Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов (1868-1943) to’liq malumot oling

Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов (1868-1943) to’liq malumot oling

Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов (1868-1943)

Ўзбек қўшиқчилик санъатида ўзидан ўчмас из қолдирган машҳур ҳофиз Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов Тошкент шаҳрининг «Гулбозор» маҳалласида бўзчи оиласида таваллуд топган. Дастлаб Абдулла Қори мактабида таҳсил олган ва исломий илмлар билан бир қаторда Ҳофиз, Навоий, Машраб, Бедил, Фузулий каби мумтоз шоирларнинг ижоди билан яқиндан танишиб, уларнинг ғазаллари билан ашулалар ижро этган.

Тўйчи ҳофиз ёшлигидан амакиси Қўчқор отадан ашула айтиш сирларини ўрганган. Сўнгра устози Убайдулло Андалибдан қўшиқ айтиш сирларини ўрганган. Аста секин Тошкент ҳофизларини назарига туша бошлайди. Шобарот танбурчи, Шожалил ҳофиз, Муҳаммад Умар, Абдуқаҳҳор ва Назирхон ҳофизлар билан бирга ижод қилган. Улар билан ҳамнафасликда «Қўшиқ базми» кечаларини ташкил этган.

Замондош шоирлар Камий, Мискин, Хислатлар билан ҳамкорликда ижод қилиб, улар иштирокидаги йиғинларда қатнашган ва Бухоро, Самарканд, Қўқон, Андижон, Марғилон шаҳарларига ҳам бориб ашула йўлларини ўрганган, ўзига хос ашулачилик услубини яратди. Шоир Хислат Мулла Тўйчи ҳофизга атаб «Армуғоний Хислат» девонини тузган. Ушбу девондаги барча ғазаллар ҳофиз томонидан ижро этилган.

Дастлабки репертуаридан «Эй дастаи гул, марҳабо», «Фиғон», «Шитоб айлаб» каби ашулалар ўрин олган. Шожалил ҳофиз, Шобарот танбурчи жўрлигида «Шаҳноз-Гулёр» ашулалар туркуми Тўйчи ҳофизга шуҳрат келтирган (1890). Кейинчалик унинг довруғи Туркистон ўлкасининг ҳамма шаҳарларига таралган.

Тўйчи Ҳофиз ўзи ижро этган ашулаларни биринчилар қатори грампластинкага ёздирган, «Граммофон» жамиятининг «Пишуҳий Амур» фирмаси (Рига, 1905; Скобелев, 1911) ундан 25 та ашула, жумладан, «Илғор», «Хисрав», «Сувора» (учаласи ҳам 2 қисмли), «Бобо Равшан», «Янги курд», «Авжи курд» ва бошқани ёзиб олган. Тўйчи Ҳофиз 1908—10 йилларда Фарғона водийсидан бўлган Адолатхон, Мозидахон каби аёл хонандалар ижросидаги қўшиқларни ҳам биринчи марта грампластинкага ёздирган. Унинг ташаббуси билан Андижон, Фарғона, Хўжанд ва бошқа шаҳарларда граммофон ва пластинка дўконлари ташкил этилиб (1906—12), уларда ўзбек, рус ва бошқа тилларда куй, қўшиқ ва ашулалари ёзилган пластинкалар сотилган.

Тўйчи Ҳофиз Эрон, Туркия, Италия, Миср, Ҳиндистон (1900)да ва Шарқий Туркистон (1913—14) ш.ларида бўлиб, ўз ижрочилик маҳоратини намойиш қилган. Ўзбекистонда маҳаллий халқ мусиқа ансамбллари ташкил этишда, 1920 йилларда саҳналаштирилган «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» спектаклларига мусиқа танлашда фаол иштирок этган. 1927 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Радиоқўмитаси ўзбек халқ чолғу ансамблида устоз хонанда, шунингдек, Ўзбек давлат филармониясининг етакчи хонандаси бўлган.

Тўйчи Ҳофиз айтган ўзбек мумтоз ашулалари — «Баёт», «Фиғон», «Ушшоқ», «Сегоҳ», «Гиря», «Илғор», «Сувора», «Чоргоҳ», «Кўча боғи», «Таронаи Дугоҳ» («Дугоҳи Хусайний» туркумининг таронаси) ва бошқа ўзбек мусиқа маданиятида муҳим ўрин тутади. Тўйчи Ҳофиз ашулалари талқин этилиши, жумлаларининг маромига етказиб айтилиши, қочиримларга бойлиги, ўзбек мусиқа анъанасидаги мумтоз ижро услуби, овознинг кучлилиги бн ўзига хосдир. Айниқса, ноёб зеболик билан Навоий ғазали («Қаро кўзум»)га ижро этган «Ушшоқ» ҳофизлик санъати юксак намунасига айланган. Тўйчи Ҳофиз Москвада ўтказилган қишлоқ хўжалиги кўргазмаси (1923) ва Ўзбек санъати декадаси қатнашчиси (1937).

Иттифоқ радиоқўмитаси Тўйчи Ҳофиздан «Баёт» ва «Ушшоқ»ни (1937), Санъатшунослик инти (В. А. Успенский) «Чоргоҳ», «Баёт», «Кўча боғи», «Сувора» ва бошқаларни ёзиб олган.

Ш. Шоумаров, Юнус ва Рихси Ражабийлар, К. Зокиров, Б. Мирзаев ва бошқалар Тўйчи Ҳофиз ижрочилик анъаналарининг давомчиларидир. Тошкент грампластинкалар зди ва Қашқадарё вилояти мусиқали драма ва комедия театрига Тўйчи Ҳофиз номи берилган. 1927 йили Ўзбекистон халқ ҳофизи унвони, вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).

Biografiya
Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов (1868-1943)