Мўминларни лақаб билан чақиришнинг ҳаром экани
« Мўминларни лақаб билан чақиришнинг ҳаром экани »
“Лақаб” сўзи луғатда “айблаш, устидан кулиш, истеҳзо қилиш” каби маъноларни ифодалайди. Бизнинг тилимизда “лақаб қўйиш, лақаб тўқиш” деганда ҳам айнан шу маънолар кўзда тутилади. Лекин арабларда “лақаб” сўзи ижобий маънода ҳам қўлланилади. Бунда у маълум бир шахснинг танилган исми сифатида зикр қилинади. Бу ерда кишини таҳқирлаш, айблаш маъноларини бўлмайди, ўзига қўйилган лақаб билан чақирилаётган киши бундан рози бўлади. Масалан, Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг лақаби “Сиддиқ”, Умар розийаллоҳу анҳуники “Форуқ”, Оиша розийаллоҳу анҳоники “Ҳумайро”, Ҳамзаники “Асадуллоҳ”, Холид ибн Валидники “Сайфуллоҳ”, Жаъфар ибн Абу Толибники “Таййор” бўлган. Шундай бўлса-да, аслида лақаб асосан салбий маънода бировни айблаш маъносида қўлланилади.
Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтади: “Эй мўминлар,(сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавм устидан масхара қилиб кулмасин – эҳтимол (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан бўлган)аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёллар устидан масхара қилиб(кулмасинлар) – эҳтимол (ўша масхара қилинган аёллар)улардан яхшироқдирлар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаб қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмон. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардандир” (Ҳужурот, 11).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларини бошқа мўмин биродарлари устидан масхара қилиш, уларни айблаш, лақаб қўйишдан қайтармоқда. Балки улар устидан кулиб, лақаб тўқиётган одам Аллоҳ таолога улардан кўра яқинроқдир. Бу ҳолда лақаб қўяётганлар Аллоҳнинг маҳбуб бандаларини таҳқирлаб ўз нафсларига катта зулм қилган бўладилар.
Шунингдек, мўмина-муслима аёллар ҳам ўзларининг мўмина опа-сингиллари устидан масхара қилишлари наҳий қилинмоқда. Улар билмайдилар, балки улар масхара қилаётган мўминалар тақво ва солиҳ амалларда улардан устундирлар.
Эътибор берадиган бўлсак, мазкур оятда “биродарларингизни масхара қилманг” маъноси “ўзингизни масхара қилманг” деб ифодаланмоқда. Бундан, мўминларни масхара қилиш, уларга лақаб қўйиш ўзини масхара қилиш билан тенг экани келиб чиқади.
Бандалар Аллоҳга иймон келтириб, мўминлик шарафига эришганларидан сўнг бир-бирларига лақаб қўйиб фосиқона исм билан исмланишлари қандоқ ҳам ёмон! Кимки мўмин ва мўминаларга лақаб қўйишни бас қилмаса, Аллоҳга тавба қилмаса, улар ўзларига зулм қилган, исён ишлари билан Аллоҳнинг азобини сотиб олган бўладилар.
Муқотил айтади: “Аллоҳ таолонинг бу ояти Билол, Салмон, Аммор, Хаббоб, Суҳайб, Фуҳайра, Ҳузайфанинг мавлоси Солимлар устидан масзара қилган Бани Тамим қабиласи ҳақида нозил бўлган” (Абу Ҳотим ривояти).
Ато: “Бир-бирига лақаб қўйиш бирон мўминни Исломга хос бўлмаган исмлар билан – эй чўчқа, эй ит, эй эшак, деб чақиришдир”, деб айтган (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Бир-бирига лақаб қўйиш бир киши аввалда ёмон – гуноҳ ишларни содир этиб, сўнг тавба қилгач, унинг ўтган гуноҳларини юзига солиб айблашдир”, деган(Ибн Жарир Табарий ривояти).
Ислом
Мўминларни лақаб билан чақиришнинг ҳаром экани