ОҚ БЎЛИШ ЖАЗОСИ!
ОҚ БЎЛИШ ЖАЗОСИ!
(ибратли ҳикоя)
Бир кекса аёл ўғли ва келини билан бир ҳовлида яшар эди. Бир куни ўғил ишдан келса хотиннинг авзойи бузуқ. Бунинг сабабини сўраган эди, онасининг устидан шикоят қилиб, анчагина ёмон гапларни гапирди. Ўғил бундай сўзларни кўп эшитган бўлса-да, бу сафар тоқат қила олмади. Бироқ жаҳли чиққанини билдирмасдан онасига «бир жойга бориб келамиз», деб айтди. Улар тоғлик томонларга етиб келишганларида ўғил:
— Эй она! Сабрим тугади. Агар хотинимга қилаётган муомалангизни ўзгартирмасангиз, сизни шу тоғдан ташлаб юбораман! — деди.
Бечора она чорасиз қолганидан ўғлига илтимос қилди:
— Майли, ўғлим. Ўзинг биласан. Фақат рухсат берсанг, икки ракат намоз ўқиб олсам, — деди.
Ўғил рухсат берди. Она намозни ўқиб бўлиши биланоқ ер ёрилиб, ўғилни бўйнигача ютиб юборди. Бу ҳолни кўрган она ўзини йўқотиб қўйди ва бор овози билан қичқирди. Унинг қичқириғини пастдан ўтиб кетаётганлар эшитиб, болани ердан чиқариб олиш учун дарҳол ёрдамга келишди. Лекин барча уринишлари бефойда бўлди. Охири улар бир олимни воқеа жойига чақириб келишди. Олим ҳолатни кўргач, онага:
— Бу оқ бўлишнинг жазоси. Сиз токи ўғлингиздан рози бўлмас экансиз, ҳеч ким ўғлингизни қутқара олмайди, — деди.
Она дарҳол қўлларини дуога очиб, ўғлини бу азобдан қутқаришини сўраб дуо қилди ва ўз розилигини изҳор қилди. Аллоҳнинг изни билан ер юмшаб, ўғил ташқарига чиқди, аммо энди унинг оёқ-қўллари ишламас эди. Натижада у бировнинг ёрдамисиз ҳеч нарса ея олмайдиган ва ича олмайдиган бўлиб қолди. Энг қизиғи бошқаларнинг қўлидан тановул қилса қониқмас, фақат онаси едириб-ичириб қўйсагина қаноат қила олар эди. Шунча нобакорлигидан сўнг ҳам унинг онаси ҳеч оғринмасдан, беминнат унинг хизматини қилар эди. Аёли эса кўп вақт ўтмасдан уни ташлаб кетди…
ХУЛОСА: Бу ривоят ибрат учун ёрқин мисол бўлади. Ачинарлиси шундаки, хотинининг йўлига кириб онасини тоғдан ташлаб юбормаса ҳам, ҳар ҳолда қаттиқ ранжитадиганлар орамизда йўқ эмас. Ҳа, азизлар, ота ва она биз учун кўмилишга тайёр турган хазина деганлар. Уларнинг ҳаёт эканлиги бизни савоб йиғишимиз учун ғанимат дамдир!
Хикоялар
ОҚ БЎЛИШ ЖАЗОСИ!