РАМАЗОН БАРОКАТИ

РАМАЗОН БАРОКАТИ

РАМАЗОН  БАРОКАТИ
РАМАЗОН  БАРОКАТИ

РАМАЗОН  БАРОКАТИ

Рамазон рўзасининг ҳайратлантирувчи жиҳатлари мудом мени тафаккурга бошлайди. Аслида бу фазилатларни кўпчилик билади, аммо мен яна  бир бор эслатишни маъқул кўрдим.

Рўза рўзадор учун ниҳоятда завқли, роҳатбахш ибодатдир. Рўзадор руҳий ҳаловат ичида бўлади. Чунки ўзини йўқдан бор қилган Аллоҳ азза ва жаалланинг буйруғига итоат қилишнинг бахтиёрлигини ҳис қилади. Шунинг учун ҳам рўза рўзадорга роҳат ва ҳаловат бағишлайди.  Рўзанинг ортиқча вазн ва касалликка доир парҳезлардан  муҳим фарқи борки, уни фақат ва фақат ҳидоятга мушарраф бўлганларгина тушунадилар. Рўзадор қалбидаги Аллоҳнинг розилигига муваффақ бўлиш истаги уни хушнуд ва масъуд қилади.

Рўзадорнинг очликни ҳис қилмаслиги чиндан ҳам қизиқ.  Ҳолсиз бўлади, ланжлик ҳис қилади, лекин иштаҳаси бўлмайди. Рўзадорлигимда, саҳарликка бир пиёла сув ичиб оғиз ёпган бўлсам-да, иштаҳани қитиқловчи ис таратаётган тамаддихоналар ёнидан ўтиб кетаётиб, очликни ҳис қилмаслигимни ўйлаб кўп мулоҳазага толаман. Ҳолбуки, Рамазондан бошқа кунларда қорним тўқ бўлса-да, нафсим мудом яхши нарсалар истагида бўлади. Чунки очлик миядан келадиган буйруққа боғлиқ ва Рамазонда мўминнинг миясини иймони бошқаради, “Ўзингни тут!” дея нафсига ҳукм этади.

Рўза — мутлоқ очлик эмас. Рўзадаги очлик ва ташналик маълум вақтлар учун. Рўзадор саҳар ва ифторда тановвул қилган озуқалардан ўзига керак бўлган протеин ва витаминларни қабул қилади. Рўзадорларда кам овқатланиш юзага келмайди. Кундалик фаолиятларини шу йўналишда давом эттира олади. Инсон организми фаолиятига ҳеч қандай салбий таъсир бўлмайди.

Рўзадорлигимизда моддалар алмашинуви давом этади. Четдан озуқа келмагани учун тана ўз моддаларини, тўқима ва ҳужайраларини ва айниқса меъёрдан ошиқча ёғларни сарфлаб, ҳазм жараёнини давом эттиради. Аммо тана бу ишни тўғридан тўғри бажармайди. Аввал касал, қари ва ўлик ҳужайраларни йўқотади. Бу эса вужудимизнинг ёшариши, янгиланиши ва қон янгиланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам “Рўза тутинг, сиҳҳат топасиз” дея марҳамат қилганлар.

Рўзадорликда мия заҳира моддалардан фойдаланиб бир маромда ишлашда давом этади.  Инсонда ақлий қобилият етишмаслиги каби нуқсонлар кузатилмайди. Аксинча, кундалик стресслар камайгани учун фикрлаш қобилияти ортади.

Рўза вужудимизни ортиқча ва кераксиз моддалардан тозалаганидек, ўзлигимизни ҳам маънавий зарарлардан поклайди, руҳимизга қўнган дунё ғуборларини аритади.

Аллоҳ ҳар бир мўмин ва мўминани Ўзи фарз қилган Рамазон рўзасини мукаммал тутишга қодир қилсин! Ибодатларда бизга қувват ва рағбат ато этсин! Гуноҳларимизни мағфират қилиб, бир ойлик мусулмонларни икки дунёлик мусулмонларга айлантирсин! Амийн!

Хикоялар
РАМАЗОН БАРОКАТИ