Ноқис (1860-1929) haqida to’liq ma’lumot oling
DO`STLARGA ULASHING:
Ноқис (тахаллуси; асл исм-шарифи Абдулқодир Муҳаммадшокир ўғли) (1860 — Каттақўрғон — 1929) — ўзбек шоири. Каттақўрғон, Бухоро мадрасаларида ўқиган. 1895 йилда Каттақўрғонга қайтиб, мадрасада мударрислик қилган, деҳқончилик билан шуғулланган.
Саъдий, Жомий, Навоий, Фузулий ва бошқага эргашган, улар ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Айниқса, Муқимий ижодига эҳтиром билан қараган, тазмин мухаммаслар ёзган («Доғмен», «Кел эртароқ», «Нозаниним» ва б.).
1905 йилдан Ноқис ижодида ижтимоий мазмун кучайган. Шеърларида ижтимоий адолатсизликка, нодонликка қарши нафрат ифодаланган. Ғазаллари «Баёзи Маҳдий», «Армуғони Хислат», «Баёзи Мирий», «Баёзи Жўрабек» ва бошқа баёзларга киритилган.
Ноқис қўлёзмалари — «Баёзи Ноқис» Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №1005)да, «Девони Ноқис» Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №97)да сақланади. 19-аср охири — 20-аср бошларида Бухорода тузилган тазкираларда Ноқис ижодига юқори баҳо берилган.
Шоир «Лайли ва Мажнун» сюжети асосида достон ёзганлиги ҳақида маълумот мавжуд. Аммо у ҳали топилмаган. Ноқиснинг баёзлари ва 6 минг мисрага яқин шеърлари сақланган. Faзал ва мухаммаслари ҳофизлар томонидан куйлаб келинади («Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман…» ва б.).
Malumotlar
Ноқис (1860-1929)