Пўлкан шоир (1874-1942)
Атоқли халқ бахшиси, ўзбек достончилик мактаби асосчиларидан бири Муҳаммад Жомурод ўғли Пўлкан 1874 йилда хозирги Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига қарашли Қатағон қишлоғида Мулла Жомурод хонадонида таваллуд топган. Муҳаммаддаги достончиликка меҳр-муҳаббат юксаклигини билган Қўрғон достончилик мактаби намоёндаларидан бири, машҳур Жассоқ бахши уни ўзига шогирдликка қабул қилади ва 70 дан ортиқ достонларни ўргатади: «Гўрўғли» туркумидаги достонлар, «Қиронхон», «Орзигул», «Алпомиш», «Ёдгор», «Рустам» туркуми ва б. У Жассоқ бахшини 12-шогирди ҳисобланади. Ёш Муҳаммадқул 25 ёшида халқ достончиси сифатида элга танилади. Октябрь инқилобидан кейин, Пўлкан шоир кўплаб ҳамюртлари каби совуқ Сибир ўрмонларига мардикорликка сафарбар қилинади. Маълумотларга қараганда Муҳаммадқул “Пўлкан” тахаллусини мардикорликда юрган пайтида танлаган. Бу жумла “полк” сўзига “ан” қўшимчаси қўшилувидан ҳосил бўлган деган қарашлар бор. Бошқа маълумотларга кўра “Пўлкан” қадимги мўғилчада “улуғ”, “катта” маъноларини англатади. Бахши шоир шу сабабли бу сўзни тахаллус сифатида қабул қилган бўлиши мумкин. Пўлкан шоирнинг репертуарлари мавзу ва жанр жиҳатидан турли-туман бўлиб, уларда ўзбек халқининг ўтмишидаги ҳаёти, урф-одатлари, интилиши ва орзу-умидлари ифодаланган. «Ҳасан батрак» (1927) достонида ўзбек меҳнаткашларининг ер ва сув ҳақидаги орзу-тилаклари, бу йўлдаги кураши акс этган. Пўлкан куйлаган анъанавий достонлар ҳам ғоявий ва бадиий юксаклиги билан ажралиб туради. Пўлкан ижоди ўзбек фольклори тараққиётида муҳим босқич бўлди. Совет Иттифоқи пайтида Пўлкан шоир оғзидан ўттиздан ошиқ достон ва термалар ёзиб олинган. Унинг ўзи эса янги жорий қилинган кирилл имлосини яхши билмагани учун саводсиз деб ҳисобланган. Аслида Пўлкан хатирчилик шайхдан Қуръони Каримнини ўрганган ҳамда ислом динини ва фалсафасини яхши билган илмли киши бўлган. Собиқ шўро замонида Пўлкан шоирнинг совет тузумини мадҳ этувчи асарлари қайта-қайта чоп этилган, унинг ўзи эса 1942 йилда Сталин қатағонига учраб, Каттақўрғон қамоқхонасига қамалгандан сўнг, орадан кўп вақт ўтмай сил касаллиги туфайли вафот этган.Пўлкан шоир (1874-1942)
DO`STLARGA ULASHING:
Пўлкан шоир (1874-1942)