Мирмуҳсин Шермуҳамедов (1895-1929)

Мирмуҳсин Шермуҳамедов (1895-1929)

Мирмуҳсин Шермуҳамедов (1895-1929)

DO`STLARGA ULASHING:

Мирмуҳсин (тахаллуси; асл исм-шарифи Шермуҳамедов Мирмуҳсин) (1895 — Тошкент — 1929.4.8) — журналист, ёзувчи. Ўзбек матбуотининг асосчиларидан бири.

1916—17 йилларда Уфадаги «Олия» мадрасасида ўқиган. 1917 йили Тошкентга қайтган. 1917 йили Февраль инқилоби муносабати билан «Турон» газетасига ёзган «Тарихий икки воқеа» мақоласи катта жанжалга сабаб булган. Себзор қозикалони ҳукми билан Мирмуҳсинга ўлим жазоси берилади. Лекин бу ҳукм қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Мирмуҳсин қамоқдан қочиб, Уфага кетади. Фуқаролар уруши бошланиб кетгач, Мирмуҳсин Шарқий фронтнинг 1—5-армиялари сиёсий бўлимида жангчи-журналист сифатида хизмат қилади.

1920 йилнинг бошларида Тошкентга кайтиб, дастлаб «Иштирокиюн», сўнг «Қизил байроқ», «Туркистон» ва бошқа газеталарда муҳаррирлик қилади.

Мирмуҳсиннинг ҳозирча маълум шеърлари 700 мисра атрофида. Бундан ташқари, у ҳикоялар, мақолалар ёзган. «Бефарзанд Очилдибой» (1914) номли биринчи ўзбек романи муаллифи.

Адиб илм-маърифат орқали ҳамма одамлар бахтли, ҳаёт эса фаровон бўлишига астойдил ишонади, «авом»ни илм олишга даъват этади («Миллий адабиёт», «Аҳволи одамдин бир намуна», «Адабиёт» ва б.). Халқнинг оғир ва машаққатли, фожиага туда турмушини тасвирлайди («Ашъор», «Бизни»).

Мирмуҳсиннинг «Йигирманчи асрда Туркистон бобой», «Зиндон» (1914) каби ҳикояларида тараққиётдан орқада қолган Туркистон қиёфаси, идора усулига оид карашлари баён этилган. У инқилобнинг дастлабки йилларида шуроларга ишонган, улар тарафида туриб курашган эди. Бироқ, шовинизмнинг «йўқсуллик» рангига буялиб, янада кескинроқ тус олгани, миллийдиний қадриятларнинг оёқости қилингани Мирмуҳсин умидларини пучга чиқарди. Мақолаларидаги қувонч ва кўтаринки руҳ йўқолиб, умидсизлик кучайиб борди, алданганини чуқур ҳис этди ва булар охир-оқибатда ҳаётининг бевақт, фожиали якунланишига олиб келди.

Бегали Қосимов.

Мирмуҳсин Шермуҳамедов (1895-1929)