсликлар ижараси нархлари Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.) Халқ таълими вазирлиги нархларнинг кўтарилганини жаҳон бозорида қоғоз нархининг кескин ошгани ва қоғозни мамлакатга етказиб бериш учун транспорт харажатлари ошиши билан изоҳлади. Президентнинг дарсликларни бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан берган топшириғидан сўнг ХТВ мактаб дарсликлари ижараси учун тўловлар бекор қилинишини билдирди.

Ижара нархларидан бошланган муҳокамалар ўқув дастурлари ва дарсликларни ишлаб чиқувчи Республика таълим маркази (РТМ) ва шахсан РТМ директори Шуҳрат Сатторов фаолияти муҳокамасига айланиб кетди. (РТМ дарсликларнинг асл макетларини тайёрлайди, уларни нашр этиш (кўпайтириш) эса ХТВ томонидан ўтказилган тендерларда ғолиб бўлган нашриётлар томонидан амалга оширилади. РТМ ўқув қўлланмалари ва дарсликларни нашр этмайди, уларнинг нархини белгиламайди.) РТМга қарши «ахборот кампанияси»да айниқса kompromatuzb аноним телеграм канали фаол бўлди.

21 август куни президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ўзининг Фейсбук-саҳифасида ўзбек мактаблари битирувчиларига қўйилган талабларни санаб ўтар экан, Сардор Умрзоқов бошчилигидаги команда президентдан бу йўналишда аниқ топшириқ олгани ва ишлар бошланганини маълум қилди.

Ўз навбатида, у гап қайси таълим дастури ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади: давлат раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги қарори билан 2022−2026 йилларда халқ таълимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида тўлиқ жорий қилиниши белгиланган Миллий ўқув дастури тўғрисидами ёки бошқа, мутлақо янгиси тўғрисида?

Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқишга БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) халқаро экспертлари жалб қилинди, дастурнинг ўзи Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида бир неча босқичларда муҳокамадан ўтди ҳамда инспекция томонидан Таълим узлуксизлигини таъминлаш концепциясига киритилди.

Хуллас, 31 август куни «аниқ топшириқ» олингани ва «иш бошлангани» маълум қилинган бўлса, 5 сентябрь куни Комил Алламжонов «барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги мавжуд хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича» катта ишчи гуруҳ тузилганини эълон қилди. Эртаси куни у «мактаб таълими сифатига бефарқ бўлмаган ҳар кимдан бу борадаги муаммолар, уларнинг ечими ҳақида таклифлар»ни юборишни сўради. Унинг сўзларига кўра, «тўрт соат ичида почтага 1278 та мурожаат келиб тушган ва бу кўрсаткич ҳар дақиқада ошиб бормоқда».

Дарслик муҳокамасига бошқа таниқли шахслар ҳам қўшилди. Жумладан, Файзбоғ телеграм-канали муаллифи (Темур Малик), шунингдек, блогерлар Нурбек Алимов ва Али Каххаров машҳур тадбиркор Мурод Назаров ҳақидаги маълумотларнинг дарсликка киритилгани ҳақида ёзди. Таниқли жамоат арбоби ва блогер Азиза Умарова дарсликларни краудсорсинг орқали қайта кўриб чиқишни таклиф қилди: унинг фикрича, «чет тилини билмайдиган, Future of jobs/касбларнинг келажаги (шу номдаги анъанавий анжуман — тарж.)ни тўлиқ тушунмайдиган, хориждаги таълим тизимини кўрмаган одамлар 2022 йилда ўтириб, мустақил равишда яхши нарса яратган бўлишлари даргумон». (РТМ маълумотларига кўра, дарсликларни ёзиш ёки уларни экспертизадан ўтказиш учун жалб қилинган мутахассисларнинг аксарияти хорижда ўқишган, ЮНИСЕФ томонидан жалб қилинган халқаро экспертлар эса жараёнда маслаҳатчи сифатида иштирок этишган.

Ушбу мақола тайёрланаётган бир пайтда, 14 сентябрь куни kompromatuzb аноним канали таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 2-синфлари учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслигидан (2021 йилда Миллий ўқув дастурига ўтиш доирасида нашр этилган) саҳифаларидан бирини эълон қилиб, ўқувчилардан «Катта бўлсам, Нобел оламан» мавзусида ҳикоя ёзишлари сўралган вазифага эътиборни қаратади. Канал муаллифи «Нобель ҳақида 2-синф ўқувчисида тушунча онасини қорнида пайдо бўлганми?!» деган саволни кўтарди.

РТМ матбуот хизматининг тушунтиришича, мазкур саҳифа Нобел мукофотига бағишланган бўлимнинг якунидир. Унгача ўқувчилар Нобел мукофоти ҳақидаги аудио матнни тинглайдилар, матнга оид топшириқлар устида ишлайдилар ва ҳикоя ёзиш мазкур мавзу бўйича олдинги топшириқларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Дарслик муаллифи Ирода Азимова ўзининг Фейсбук-саҳифасида бу каби топшириқлардан кўзланган мақсад болаларда илмга қизиқиш уйғотиш эканини тушунтириб, бундай иғволардан чарчаганини таъкидлади. У Шерзод Шерматов (собиқ халқ таълими вазири, ўша пайтда вазир янги дарсликлар яратиш жараёнини бошлаган эди) ва ХТВнинг амалдаги раҳбарияти вакилларини вазиятга муносабат билдиришга чақирди.

Муҳокамалар фонида янги мактаб дарсликлари муаллифлари президентга мурожаат қилиб чиқишди. Улар дарсликларга замонавий методикани, методикадаги замонавий тенденцияларни ҳозирги замон боласига нимани қандай ўргатиш кераклигини тушунадиган мутахассислар, холис экспертлар баҳо беришларини сўрашди. Юрист ва блогер Хушнудбек Худайбердиев бундай қадамни «страховка» деб атади ва «Қўрқоқ олдин мушт кўтарар» мақолини эслаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, дарсликларнинг аксарияти талабга жавоб бермайди ва янгиланиши керак.

РТМ маълумотларига кўра, жорий йилда Миллий ўқув дастурига ўтиш доирасида 6, 7 ва 10-синфлар учун дарсликлар тайёрланди. «Газета.uz» дарслик муаллифларига мурожаат қилиб, бир нечта дарсликлар — тил ва адабиёт дарсликлари мисолида ушбу дарсликларда нима ўзгаргани ва нима сабабдан ўзгарганлигини тушунтиришларини сўради. Дарсликларнинг электрон вариантлари РТМ каналига жойлаштирилган.

РТМ бўлим мудири Барнохон Турсуналиева ҳамда адабиёт бўйича дарслиги муаллифи, филология фанлари доктори Зулхумор Мирзаева тил ва адабиёт дарсликларига киритилган ўзгартиришлар ҳақида сўзлаб беришди.

Дарсликлардаги ўзгаришлар

Она тили: Қандай эди?

Ижтимоий тармоқларда, айниқса, ўқитувчиларнинг «Маърифат» газетаси ўқувчиларининг телеграм гуруҳида ўзбек мактаблари учун она тилидан янги дарсликлар қизғин муҳокама қилинмоқда. Муҳокама иштирокчиларидан баъзилари «она тили фани ўз моҳиятини йўқотиб, турли фанлар қоришмасига айланиб қолди», деб нолийди. Дарҳақиқат, масалан, ўзбек мактабларининг 6-синфи учун она тили дарслигининг мундарижасига эътибор қаратсангиз, одатий мавзулар, масалан, «Феъл», «Феълнинг шахс-сон, замон шакллари», «Сифатдош» ўрнига «Тил — мулоқот воситаси», «Глобал исиш», «Экспорт-импорт», «Солиқлар», «Рақамли дунё» каби мавзуларни кўришингиз мумкин.

Аввалги она тили дарсликлари тилнинг тузилишига оид тизимли қоидалар ва бу қоидаларнинг ёд олинишини таъминловчи машқлардан иборат эди.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун она тили дарслиги мундарижаси (2017 йил).

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун «Она тили» дарслигидаги (2017 йил) мавзулардан бири. Ўқувчилар феъл турларини ажратишни ўрганадилар.

Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун «Родной язык» дарслигидаги (2017 йил) мавзулардан бири.

Нималар ўзгарди?

1. Дарснинг (ёки дарслар кетма-кетлигидан иборат мавзунинг) асосий ўзагини аввалгидек грамматик қоида эмас, балки матн ташкил этади. Матнлар мавзу, услуб (бадиий, ахборот, публицистик, илмий-оммабоп ва бошқалар) ҳамда шакл (тўлиқ матн, инфографика, жадваллар, диаграммалар ва бошқалар) жиҳатдан турлича бўлиши мумкин.

2. Машқлар матн асосида тузилган ва ўқувчиларда қуйидаги кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган:

— матнни тушуниш кўникмалари;

— матн яратиш кўникмалари (ёзма ёки оғзаки);

— танқидий ва ижодий фикрлаш, шунингдек, тадқиқотчилик кўникмалари;

— тил қоидаларини ўзлаштириш.

3. Ўрганиладиган тил қоидалари тизимли тарзда (фонетика ва лексикологиядан морфология, синтаксис ва услубиятгача) эмас, балки матнлар асосида (матнда учрашига қараб) берилади. Аксарият ҳолларда қоидалар ихчам, ортиқча терминологиядан холи тарзда берилади.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун она тили дарслиги мундарижаси (2022 йил).

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Она тили» дарслигидаги (2022) бир мавзудан парчалар . Болалар а) инфографикани тушунишни, б) мавзуга оид атамаларни тушунишни, в) тақдимот қилишни ўрганадилар.

Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг 7-синфи учун «Русский язык» дарслигидаги (2022) бир мавзудан парчалар. Матн асосида болалар а) мавзу бўйича ўз фикрини билдиришни, б) боғловчи ва тиниш белгиларидан тўғри фойдаланишни ўрганадилар.

Нима учун?

Она тили бўйича миллий дарсликларда устун бўлган тилнинг тузилишини (фонетика, лексикология, морфология, синтаксис, стилистика) изчил ўрганиш тилшунослик билан шуғулланадиган мутахассислар учун зарурдир. Бироқ тилшунос кадрлар тайёрлаш умумтаълим мактабининг вазифаси эмас. Мактабдаги тил таълимининг (она тили ва бошқа тилларнинг) вазифаси ўқувчини турли мулоқот вазиятларида тилдан тўғри ва самарали фойдаланишга ўргатишдир. Бунинг учун ўқувчи қуйидаги кўникмаларга эга бўлиши керак:

— ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган оғзаки, ёзма ва визуал матнларнинг ҳар хил турларини тушуниш;

— ўз фикрларини бошқаларга етказиш учун матнлар (оғзаки, ёзма, визуал) яратиш ва диалогда (полилогда) қатнашиш;

— ахборотни қидириш, топиш, солиштириш ва таҳлил қилиш.

Рус ва ўзбек тиллари (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)

Қандай эди?

Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун рус ва ўзбек тиллари дарсликлари ҳам тил тузилишини (фонетика, морфология, синтаксис) тизимли ўрганиш асосида қурилган эди. Матн ва машқлар асосан грамматикага оид мавзуларни ўрганишга хизмат қилган.

Таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Ўзбек тили» дарслиги саҳифалари (2017).

Таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 7-синфи учун «Рус тили» дарслиги саҳифалари (2017).

Нима ўзгарди?

Дарслар коммуникатив мавзу асосида қурилган бўлиб, унинг асосида тегишли даража учун лексика ва грамматикаси мос бўлган матн (диалог) танланади. Ушбу матн тил кўникмаларини (ўқилган ёки эшитилган матнни тушуниш, оғзаки ёки ёзма мулоқот) ривожлантириш ҳамда лексика ва грамматикани ўрганиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Ўзбек тили» дарслигида бир мавзудан парчалар (2022). Болалар а) ўзини ва бошқаларни таништириш, б) айрим сўзларни тўғри ишлатишни ўрганадилар.

Таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 5-синфи учун «Рус тили» дарслигида бир мавзудан парчалар (2022). Болалар а) дарс ҳақида гапиришни, б) феълнинг ўтган замон шаклини тўғри ишлатишни ўрганадилар. РТМ маълумотларига кўра, ушбу йўналишдаги дарсликлар рус тилини чет тили сифатида ўқитиш методикаси асосида яратилган ва А. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликда тайёрланган.

Нима учун?

Она тили бўлмаган тилни ўқитишда коммуникатив ёндашув ўқувчига ҳатто чекланган лексика (луғат бойлиги) ва грамматика доирасида ҳам тилни тушуниш ва мулоқот қилиш имконини беради. Бундан ташқари, лексика ва грамматикани контекстда (матн билан боғлиқ ҳолда) ўрганиш уларни яхшироқ ўзлаштиришга ёрдам беради.

Дарвоқе, шу ўринда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган «муаммо» — таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун ўзбек тили дарслигига тадбиркор Мурод Назаров ҳақидаги матннинг киритилгани ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтиш жоиздир. Тилларни ўқитиш методикасида «аутентик материал» деган тушунча мавжуд. Тилларни ўқитишнинг замонавий усули ўқувчини реал вазиятларда тилдан фойдаланишга тайёрлашни мақсад қилади ва бунинг учун реал ҳаётдан олинган турли хил материаллардан фойдаланишни тавсия қилади.

Оммавий ахборот воситаларидаги матнлар, хариталар, чипталар, рекламалар, кўрсатмалар — тил фойдаланувчиси реал ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган барча нарсалар «аутентик материал», яъни ҳақиқий ҳаётдан олинган материал бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Бундай материаллар тил кўникмаларини машқ қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун ўзбек тили дарслигида Мурод Назаров ҳақидаги матн ўқиб тушуниш кўникмаларини ривожлантириш учун аутентик материал сифатида ишлатилган. Бундай аутентик материалларга мисол тариқасида дарслик муаллифлари Кембриж инглиз тили дарслигидаги Симпсонлар ҳақидаги ёки Германияда нашр этилган немис тили дарслигидаги Шварценеггер ҳақидаги матнлардан мисоллар келтирдилар. Мана бу рўйхатда янги дарсликларга киритилган машҳур шахслар номи келтирилган.

Адабиёт

Қандай эди?

Адабиёт дарсликлари асосан «ёзувчининг таржимаи ҳоли — асари (ёки ундан парча) — ўқилган асар ҳақидаги мақола — савол ва топшириқлар» тамойили асосида қурилган эди. Ушбу ёндашув ўқувчиларда асарни мустақил таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиришни кўзда тутмайди, чунки асар ҳақидаги мақолада асарнинг «тўғри таҳлили» берилган бўлади.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Адабиёт» дарслигидаги бир мавзудан парчалар (2017).

Нима ўзгарди?

1. Ўрганилаётган асарлар ҳақидаги мақолалардан воз кечишга қарор қилинди.

2. Бадиий матн билан ишлаш бир неча босқичда қурилади, уларнинг ҳар бири ўзига хос мақсадни кўзлайди:

— матндан олдинги топшириқлар ўқувчиларни асарни тушунишга тайёрлайди;

— матн ичидаги саволлар асар матни билан ишлаш, ундаги сўзлар, воқеалар, образларни тушунишга ёрдам беради;

— матндан кейинги топшириқлар асарни таҳлил қилишга (асар ғоясини аниқлаш, қаҳрамонларга баҳо бериш, лингвистик ва бадиий хусусиятларини таҳлил қилиш, унда кўтарилган муаммони ҳаёт билан боғлаш) ёрдам беради.

3. Кўпгина мавзулар мактабда ўрганиладиган бошқа фанлар (тарих, табиатшунослик, тил ва бошқалар) билан интеграцияни ўз ичига олади.

4. «Адабий канонлар» билан бир қаторда янги муаллифлар ҳамда ўқувчиларга таниш, замонавий мавзулар ва муаммоларга бағишланган асарлар киритилган.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Адабиёт» дарслигидаги бир мавзудан парчалар (2022). Рей Бредберининг «Бир кунлик ёз» ҳикояси асосида болалар: а) жойнинг илмий ва бадиий тасвирини солиштирадилар, б) мактаблардаги буллинг сабаблари ва оқибатларини таҳлил қиладилар ҳамда ҳамдардликни ўрганадилар, в) асардаги сифатлашларни топиш ва уларнинг ўқувчига таъсирини тушунишни ўрганадилар.

Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Адабиёт» дарслигидаги бир мавзудан парчалар (2022).

Нима учун?

Ҳақиқий санъат асари турли талқинларга имкон бериши керак. Матн билан ишлашда кўп босқичли ёндашув ўқувчиларга бадиий матнни яхшироқ тушуниш, ўз талқинларини яратиш ва асардан хулоса чиқариш имконини беради. Янги муаллифлар ва асарлар эса ўқувчиларни турли маданиятлар билан таништириш, уларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш мақсадида киритилган.

Дарсликлар устида ишлаган муаллифлар жамоаси янги дарсликлар ўқувчиларга нафақат мавзуни ўзлаштириш, балки мулоқот, танқидий фикрлаш, изланиш ва муаммони ҳал этиш кўникмаларини ривожлантириш имконини бериши, дарсликларнинг ранг-баранг дизайни эса ўқув жараёнини янада қизиқарли қилишига умид билдиришди.

Qiziqarli malumotlar
Суриштирув: Мактаб дарсликларини кимлар чоп этяпти