Муҳиддинхўжа қози (1841-1902) haqida to’liq ma’lumot oling
DO`STLARGA ULASHING:
Муҳиддинхўжа қози (1841, Тошкент — 1902 йил март) — ўзбек маърифатпарвари. Сўнгги Тошкент қозикалони — Ҳакимхўжа ўғли. Тошкент, Бухоро мадрасаларида таҳсил олган.
Тошкентнинг Себзор даҳасидаги Исахонхўжа мадрасасида мударрислик қилган. Тошкент рус аскарлари томонидан қамал қилиниб аҳоли қирилиб кетиш арафасида турган 1865 йил июнида Муҳиддинхўжа қози Абулқосим эшон, Солиҳбек охунд ва ўз отасининг топшириғига кўра, ғоят хавфли вазиятда Черняев қароргоҳига борган, унга махсус мактуб топшириб, шаҳарни нисбатан енгил шартлар билан таслим бўлиши тадбирларини кўрган.
Отаси вафотидан сўнг, 60-йиллар охиридан — Себзор даҳаси қозиси. 80-йиллар бошида Сатторхон, кейинроқ Фурқат билан янги ўзбек маърифатпарварлигига асос солишда қатнашган, замонавий илм-фан, техника ва илғор маданият тарғиботи билан шуғулланган.
Муҳиддинхўжа қози 1884 йилдан «Туркистон вилоятининг газети» билан ҳамкорлик қилиб, илк ўзбек публицистларидан бири сифатида танилган. Муҳиддинхўжа қози ўтмиш маданий обидаларини авайлаб сақлашга жиддий эътибор қаратган. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарининг жа-ҳонда ягона мукаммал нусхаси Муҳиддинхўжа қози ва авлодлари саъй-ҳаракати билан бизгача етиб келган ва республикамиз мустақилликка эришгач, тўлалигича нашр этилган.
Муҳиддинхўжа қози 1886 йил Себзор даҳасидаги 3-сон рус-тузем мактабини қурдирган ва умрининг охиригача унга фахрий нозир бўлган. Маърифатпарварлик фаолияти, шунингдек, 1892 йил «вабо қўзғолони»га хайрихоҳлиги учун Муҳиддинхўжа қози чор маъмурларининг кўплаб таъқиб ва тазйиқларига учраган, шунга қарамай ўз илғор ғояларига содиқ қолган.
Malumotlar
Муҳиддинхўжа қози (1841-1902)