Неъмат Аминов (1937-2005) to’liq malumot oling
Неъмат Аминов (1937.17.7, Бухоро вилояти Ромитан тумани — 2005) — ҳажвчи ёзувчи. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992).
Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факултетини тамомлаган (1959). Вилоят радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва бош муҳаррир (1961-73), «Муштум» журналида масъул котиб, бош муҳаррир (1973-95), «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррир ўринбосари (1989-91), республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази раҳбари (1995-99) бўлиб ишлаган.
Биринчи ҳажвий ҳикоялар тўплами — «Икки пуллик обрў» 1966 йилда нашр этилган. Сўнг «Қирқ учинчи почча» (1970), «Лабиҳовуз хандалари» (1973), «Чинорлар қўшиғи» (1984), «Елкасиз полвон» (1986), «Ўғри мушукча» (1987), «Қаҳқаҳа» (1987), «Яллама-ёрим» (1988), «Чолболанинг эртаклари» (1990) ва бошқа ҳажвий тўпламлари зълон қилинган.
1976—83 йларда «Елвизак» ва «Суварак» қиссалари асосида «Ёлғончи фаришталар ёхуд елвизакфеъл ва суваракмижоз Баширжон Зайнишев ҳаётидан» ҳажвий романини яратди. Унинг ҳажвчилик ижоди адабиётда ўзига хос миллий бўёқларга бойлиги билан ажралиб туради. Унинг ижодига хос халқчиллик «Бир аср ҳикояти» (1996) асарида намоён бўлди. Неъмат Аминов отасидан эшитган воқеалар ва ҳикматлар силсиласи асосида донишманд Шарқ кишисининг ажойиб образини яратди.
Неъмат Аминов асарлари бир қанча хорижий тилларга таржима қилинган. «Меҳнат шуҳрати» ордени б-н мукофотланган (1999).
Biografiya
Неъмат Аминов (1937-2005)