Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай бўлган эдилар
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай бўлган эдилар:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги сўзлари: «Намоз, намоз(га эхтиёт бўлингиз!) Қўл остингиздаги чўрилар ҳаққида Аллоҳдан қўрқингиз!», деган сўзлар бўлган эди.
***
Хулқлар ичида ёлғончиликни жуда ёмон кўрардилар.
***
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам учун энг суюмли амал оз бўлса ҳам давомли бўлгани эди.
***
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши, энг сахий ва энг шижоатли инсон эдилар.
***
Агар одамларга имомлик қилсалар намозни енгилроқ, ўзлари ёлғиз ўқисалар узунроқ ўқирдилар.
***
Агар ёнбошласалар ўнг қўлларини ўнг ёноқлари остига қўярдилар.
***
Агар қазои-ҳожат қилмоқчи бўлсалар, ерга пасламагунларича кийимларини кўтармасдилар.
***
Агар бирор бир хурсандчилик хабари етса, Аллоҳга шукр қилган ҳолда саждага йиқилардилар.
***
Агар бирон қавмдан хавф қилсалар: «Аллоҳим, уларнинг қаршисига биз Сени қўйгаймиз ва Сендан уларнинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўраймиз», дердилар.
***
Агар уйларига кирсалар, тишларини мисвоклардилар.
***
Агар бирон бир касални кўргани бориб ҳузурига кирсалар: «Ҳеч қиси йўқ, Аллоҳ хоҳласа гуноҳлардан покланасан», дердилар.
***
Агар бирор бир ёқтирган нарсаларини кўрсалар: «Аллоҳга ҳамду сано бўлсинким, Унинг неъмат-(тавфиқи) ила солиҳ амаллар баркамол бўлур», дердилар.
***
Агар маййитни дафн қилишдан фориғ бўлсалар, қабр олдида туриб: «Биродарингиз учун истиғфор айтингиз ва унга собитқадамликни сўрангиз, чунки у хозир сўралмоқда», дердилар.
***
Агар аҳли оилаларидан бирон киши бетоб бўлиб қолса, унга муаввизот («Ихлос», «Фалақ», «Нос» суралари)ни ўқиб дам солардилар.
***
Агар оғриб қолсалар, муаввизотни ўқиб, ўзларига дам солар ва баданларини масҳ қилардилар.
***
Болалар ва аёлларга ўта меҳрибон эдилар.
***
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар.
***
Энг кўп қиладиган дуолари: «Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик ва охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин!», деган дуо эди.
***
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукути узоқ, кулгиси оз бўлган зот эдилар.
***
Соқоллари мўл, ҳайбатлари улкан эди.
***
Таҳажжуд намозини ҳеч қолдирмасдилар. Агар бетоб бўлсалар, намозни ўтириб ўқирдилар.
***
Сафарда ҳам, ҳазарда ҳам тўлин ой кунларининг рўзасини қолдирмасдилар.
***
Ухлаганларида мисвок бошларининг олдида турарди, агар уйғонсалар тишларини масвоклардилар.
***
Таҳоратларида, оёқ кийим кийишларида, соч тарашларида ва барча ишларида имкон қадар ўнгдан бошлашни яхши кўрардилар.
***
Аллоҳни ҳар доим зикр қилардилар.
***
Зуҳо намозини тўрт ракаат ўқир ва уни Аллоҳ хоҳлаганича зиёда қилардилар.
***
Ҳадяни қабул қилар ва уни муносиб тақдирлардилар.
***
Агар ёш болаларнинг олдидан ўтсалар, уларга салом берардилар.
***
Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутардилар.
© Абудавуд Юсуф
Ислом
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай бўлган эдилар