Мунофиқлик ва зикр хақида ҳақида ислом дини нима дейди?

Мунофиқлик ва зикр хақида ҳақида ислом дини нима дейди?

Savol:

Ассалому алайкум! Киши бирор кишини ёқтирмай қолган. Балки характири ёки бирор сабаб билан. Энди шуни балки иложсизлик ёки низо чиқмаслик учундир кўришганда яхши муомала қилишга харакат қилади. Сездирмасликка харакат қилади. Асли ичида ёқтирмайди. Бунга ўхшаш холларда киши мунофиқ бўлиб қомайдами? Бу дунёда хаммани бирдек ёқтириш қийин. Ёқтирмаслигини устига чиқарса иш катталашиши, низо шунга ўхшаш холлар. Бундай холатда қандай йўл тутилади. Мунофиқ бўлиб қомайдами? Ёки ошкор этиш керакми? 2. Киши доимо Аллоҳни зикр қилишда тилини шу билан хўл этишга харакат қилиб юрганда, иш биландир ёки бошка холатда айтиши тўғрими? Шунингдек оғзига қайси зикр ўнг келса, қайси истиғфор, саловот ўнг келса шуни айтиши тўғрими? Мақсад Аллоҳни зикрида бардавом бўлиш, тилни шу билан хўл қилиш. Ёки фақат малум бир зикрни айтиши керакми? Хозирги кунда бирор ахли илмни олдига бориб айтиш керакми? Ёки узи Аллоҳ қодир қилганча зикр қилиб юрса бўладими? Зикрни фазилатидан умид қилган холда.

Javob:

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Javob:


– Ва алайкум ассалом! 1). Мўмин кишининг бирор ношаръий ишини эмас, шунчаки ўзини ёмон кўриш шариатимизда қораланган. Мўминлар бир-бирларига биродардирлар. Ораларида ўзаро гина-адоват қилиш, кўра олмаслик, обрўсини тўкиш, ғийбат қилиш каби иллатлар бўлмаслиги керак.

ҚАЛБ ҒИЙБАТИ

Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (12-оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам «Кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейилмоқда.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالظَّنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ، وَلَا تَحَسَّسُوا وَلَا تَجَسَّسُوا، وَلَا تَنَافَسُوا، وَلَا تَحَاسَدُوا، وَلَا تَبَاغَضُوا، وَلَا تَدَابَرُوا، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا . رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ўзаро рақиб бўлманг ва ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор».
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўп ҳолларда бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالظَنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ.  رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إنَّكَ إنْ تَتَبَّعْتَ عَوْرَاتِ النَّاسِ أَفْسَدْتَهُمْ.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».

2). Истаган зикрини айтиши мумкин. Бу борада бирор чеклов йўқ. Валлоҳу аълам!

Savollarga javoblar
Мунофиқлик ва зикр хақида