Намозни ўтириб ўқиш ҳукми ҳақида

Намозни ўтириб ўқиш ҳукми ҳақида

Намозни ўтириб ўқиш ҳукми ҳақида

Намозни ўтириб ўқиш ҳукми ҳақида

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳматлари туфайли, Аллоҳ таоло бизга У зотни динда енгиллик ва бағри кенгликларга йўл очиш учун юборди. У зот ўз умматларига фарз амалларни адо этишни, хусусан, бемор, узри бор инсонларга ғамхўрлик қилиб, уларга намоз ўқишни осон қилиб бердилар. У Зот намознинг баъзи рукнларини тарк қилиб эмас, балки унинг рукнларини енгиллаштириб бажаришга изн бердилар. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди».
(Бақара сураси, 185-оят).

Бугунги кунга келиб масжидларда, шу билан бирга, хонадонларда баъзи бир узрли сабабларга кўра стулга ўтириб намоз ўқийдиган отахон ва онахонларимиз сони кўпайиб бормоқда. Динимиз таълимотига кўра, шундай ҳолатда ҳам ушбу соҳиби узрлар тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилинмайди. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас».
(Бақара сураси, 286-оят).

Қуйида узри сабабли стулга ўтириб намоз ўқийдиган отахон ва онахон, ака-укаларимизга бундай намоз ўқишнинг аҳкомлари ҳақида батафсил маълумот бермоқчимиз. Аввал ушбу мавзуга оид ҳадиси шариф билан танишиб ўтсак.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Менинг бавосир(касал)им бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи     васалламдан намоз (қандай ўқилиши) ҳақида сўрадим. У зот: «Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», дедилар».(Бухорий ривояти).

(Мазкур ҳадисда зикр қилинган “Бавосир” – гемморой  касаллиги бўлиб, ўтириб ишлайдиган инсонларда кўп учрайди.)

Шарҳ: Бу ерда фақат фарз намозлари ҳақида сўз бораётганини назардан четда қолдирмаслик керак. Аммо, суннат ва нафл намозларни узри бор одам бемалол ўтириб ўқийверади.

Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимларидан олдин аксар суннат намозларини ўтириб ўқиганликлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар келган. Бироқ туриб ўқишга қодир бўлган инсон, суннат ва нафлларни ҳам туриб ўқигани афзал. Намозхоннинг туриб ўқишга қодир бўла туриб, стулга ёки ерга ўтириб намоз ўқишлиги жоиз бўлмайди. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу бавосир касали бор одам намозини қандай ҳолатда ўқиши ҳақида сўраган бўлсалар ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга умумий жавоб бердилар. Бунинг ичига оғир касалликлари, жумладан қон босими баланд ёки белида чурраси (грижаси) бор касаллар ҳам киради. Юқоридаги ҳадисда берилган саволдан беморлиги туфайли одам тик тура олмаса, намоз ўқиши қандай бўлади, чунки намозда тик туриш фарз-ку, деган маъно англашилади. Жавобдан эса, намозда тик туришга қодир бўлган киши учун фарз, деган маъно англанади. Намоздаги олтита рукн, яъни такбири таҳрима айтмоқ, қиём – тик туриш, қироат, рукуъ, сажда ва ташаҳҳуддаги қаъда ўтиришларнинг биронтасини узрсиз равишда бажармаслик намоз ўқувчидан соқит қилинмайди. Агар инсон бу рукнларнинг баъзиларини бажришга ожизлик қилса ҳам, қолган рукнларини бажариши унга вожиб бўлади. Масалан намозда қиём – тик туришни олсак. Агар инсон бир озгина тик туришга қодир бўлса, намозни тик турган ҳолда бошлаб, рукуъ пайтигача тоқат қила олмаса, хоҳлаган пайтида ўтириб олиб, намозни давом эттириши мумкин.

Намозни тик турган ҳолда ўқишга ожизлик қилган киши рукуъ қилишга қодир бўлса, унга рукуъ қилишлиги вожиб бўлади. “Ожизлик” деганда, тик турса ўзига бирор ноқулайлик етадиган ёки касали зўрайиб, ёхуд турса боши айланиб кетадиган беморлар тушунилади. Аммо тик туришида ҳиёлгина машаққат ҳосил бўладиган бўлса, бу узр ҳисобланмайди. Шу каби жамоат намозига бемалол юриб келган одам, қандай қилиб тик туриб намоз ўқишга баҳона топиши мумкин?! Бунда инсоннинг ибодатга дангасалик қилганлиги зоҳир бўлади. Тўғри, агар рукнларни бажаришда узри бўлса, суннат намозлардан ташқари фарз намозини ҳам ўтириб ўқиши мумкин. Аммо бу фақат рухсат холос, тақво юзасидан, узри бор одамлар ҳам бирозгина қодир бўлса, ўша рукнларни қодир бўлганича бажаргани афзал. Шу каби, тик туриб ўқишга қодир одам, агар бел оғриғи туфайли рукуъ қила олмаса, имкон қадар бир оз эгилиб рукуни бажаради. Демак, ушбу икки кўринишдаги узри бор одамларга ўтириб ўқишлик жоиз бўлмайди. Чунки бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи…» – деган сўзлари далил бўла олади. Энди, бир одам узри сабаб умуман рукуъ қилишга қодир бўлмаса, унда стулга ўтириб, икки қўли билан тиззасини худди оддий ҳолларда рукуъ қилгандек маҳкам ушлаб бир оз эгилади. Сўнг рукудан «самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ», – деб тик туриб, «роббана ва лакал ҳамд»ни айтади. Чунки қиём – тик туриш намознинг иккинчи рукнидир. Сажда қилишга қодир одам эса, албатта сажда қилишлиги вожиб бўлади. Чунки Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етти аъзо ила сажда қилишга амр қилиндим: «Пешона ила, деб қўллари билан бурунларига (ҳам) ишора қилдилар, икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учлари ила ва кийим ва сочни йиғиштирмаслигимизга», – дедилар».
(Бухорий ва Муслим ривояти).

Агар сажда қилишга қодир бўлмаса, унда, рукуъ қилишдан фарқли ўлароқ, яна стулга ўтириб бир оз пастроқ эгилиб сажда қилади. Аммо уламолар сажда қилинаётган пайтда зинҳор олдига курсича қўйиб олиш ёки бирор-бир кўтарилиб турган нарсанинг устига сажда қилишдан қайтаришади. Чунки агар олдидаги нарсага қўлини қўйиб, сажда қилинса, ўша нарса (курсича ёки стул) саждани пастроқ қилишга монелик қилади, бунинг оқибатида эса рукуъ билан сажданинг фарқи ажралмай қолади. Айни шу ҳолатда (икки қўлни ҳавода муаллақ кўтариб ёки) икки қўли билан тиззасини худди оддий ҳолларда рукуъ қилгандек маҳкам ушлаб, бир оз пастроқ эгилиб сажда қилинади. Бу йўл кенг тарқалгандир.

Уламолар тик туриш, рукуъ ва сажда қилишга умуман қодир бўлмаган киши намозни ўтирган ёки ёстиққа суянган ҳолида имо-ишора билан ўқийди, фақат, рукудан кўра сажда ишоратида бошини пастроқ эгади, дейишган.

Энди жамоат намозида стулга ёки ерга ўтириб намоз ўқувчининг сафда қандай туриш ҳолати ҳақида сўз юритамиз. Стулга ўтириб намоз ўқийдиган одам учун стулнинг орқа оёқлари сафда турганларнинг оёқлари товони билан бир текисда туради. Агар ушбу узрли намозҳонлар ниятларида: “Сафдагилардан олдинда турсам, олдинга чиқиб кетар эканман, яхшиси, стулни орқага суриб, улар билан бир сафда тураман,” – десалар, унда орқа сафдаги одамга сажда қилаётган пайтда ноқулайлик пайдо бўлиб, унга машаққат етади. Энди ерда ўтириб намоз ўқийдиган одам хоҳласа – чордона қилиб, хоҳласа икки оёғининг устига ёки оёқларини тўғрига узатиб, тик турганлар билан елкасини бир сафга тўғирлаб ўтириб ўқиши жоиз бўлаверади.

Ҳомиладор аёллар ҳам суннат ва нафллардан ташқари фақат фарз намозларни тик туриб ўқийдилар. Аммо бунга қодир бўлмасалар, шариатда уларга фақат икки ҳолатда ўтириб намоз ўқишга рухсат берилган: ё табиб (шифокор) кўрсатмасига кўра, ёки тик туриш машаққат туғдирганда. Зеро, ана шундай ҳолларда улар узрли ҳисобланадилар.

Аммо бу улар учун қийин бўлмаса ёки табиб (шифокор) махсус тақиқловчи кўрсатма бермаган бўлса, барча намозларини одатдагидек ўқиганлари афзал.

Таййорада (самолётда) кетаётган одам манзилига етиб олгунича намоз вақти ўтиб кетмаслигини аниқ билса, йўлда фарз намозларни ўқимайди. Чунки етиб борган манзилида намоз рукнларини тўлиқ бажаргани афзал. Аммо, намоз вақти ўтиб кетишини аниқ билса ёки бунга шубҳаланса, вақти келган намозни ўтириб ва иложи бўлса, қиблага юзланиб, ўқиб олади. Қиблага юзланишнинг ёки қиблани аниқлашнинг иложи бўлмаса, дилида олд тарафни қибла деб ҳисоблаб, намозни адо қилаверади. Валлоҳу аълам. Яна Аллоҳ билгувчидир.

Ислом
Намозни ўтириб ўқиш ҳукми ҳақида