Макка даври уч босқичга бўлинади

Макка даври уч босқичга бўлинади

Макка даври уч босқичга бўлинади

Макка даври уч босқичга бўлинади

Макка даври уч босқичга бўлинади:
 
1) фатратул ваҳий ва махфий даъват босқичи — қарийб 3 йил давом этган (ҳижратдан аввалги 13-йил, нубувватнинг 1-йили рамазон ойидан бошланиб, ҳижратдан аввалги 10-йил, нубувватнинг 4-йилида тугайди / мил. 610 йил август — 613 йил);

2) Ислом динига ошкора даъват қилиш босқичи – 6 йилдан кўпроқ давом этган (ҳижратдан аввалги 10-йил, нубувватнинг 4-йилидан бошланиб, ҳижратдан аввалги 4-йил, нубувватнинг 10-йили шаввол ойида тугайди / мил. 613 йил — 619 йил май-июн);

3) Ислом даъватининг Макка ташқарисига ёйилиш босқичи – 3 йилу 4 ой давом этган (ҳижратдан аввалги 4-йил, нубувватнинг 10-йили шаввол ойидан бошланиб, нубувватнинг 14-йили сафар ойи охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи мунавварага ҳижрат қилишлари билан тугайди / мил. 619 йил май-июн — 622 йил сентябр).
Мадина даври ҳам уч босқичга бўлинади:

1) Ислом жамиятига асос солиш, уни мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш босқичи — 5 йилу 9 ой давом этган (ҳижрий 1-йил, 1-рабиъул аввал, душанба тонгидан бошланиб, 6-йил зулқаъда ойида бўлиб ўтган Ҳудайбийя сулҳи билан тугайди / мил. 622 йил 12 сентябр — 628 йил март-апрел);

2) Қурайш қабиласи билан сулҳга келишиш, подшоҳ ва амирларга даъват мактубларини юбориш ҳамда катта фитналарни бостириш босқичи — бир йилу 10 ой давом этган (ҳижрий 6-йил зулқаъда ойидан бошланиб, 8-йил 17-рамазонда бўлиб ўтган Макка фатҳи билан тугайди / мил. 628 йил март-апрел — 630 йил 7 январ);

3) турли ўлка ва қабилаларнинг элчи-вакилларини кутиб олиш, одамларнинг Ислом динига тўп-тўп бўлиб киришлари ва оммавий ҳаж қилиш босқичи — 2 ярим йил давом этган (ҳижрий 8-йил 17-рамазондан бошланиб, 11-йил 12-рабиъул аввалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари билан тугайди / мил. 630 йил 7 январ — 632 йил 6 июн).

Исро ва Меърожлари:

«Исро» Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир қисмида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.

«Меърож» эса Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни Ўзининг Даргоҳига кўтаришидир.

Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, Ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, ҳижратдан бир йил олдин, пайғамбарликнинг 13-йили, рабиъул аввал ойи, душанба куни, 52 ёшга тўлганларида, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир қисмида, бир марта содир бўлганига жумҳур уламолар иттифоқ қилишган.

Меърож мўъжизаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч бир пайғамбарга берилмаган!

«Расулуллоҳ ва аҳли байт» китобидан.

Ислом
Макка даври уч босқичга бўлинади