Мужской каприз салати тайёрлаш рецепти — усуллари, ресторанча варианти
“Мужской каприз” – кўпчилик энг севимли салатларидан бири хисобланади. Унинг таркибида турли гўштлар мавжудлиги сабабли, эркаклар кўпроқ уни ҳуш кўришади. Ушбу салатнинг афзаллиги – у жуда тўйимли хисобланади, хатто асосий таомнинг ўрнини босишга хам қодир.
МУЖСКOЙ КАПРИЗ САЛАТИ ТАЙЁРЛАШ РЕЦЕПТИ
Тайёрлаш вақти: 20 дақиқа | Портсиялар сони: 3
Керакли масаллиқлар:
Дудланган курка гўшти – 100 г;
Дудланган колбаса – 100 г;
Қайнатилган мол гўшти ёки қайнатма колбаса – 100 г;
Қази – 100 г;
Қайнатилган туҳум – 1 та;
Қаттиқ навли пишлоқ – 100 г;
Маёнез – 200 г;
Безатиш учун салат барги, туз, мурч.
Тайёрлаш босқичлари:
Гўштли масаллиқлар ва пишлоқ сомонча шаклида қилиб тўғраб олинади, пишлоқдан бироз қисмини олиб қўйиш керак, у безатиш учун керак бўлади.
Туҳум қирғичдан чиқарилади ёки гўштдан ингичкароқ қилиб тўғралади.
Салат учун идиш ёнига аввал салат барги қўйилади, сўнг масаллиқлар қаватма-қават қилиб терилади, хар бир қават устидан маёнез суртилади ва таъбга кўра туз ва мурч сепилади.
Энг устки қаватидан маёнез суртилгач, қирғичнинг кичик тишидан чиқарилган пишлоқ сепилади.
Аслида ушбу салатни тайёрлашнинг рецепти жуда кўп, баъзи бирида фақат қайнатилган мол ва курка гўшти бўлса, бошқаларида пиёз, қўзиқорин, картошка, бодринг, ёнғоқ қўшилишини учратиш хам мумкин.
Юқоридаги ретсепт еса ресторан ва кафеларда кўп қўлланилади. Унда у ёки бу гўшт турини қайнатилган товуқ гўшти, мол тилига алмаштириш мумкин. Тажриба қилиб, ўзингиз учун энг мос бўлган рецептни яратишингиз хам мумкин.
Рецептда салат қаватма-қават қилиб тайёрланган, ҳохишга кўра уни аралаштирган холда тортиқ қилиш мумкин.
Пазандалик, Салатлар
Мужской каприз салати тайёрлаш рецепти — усуллари, ресторанча варианти