Мирий (1830-1899)
Мирий (тахаллуси; асл исм-шарифи Очилдимурод Неъматилла ўғли) (1830 — Каттақўрғон—1899) — шоир ва хаттот. Каттақўрғондаги Нақибхўжа ва Бухоро мадрасаларида ўқиган. Каллиқўрғон мавзеида қозилик қилган (1888). Мирийнинг мукаммал девони, иккита баёзи, қатор эпик асарлари сақланган. Мирий ижодининг асосий қисмини унинг достонлари эгаллайди. «Раъно ва Зебо» (1884) достонини форсийда ёзган. Мирий тарихий воқеалар асосида романтик услубда «Қиссаи Салим Жавҳарий» (1887), «Рустам ва Суҳроб» (1898), «Маждиддин ва Фахрунисо» (1899) достонларида адолатли тузум, фаровон турмуш, комил инсон ҳақидаги илғор фикрлари акс этган. «Гулнома», «Чойнома» каби маснавийларида ҳаёт ҳақидаги фалсафий-эстетик қарашлари ўз ифодасини топган. Мирий Фирдавсий «Шоҳномаси»нинг бир қисмини ва Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Анвори Сухайлий» асарини шеърий йўлда туркийга таржима қилган. Навоий, Жомий, Саъдий ва бошқа шоирларнинг айрим асарларини насҳ ва настаълиқ хатларида кўчирган. Мирий ғазалларида ҳаёт зиддиятлари, турмушдаги тартибсизликлар, ноҳақликларни тасвирлаган. Ҳажвий шеърларида эса риёкор қозилар ва миршабларни фош этган. Шоир лирикаси, ҳажвиёти ва эпик асарлари юксак бадиий хусусиятлари билан ажралиб туради. Мирий асарлари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Самарқанд давлат университетининг асосий кутубхонаси фондларида сақланади. Бегали Қосимов.Мирий (1830-1899)
DO`STLARGA ULASHING:
Мирий (1830-1899)