Роксалана-Хуррам султон аслида қандай аёл бўлган: “Муҳташам юз йил” сериалидаги ҳақиқат ва уйдирмалар
Усмонийлар салтанатининг султони Сулаймон шоҳнинг рафиқаси – Хуррам хоним ўз даврининг донғи кетган нуфузли аёлларидан бири бўлган, бироқ ўлимидан олти аср ўтгандан кейингина ҳақиқий шуҳрат қозонган.
19-асрда Хуррам хоним бир қатор қисса, роман ва поэмаларнинг бош қаҳрамони бўлиб қолди. Айниқса украиналик муаллифлар кўпроқ ажралиб турдилар, чунки улар Хуррамнинг тарихини ўз мамлакатлари билан боғлар эдилар.1990 йилларда Украина телевиденияси томонидан ҳаттоки “Роксолана” номли сериал суратга олинди ва намойиш этилди. Унда Хуррам хоним ҳақида барча маълумотлар (ҳақиқий ва уйдирмалари) тўпланиб, у гўзал канизак ва кўркам султон ҳақида романтик муҳаббат тарихига айланди. Бироқ Хуррам хонимни шуҳратини оламга ёйиш ҳаракати деярли бесамар кетди.
Кечиккан шуҳрат
Бутун дунё телеканалларида “Муҳташам юз йил” сериали намойиш этилиши билан ХВИ асрнинг “ҳарамдаги муҳаббат” тарихи ва унинг эҳтирослари ҳар бир хонадонга кириб келди. Ана шундагина кўпчилик одамлар ислом қонун-қоидалари асосида ҳукм сурган Усмонийлар империясидек салтанатда тарихга катта ҳисса қўша олган шундай аёл ўтгани ҳақида билдилар.
Лекин шуни айтиб ўтиш керакки, сериалда акс этган тарихий воқеаларнинг фақат негизигина ҳақиқатга тўғри келади, холос. Ҳарамдаги тартиб-қоидалар, канизакларнинг ўзларини тутишлари, ҳарамнинг кундалик ҳаёти, қаҳрамонларнинг Европа ўрта аср модаси билан уйғунликда яратилган либослари – буларнинг ҳаммаси сериал муаллифларининг уйдирмаларидир.
Махфий ёзишмалар (номалар)
Тарихчи олимлар таянишлари мумкин бўлган ҳужжатлар жуда кам сақланиб қолинган. Усмонийлар салтанати ёпиқ турдаги ҳукумат бўлган. Ҳарам – бегоналарнинг кириши тақиқлланган ҳудуд бўлиб, бу ерга фақатгина султон ва унинг ўғилларигина кира олганлар. Ҳарам ходимлари мемуарлар ёзмаганлар, канизакларнинг эса бу ҳаёлига ҳам келмаган. Шундай экан, Усмонийлар империясининг султони Сулаймон шоҳнинг ҳиссиётлари ҳақида унинг Хуррам хоним билан ёзишган меҳр тўла номаларидан билиб олишимиз мумкин.
Султон ҳарами ҳақидаги баъзи маълумотлар чет эллик элчиларнинг ёзувларида сақланиб қолинган. Улар саройда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисаларнинг ҳаммасини қайд қилиб борганлар. Оғиздан-оғизга отиб борган бу маълумотлар озгина бўрттирилган ва натижада одамларнинг Хуррам хоним ҳақида ўзига яраша “ижтимоий фикри” ҳосил бўлган. Унга кўра, Хуррам хоним султонни сеҳрлаб олган маккор жодугар ҳамда бировларнинг қони эвазига ўғилларига тахтга йўл очиб берган ёвуз ниятли аёл сифатида гавдаланган.
Хуррам хонимнинг бешта исми
Муқаддас Рим империясининг Истамбулдаги элчиси ўзининг “Турк ёзишмалари” номли китобида Сулаймон шоҳнинг қудратли рафиқаси ҳақида ёзар экан, уни китобхонга Роксолана деб таништирган, шу бўйи Хуррам хоним Европада Роксалана номи билан машҳур бўлан. Аслида турклар бу номни славян-канизакларга беришар эди. Ҳаттоки ўша даврдаги Усмонийлар империясининг ҳаритасида Шарқий Европа – Роксолания деб аталар эди.
Ҳарамда эса султоннинг рафиқасини –Хуррам (кулувчи) деб аташар эди. Султон хоним исломни қабул қилганидан кейин Сулаймон шоҳ унга Хуррам, деб исм қўйди. Султоннинг канизакка исм қўйиши катта шараф ҳисобланар эди.
Хуррам хонимнинг келиб чиқиши ҳам сериалда бироз ўзгартирилиб кўрсатилган. Аслида у Полша ёки Украинада туғилган. Чўқинтирилаётганда унга Анастасия ёки Александра, деб исм қўйилган. Унинг отаси руҳоний бўлганлигини ўша давр тарихчилари ёзиб қолдирганлар. Фамилиясига тўхталадиган бўлсак, уни ХИХ аср романчилари ҳудди биографиясининг баъзи қисмлари каби ўйлаб топганлар – Анастасия (ёки Александра) Гавриловна Лисовская соҳта фамилиядир.
Асли славян миллатига тегишли бўлган Хуррам туғилиб ўсган жойидан қрим татарлари томонидан ўғирлаб кетилиб, қуллар бозорида Усмонийлар империясининг олиб-сотарларига сотиб юборилган. Улар орқали эса Сулаймоннинг ҳарамига келиб қолган. У пайтда Сулаймон ҳали тахтга ўтирмаган, Маниса вилоятининг ҳукмдори эди.
Хуррам ҳам ўша вақтда ўсмир қиз эди, унинг султон билан яқинлашиши ҳарамга келиб тушганидан анча йиллар кейин содир бўлган. Қисқа қилиб айтганда, воқеалар сериалда кўрсатилган шиддатда бўлиб ўтмаган.
Хуррам “қонхўр султон хоним” бўлгани ростми?
“Муҳташам юз йил” сериалининг қаҳрамони Хуррам хонимнинг давлат ишларига аралашишдан мақсад – ўзининг ва фарзандларининг ҳаётини сақлаб қолиш бўлган. Бунинг учун у маккорлигини ишга солиб, султонга бир вазирни яқинлаштириб, иккинчисини узоқлаштирган, ўзи билан тил топиша олмаган амалдорларни ўлдиртириб юборган, баъзан мураккаб, баъзан эса оддий фитналар тўқиган.
Тарихда сақланиб қолган Хуррамнинг хатларидан эса унинг ақлли, давлат миқёсидаги пухта билимга эга эканлиги ва дунёқарашининг кенглигини кўриш мумкин. Агар Сулаймон шоҳ унинг маслаҳатларига қулоқ солган бўлса, бу султон хонимнинг маккорлигини эмас, оқила аёл бўлганлигини билдиради.
Ҳа, султон хоним ҳақиқатдан ҳам давлатнинг бошқарув ишларига аралашар эди, девондаги вазирлар кенгашига таъсир ўтказар эди, ташқи сиёсат билан қизиқар ва ҳаттоки чет эллик элчиларни “очиқ юз” билан қабул қилар эди – бу маълумотларни ўша давр тарихчилари ёзиб қолдирганлар. Хуррам хайрия ишлари билан шуғулланар, карвонсарой ва масжидлар қурилишига пул ажратар эди. “Муҳташам юз йил” сериалидаги султон хонимнинг ёвуз сиёсий ўйинлари филм сюжетини бойитиш ҳамда томошабинни жалб қилиш учун бўрттириб кўрсатилган.
Хусусан, буюк вазир Иброҳим-поша ҳамда тахт вориси бўлмиш шаҳзода Мустафони қатл этиш фитнасини уюштириши – бу ҳужжатларда ўз тасдиғини топмаган бир афсонадир.
Тўғри, Хуррамни кўпчилик ёқтирмас эди. У одамларда қўрқув, ҳасад, нафрат ҳиссини уйғотар эди, чунки у Туркия тарихида биринчилардан бўлиб, муҳаббат ришталарини ҳукуматни тўлақонли бошқарув воситасига айлантира олди.
Хуррам Туркияда сарой хонимлари ичидан биринчи бўлиб давлат ишлари билан шуғулланди ва бошқа хонимлар учун намуна бўла олди. Ундан кейин бошқа султон хонимлар ҳам тортинмасдан очиқчасига давлат ишлари билан шуғулланадиган бўлдилар.
Хуррам қайси муқаддас анъаналарни бузди?
Баъзи тарихчилар Хуррамнинг пайдо бўлиши билан Усмонийлар салтанатининг емирилиши бошланганини ёзганлар. Аслида салтанат бир неча асрлардан кейин барбод бўлган бўлсада, консерваторлар бунда Хуррамнинг айби борлигига ишонтирмоқчи бўладилар.
Хўш, султон хонимнинг айби нимада эди? Биринчидан, Хуррамнинг канизакликдан султон хоним даражасига кўтарилиши кўп йиллик анъанага зид эди. Султонлар канизакларига уйланмас эдилар, бироқ бу нарса қонун томонидан расман ман қилинмаган эди. Сулаймон шоҳ канизагини канизакликдан озод қилиб, сўнгра унга уйланди, бу эса кўпгина норозиликларга сабаб бўлди.
Иккинчидан, Хуррам султонга беш ўгилни туғиб берди – сериалда эса Хуррамнинг фақат учта ўгли намоён бўлди – Салим, Боязид ва Жаҳонгир. Гўдаклик пайтларида вафот этган Маҳмуд ва Абдулла исмли ўғиллари эса тарихда ҳеч қандай из қолдирмаганликлари учун сериалда кўрсатилмайди.
Амал қилиб келинаётган анъаналарга кўра эса, канизак султонга фақатгина битта ўғил фарзанд туғиб беришга ҳақли эди. Шундан кейин эса у султон хоним мақомини олиб, султондан узоқлашиши ва ҳаётини фақатгина ўғлига бағишлаши керак эди. Усмонийлар сулоласини давом эттиришдек шарафли вазифа эса ҳарамнинг бошқа канизакларига юклатилар эди.
Учинчидан, султоннинг ҳарамдаги бошқа кўпгина канизакларидан фарзанд кўришдек муқаддас анъана хавф остида қолди, Хуррам ёлғон-яшиқлари ҳамда ўз мавқеини суиистеъмол қилиб, бунга узоқ вақт тўсқинлик қилиб келди.
Ҳаттоки султон хоним билан рақобатлаша оладиган канизакларни ҳарамдан чиқариб юбориш ҳоллари ҳам бўлди. Бу иш султон ва унинг онаси – волида-султон томонидан амалга оширилганига нима дейсиз. Волида-султон бир марта ўғлининг ҳузурига ўзининг канизакларидан бирини юборгани учун келини бўлмиш Хуррам хонимдан кечирим сўраган, деган гаплар ҳам бор.
Тўртинчидан, анъана бўйича, шаҳзода балоғат ёшига етиши билан онасининг кузатуви остида унга ажратилган вилоятга ҳоким сифатида бориб, бошқарув бўйича тажриба орттириши лозим эди.
Хуррам бўлса ўғилларининг ҳеч бири билан кетмади, Истамбулда эрининг ёнида қолди. Султон хонимнинг бу ҳаракати ҳам кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.
Ва энг асосийси: Сулаймон ва Хуррамнинг бир-бирларига муносабатлари ва боғлиқликларини узоқ вақт давомида кўз-кўз қилиб келишлари саройнинг қонун-қоидаларига ҳеч ҳам тўғри келмасди. Одамларнинг наздида аёлига бўйсунган ҳукмдор энг асосий вазифа – яъни салтанатнинг қудратини мустаҳкамлаш мақсадида янги ерларни забт этишга қодир бўлолмас эди.
Сулаймон шоҳнинг Хуррамга бўлган бўғлиқлиги умрининг охиригача давом этди. Хуррам вафот этганидан кейин ҳам (заҳарланиб ёки оғир касалликдан) султон уни шарафлашда давом этди: рафиқасини ўзининг буйруғи билан қурдирган Сулаймоний масжидига дафн қилди ҳамда вафотидан кейин уни ҳам хотини ёнига дафн қилишларини васият қилди.
Кизикарли маълумотлар
Роксалана-Хуррам султон аслида қандай аёл бўлган: “Муҳташам юз йил” сериалидаги ҳақиқат ва уйдирмалар