Саида Зуннунова (1926-1977) to’liq malumot oling
Саида Зуннунова (1926.15.2, Андижон — 1977.20.3, Тошкент) — шоира. Ёзувчи Саид Аҳмаднинг рафиқаси. Андижон ўқитувчилар институтини (1943) ва Ўрта Осиё университетининг филология факултетини (1947—52) тугатган.
«Гулхан» журнали (1953—56), «Ўзбекистон маданияти» газетасида адабий ходим (1956—57), Бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир (1957—58) ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1962—67) бўлиб ишлаган.
Саида Зуннунованинг илк шеъри 1945 йили Андижон вилояти «Пахта фронти» газетасида босилган. «Қизингиз ёзди» номли илк шеърлар тўплами эса талабалик йиллари (1948) нашр этилиб, шеърият мухлислари эътиборини қозонди. Шундан кейин унинг «Янги шеърлар» (1950), «Гуллар водийси» (1954), «Қизларжон» (1962), «Шеърлар» (1964), «Бир йил уйлари» (1967), «Нилуфар» (1972) шеърий тўпламлари эълон қилинди. Шоира гўзал лирик шеърлар билан бир вақтда «Содиқ ва Анор» (1947), «Хайрихон» (1949), «Сурат билан суҳбат» (1966), «Қўшниларим» (1968) сингари достонлар ҳам яратди. Саида Зуннунова бу шеърий асарларида инсон руҳий ҳаётининг нозик қирралари ва тебранишлари, туйғу ва кечинмаларнинг мураккаб ҳаракати, дарду ҳасрат ва орзу-армонларнинг камалак рангларини маҳорат билан ифодалай олувчи шоира сифатида шаклланганини намойиш этди. Бу ҳол унинг, айниқса, «Сурат билан суҳбат» достонида ёрқин кўринди.
Саида Зуннунова ўзбек хотин-қизлари ҳаётини ўрганиш, улар турмушидаги машаққатли жиҳатлар ва мураккабликларга жамоатчилик эътиборини жалб этиш ния-тида оила ва муҳаббат мавзуида бир қанча ҳикоя ва қиссалар ёзди. Унинг «Гулбаҳор» (1956), «Повесть ва ҳикоялар» (1957), «Гулхан» (1959), «Дўстлик» (1960), «Қанот» (1961), «Олов» (1962), «Кўчалар чароғон» (1965), «Бўйларингдан ўргилай» (1972) сингари насрий китобларида хотин-қизлар ҳаёти ҳаққоний бадиий тажассумини топди. Айниқса, «Янги директор», «Олов», «Одамлар орасида» қиссаларида Саида Зуннунова эскилик сарқитларини фош этиш ниқоби остида совет жамиятидаги иллатларни кескин фош этди. Саида Зуннунова нинг «Она» (1966) ва «Кўзлар» (1968) номли пье-салари ҳам бор.
Тошкентдаги кўчалардан бири ва 224-сонли мактабга, шунингдек, Андижон шаҳридаги кўча ва мактаблардан бирига ҳамда Бўз туманидаги академик лицейга Саида Зуннунова номи берилган.
Наим Каримов.
Biografiya
Саида Зуннунова (1926-1977)