Назармат (1917-2009) to’liq malumot oling
Жангчи шоир, оқсоқол адиблардан бири Назармат (Эгамназаров) 1917 йилнинг 7 ноябрида Тожикистон Республикаси, Хўжанд вилояти, Нов қишлоғида дунёга келган. У шоир Аширматнинг укаси бўлиб, 1935 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд Университетига ўқишга келган. 1941 йилда дорилфунунни битирибоқ урушга кетган. У ерда взвод командири бўлиб хизмат қилган.
Сўнгра 1944 йилдан 1947 йилгача «Фронт ҳақиқати» газетасида ишлаган.
Армиядан қайтгач, 1947—1954 йилларда «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози»), 1955—1985 йилларда эса «Тошкент ҳақиқати» газеталарида адабиёт ва санъат бўлимини бошқарган. Назармат ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, унинг биринчи шеъри («Қўзичоқ») 1934 йилда «Ленин учқуни» газетасида босилиб чиқади. Биринчи тўплами эса 1941 йилда «Ёшлик завқи» номи билан нашр этилади. Уруш туфайли иккинчи тўплами анча кеч — 1949 йилда «Ватан ишқи» номи билан чоп этилган.
Ҳозиргача унинг йигирмадан ортиқ шеърий, насрий асарлари ва қўшиқлар тўпламлари чоп этилган. Хусусан, унинг «Яшил далалар» (1955), «Сир бўйи—нур бўйи» (1959), «Тоғдаги гулханлар» (1962), «Най садоси» (1965), «Баҳор қўшиғи» (1968), «Шаҳримиз болалари» (1970), «Мангу олов» (1972), «Достонлар» (1975), «Йўллар ва гуллар» (1977), «Меҳрим-муҳаббатим» (1983), «Танланган асарлар» (1987), «Ғунчалар» (1987), «Муҳаббат тароналари» (1992) китоблари кенг ўқувчилар оммасига яхши танишдир.
Назармат носир сифатида ҳам анча баракали ижод қилиб келмоқда. Унинг очерк ва ҳикояларидан ташкил топган «Қирғоқдаги жанг» (1965), «Бурч йўли» (1966), «Сайёд жасорати» (қисса, 1972), «Жанггоҳдан қатралар» (1974), «Турналар йўли» (1977), «Она кўрсатган йўл» каби ҳарбий туркумдаги ҳикоя ва очерклари китобхон эътибо-рини қозонган. Унинг «Оловли тонг» (1995), «Сайёд жасорати» қиссалари ҳам ҳужжатли-ҳарбий насримиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Унинг болалар учун ёзган «Шаҳримиз болалари», «Ғунчалар» каби шеърий тўпламлари ҳам эътиборга лойиқ. Назармат шоир ва носир бўлиши билан бирга таржимон ҳамдир. Унинг Бедил, Жомий, Носир Хусрав, Фирдавсий, Миршакар, М. Турсунзода ижодидан қилган таржималари талайгина.
Назарматга Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими (1967) унвони берилган. Мустақилликнинг етти йиллиги муносабати билан адибга «Эл-юрт ҳурмати» ордени (1998) тақдим этилган.
Назармат 2009 йили вафот этган.
Biografiya
Назармат (1917-2009)