Ота-она ҳурмати
Ота-она ҳурмати…
Бир йигит Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламга шикоят қилиб дедики:
-Отам қариб, жуда бевош бўлиб кетганлар. Ақлдан озганларми, деб қўрқаман. Уйимга келиб, қўлларига нима илинса, шуни олиб чиқиб кетаверадилар.
Сарвари коинот саллоллоҳу алайҳи вассалламга отани чақиртирдилар. Ҳузурларига келган қари, бечораҳол, уст-бошлари хароб одамдан: «Ўғлингнинг гаплари тўғрими?» — деб сўрадилар.
-Ҳа, тўғри, — деди чол. — Мен ўғлимни ўзим тарбия этганман. Онаси барвақт вафот этган эди. Ўзим емай — ўғлимга едирдим, ўзим киймай — ўғлимга кийдирдим. Қариганимда боқар, деб умид қилдим. Аммо у бераҳм чиқди. Мендан хабар олмайди. Ўзим уйига келиб, қўлимга илинган нарсани олиб чиқиб сотаманда пулига овқат олиб ейман. Ё Расулаллоҳ! Шу ишим дурустми ё дуруст эмасми?
Отанинг бу гапларини эшитиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ўғилнинг елкасидан маҳкам ушладилар-да, дедилар: «Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб пулини емоқликка ҳаққи бор. Сен ўйламагинки, топган мулкларимга ўзим моликману отамнинг унга алоқаси йўқ, деб. Ҳаммасига отанг эгадир!»
Яна шу мавзуда бир ҳадис:
Бир қиз онасидан шикоят қилди:
-Онамнинг ақллари ўзларида эмас. Уйимга келиб тўполон қиладилар, тинчлик бермайдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам онани чақиртирдилар. Ғоят қари, бечораҳол она дедики: «Ё Расулаллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам! Сабр қилайин десам, қизим хабар олмайди. Ҳатто болаларини юбормайди. Ёлғиз ўзим пашшаларга ем бўлиб ётаман. На ўлиб қутуламан, на роҳат кўраман. Қизимнинг бепарволиги шунчалик.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам дедилар:
-Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат сени қорнида тарбия этган ким? Ўлим жари ёқасига келиб сени туққан ким? Сени икки йил эмизган ким? Сени балоғатга етказиб узатган ким? Шу онанг! Агар шу онангни рози қилмасанг, жаннат сенга ҳаром! Тавба қилсанг — қилдинг, йўқса ярим мулкингни олиб бераман.
Қиз тавба қилди…
Хикоялар
Ота-она ҳурмати