Сатторхон Абдуғаффоров (1843-1901)

Сатторхон Абдуғаффоров (1843-1901)

Сатторхон Абдуғаффоров (1843-1901)

DO`STLARGA ULASHING:

Сатторхон Абдуғаффоров (1843, Чимкент — 1901, Тошкент) — маърифатпарвар, тарихчи. Йирик уламо (мударрис) оиласида туғилган. Тошкентдаги Шукурхон мадрасасини тугатган (1862). Араб ва форс тилларини яхши билган, рус тилини ўрганган.

1864 йилгача Чимкент шаҳар муфтийси, 1873—76 йилларда Чимкентдаги биринчи рус-тузем мактаби ўқитувчиси. 1876 йил апрелда Қўқон шаҳар қозиси этиб тайинланган. Сатторхон Абдуғаффоров қозилик лавозимидан маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилиш йўлида фойдаланган, дунёвий билимларни тарғиб қилган, натижада руҳонийлар томонидан қаттиқ таъқиб остига олинган. 1881 йил Сатторхон Абдуғаффоров Қўқонни тарк этишга мажбур бўлган.

1883 йил «Туркистон вилоятининг газети»га ишга кирган, Европа маданияти ва дунёвий билимларни тарғиб қилувчи бир қанча мақолалар ёзган. 1884—89 йилларда Тошкент ўқитувчилар семинариясида ўзбек ва форс тилларидан дарс берган.

Сатторхон Абдуғаффоров рус императорининг маориф соҳасидаги айрим тадбирларини танқид қилган. 1899 йилгача Чимкент қозиси бўлиб ишлаган, кейин Тошкентга қайтиб келган.

Сатторхон Абдуғаффоров ўзининг маърифатпарварлик фаолиятини Фурқат, Муқимий, Завқийлар билан ҳамкорликда олиб борган. Сатторхон Абдуғаффоровнинг ижтимоий қарашлари унинг «Мусулмон эшонлари», «Россия истилосига қадар Қўқон хонлигининг ички аҳволи ҳақида очерк» номли рисолаларида, кўпгина мақола ва нутқларида ўз ифодасини топган.

Сатторхон Абдуғаффоров (1843-1901)