Расулуллоҳ Соллаллоҳу Алайҳи Васаллам ва улуғлар номидан қурбонлик қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни келганда икки қўчқорни қурбонлик қилар эдилар. Улардан бирини ўзлари, иккинчисини эса, умматлари томонидан.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қурбонлик куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қора, шоҳдор, пичилган икки қўчқорни қурбонлик қилдилар. Иккисини қиблага юзлантирганларида: “Инний важжаҳту важҳий лиллазий фаторос самааваати вал ард ъала миллати Иброҳима ҳанийфа ва маа анаа минал мушрикийн. Инна солаатий ва нусукий ва маҳяая ва мамаатий лиллаҳи роббил ъаламийн лаа шарийка лаҳ ва бизаалика умирту ва анаа минал муслимийн. Аллоҳумма минка ва лак. Аллоҳумма ъан Муҳаммадин ва умматиҳи. Бисмиллаҳи валлоҳу акбар” деб, пичоқ тортар эдилар” (Бадрул мунийр).
ВАФОТ ЭТГАН НОМИДАН ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ
Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ота-она, устоз, қариндош-уруғлар тарафидан қурбонлик қилишлик салафи солиҳларимизнинг одатларидан бўлган. Бундай қилишни ўзларини саодати деб билганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисда баён қилиб ўтилганидек, икки қўчқорни қурбонлик қилиб, бирини савобини ўзининг умматларига бағишлаганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатим бор деб даъво қилувчиларга ҳам у зот томонидан қурбонлик қилиш муносибдир. Бу ҳам у зотни бизни қурбонлигимизга муҳтожликлари туфайли эмас. Шояд шу амалимиз у зотнинг шафоатларига сабаб бўлиб қолса, деган умиддадир.
Улуғларимиздан Абдураҳмон раҳматуллоҳи алайҳ қурбонлик кунига алоҳида тайёргарлик кўриб, у кунда етмиштага яқин қурбонлик қилар эдилар. Улардан бирини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, бошқаларини ота-она, устозлари номидан қурбонлик қилар эдилар. Ваҳолан-ки, у кишини хонадонида баъзан йўқчиликдан қозонлари қайнамай ҳам қолар эди.
БИР НЕЧА ВАФОТ ЭТГАНЛАР ТОМОНИДАН ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ
Вафот этувчиларни ҳар бири томонидан алоҳида-алоҳида қурбонлик қилиш керакми ёки бир қурбонлик қилиб, савобини барча ўтиб кетганларга бағишласа бўладими?
Нафл қурбонлик қилиб, ўзгалар томонидан қурбонлик қилинаётган пайтда икки сурат бўлади:
1. Вафот этган киши ўз молидан қурбонлик қилишни васият қилиши. Бу суратда алоҳида бир жонлиқни сўйиш зарур бўлади. Чунки, у маййитни молидан қилинаётган қурбонликдир. Маййитни меросхўрлари уни гўштидан ея олмайдилар. Бу суратда қурбонлик васият қилувчи тарафидан қилинган бўлади;
2. Маййит ортидан қурбонлик қилишни васият қилмаган бўлса-ю, лекин яқинлари ортидан қурбонлик қилишлари. Бу суратда вафот топувчиларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида қурбонлик қилиш шарт эмас. Балки, қурби етганича қурбонлик қилиб, савобини барчага бағишлаши мумкин. Ҳаттоки, битта қурбонлик қилиб савобини бир нечта маййитларга бағишлаши мумкин. Бу суратда сўйишлик сўювчи томонидан бўлиб, савобини бошқаларга бағишлаган бўлади.
Ислом
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биласизми кимни кўришни орзу қилган