Сичқоннинг ношукурлиги
Бир бор экан, бир йўқ экан, кўм-кўк ўрмон ёқасида бир уй бор экан. Бу уйда бир кекса кампир ёлғиз яшар экан. Бир куни кампир эшик ёнида ип йигириб ўтирганда, қарға қувлаб келаётган сичқонни кўриб қолибди. Кампир ўрнидан туриб, қарғани калтак билан ҳайдабди. Сичқонни уйга олиб кириб, олдига бир кафт гуруч тўкибди.
Сичқон кампирнинг нон-тузини егач, унинг уйида қолибди. Энди кампир ёлғизликдан қутулибди. Бироз муддат ўтибди, кампир эшик олдида ўтириб, гуруч тозалаётган экан, сичқон унинг атрофида айланиб ўйнабди. Кампир унга баъзи-баъзида бир неча дона гуруч сочибди. Шу пайт бир мушук кампирнинг уйи ёнидан ўтиб қолибди ва ўйнаб юрган сичқонни кўрибди. Кампир мушукнинг келганини сезгач ичида: “Агар сичқонни кўздан қочирсам, мушук уни олиб кетади”, – деб ўйлабди. Оҳ чекканча ўзига-ўзи дебди: “Қанийди сичқон мушукка айланса-ю, мен бехавотир ўтирсам”. Кўз очиб юмгунча унинг орзуси амалга ошибди. Сичқон катта, баҳайбат мушукка айланибди. Уни кўрган ҳалиги мушук эса думини қисганча қочиб кетибди.
Кечқурун кампир тинчгина ухлабди, мушук томга чиқиб сайр қилибди. Ярим кечада бир итнинг вовуллаганини эшитган мушук қўрқиб, томдан сакраб тушибди. Уйнинг ичига югуриб кирибди, сандиқ орқасига яширинибди. Ит вовуллабди, мушук қалтирабди. Кампир мушукнинг ҳолига ачиниб ўзига-ўзи дебди: “Кошки мушукчам катта итга айланса-ю, унга ҳеч қандай ит озор бера олмаса”. Кампирнинг орзуси яна амалга ошибди. Унинг мушуги катта, кучли итга айланибди. Бошқа итларнинг вовуллаганини эшитганда, уларга жавоб қайтарибди. Уйни қўриқлабди.
Орадан бироз вақт ўтиб кампирнинг уйи атрофида оч йўлбарс пайдо бўлибди. У ўлжа излаб айланиб юрган экан. Ит олдинга чиқиб, унга вовуллабди. Йўлбарс итга қараб наъра тортибди. Шунда кампир фарёд чекибди: “Қанийди, итим катта йўлбарсга айланса. Шунда бошқа ҳайвонлар унга ҳамла қила олмас эди”.
Бу сафар ҳам кампирнинг тилидаги рўёбга чиқибди. Унинг ити катта, ҳайбатли йўлбарсга айланибди. Энди у ўрмонда виқор билан юрадиган бўлибди. Уни кўрган бошқа жонзотлар қўрққанларидан буталар орасига яширинишар ёки дарахт тепасига чиқиб олишар экан. Ҳар сафар ўзидан кичикроқ ҳайвонни кўрса, важоҳат билан наъра тортибди. Кампир унинг қилаётган ишларини кўрса ҳам индамабди. Охир-оқибат бир куни йўлбарс кичкина сичқонни қўрқита бошлабди. Унинг ишидан кампирнинг ҳафсаласи пир бўлиб, йўлбарсга дебди: “Нега бунчалик манмансан? Бир пайтлар ўзинг ҳам кичкина сичқон бўлганинг эсингдан чиқдими?” Йўлбарснинг жаҳли чиқибди. Кампирнинг унга кўрсатган меҳр-у муҳаббатини унутибди.
– Ҳеч ким мени бир пайтлар сичқон бўлганимни билмайди, – дебди у.
– Сен ношукр ҳайвон экансан. Қанийди, яна аввалгидай сичқонга айланиб қолсанг, қарға ортингдан қувиб юрса.
Кампир гапини тугатмасидан йўлбарс кичкинагина сичқонга айланиб қолибди. Қўрққанидан қалтираб, кампирнинг атрофида гир айланибди. Охири ўрмон тарафга қочибди. Кампир уни бошқа кўрмабди. Қиссадан ҳисса: Бойлик бица ёмонга, ўзин санар хоқонга.
Эртаклар
Сичқоннинг ношукурлиги