Китоб билим булоғи

Китоб билим булоғи

Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

КИТОБ – ИЛМ ВА ҲИКМАТ МАНБАИ

Бугунги кунда кўпчилигимиз мақтаниб: “Ёшларимиз компьютерни яхши билишади, интернет тизимидан хоҳлаган ахборотни бир зумда олишади”, – дея кўп гапирамиз. Аслида-чи, тўғри, ёшларимиз компьютер ривожланган асрда яшашяпти, хорижларда таълим олишяпти. Асосий билимни интернет саҳифаларидан олишга ҳаракат қилишяпти. Интернет саҳифалари нафақат инсоният ақлининг маҳсули, балки илоҳий неъмат бўлган китобнинг ўрнини боса олармикан. Эътибор берадиган бўлсак, болаларимиз тобора китоб ўқимай қўйишяпти. Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида китобхонликни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар бизни янада қувонтираётган бўлсада, бугунги кунда фарзандларимизга китоб ўқишни, китобга меҳр қўйишни ўргатишимиз машаққат бўлмоқда.

Китоб – билим булоғи. Бу булоқдан баҳра олмаган инсон жоҳилликка юз тутади. У ҳар қандай тубанликка қўл уриши, инсонийликни, виждонини арзимаган нарсага сотиб юбориши мумкин. Жамиятда китобхонлик қай даражада кенг оммалашган бўлса, зиёли аҳли шунчалик кўп бўлади, ўз навбатида бу жойда умуминсоний қадриятлар барқарор турмуш тарзига айланади.

Интернет қаршисида соатлаб ўтирадиганлар ғараз ниятли кимсаларнинг домига илиниб, қанчадан-қанча қотилликларга қўл урмоқдалар. Аммо китоб ўқиган инсон бундай қабиҳликларга қўл урмаслиги аниқ. Амир Темур бобомиз айтганлиридек: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Аждодларимиз илм ўрганиш, китоб ўқишга ҳамиша энг муҳим вазифа сифатида қараб келишган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи” амри бўлган. Ота-боболаримиз илм ўрганиш, китоб ёзиш ва ўқиш борасида бутун тарих давомида бошқаларга ўрнак бўлишган. Тарихдан бизга маълумки, илгари Яссавий, Бедил, Фузулий, Махтумқули, Машраб ғазалларини ёд билмаслик ор саналган. Ўтмишда хориждан юртимизга саёҳат ёки тижорат ниятида келган машҳур шахслар бу ердаги кутубхоналар ва китоб дўконларининг кўплиги ва китобларнинг хилма-хиллигини кўриб хайратланганлар.

Улар ёзиб қолдирган эсдаликларни варақласангиз, юртимизда китобхонлик кенг ёйилган вақтларда фаровонлик, тараққиёт юксалганлигининг гувоҳи бўласиз. Марказий Осиёда Сомонийлар, Қораҳонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар каби сулолалар ҳукмронлиги даврида кутубхоналар ва китоб дўконлари айниқса, жуда кенг тарқалган. Уларда нафақат юртимизда етилиб чиққан алломалар, балки ўз замонаси илм-фанининг етук намоёндалариниг асарлари мавжуд бўлган. Фаннинг барча соҳаларидаги асарлар ана шу китоблардан олинган мустаҳкам пойдевор асосида яратилган. Китоблар ўзининг мураккаблигига кўра турлича бўлган. Марказий Осиё китоб дўконларида хорижлик алломалар асарларининг таржималари ҳам, уларга ёзилган шарҳлар ҳам бирдек тарқалган. Жумладан, Европада “avisenna” номи билан машҳур бўлган Абу Али ибн Сино ўзи тушунолмаган юнон файласуфи Арасту (Европада Аристотел) нинг фалсафий асарини юртдошларимиз фароблик файласуф Абу Наср Фаробийнинг унга ёзган шарҳини ўқигач тушуна олган. Ибн Сино бу китобни Бухородаги китоб бозоридаги дўконларнинг биридан сотиб олган.

Фарзандларимизни китоб ўқишга ўргатиш билан бирга ўзимиз ота-оналар ҳам китобга ошно бўлишни унутмаслигимиз керак. Тўй маросимларга қимматбаҳо кийим-у анжомларга катта-катта маблағларни аямай сарфлаймизу, фарзанд тарбияси учун зарур бўлган китобни олишни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз?!

Баркамол авлодларни ўстириб вояга етказиш, келажакда фаровон турмуш қуришни орзу қилиб интилиб яшаётган ҳар қандай жамият, шу жумладан ўзбек халқининг ҳам азалий орзусидир. Хулоса ўрнида Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг қуйидаги мисраларини ёдга олиш ўринлидир:

Китобдан яхши дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамли замонда.

У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

Алишер НАИМОВ,

Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

Китоб билим булоғи

Китобга муҳаббатли бўлган миллатни, китобдан юз ўгирган авлодларига.

Бир куни уч оғайни дўстлар шаҳарга бормоқчи бўлишибди. Эрталаб йўлга чиқаётиб болаларидан нималар олиб келишини сўрашибди. Фарзандлар совға, ширинликлар, китоб олиб келинг дейишибди.

Ҳамсафарлардан бири аввало китоб дўконига кириб фарзандларига китоб олибди, кейин совға-салом харид қилибди.

Иккинчи ота совға-салом, ширинликлар харид қилиб китобга пули қолмабди.

Учинчи ота ширинликлар дўконидаёқ пулини ҳаммасини сарф қилиб қўйибди. Сафардан кейин уч хонадонда уч хил таассурот қолибди. Ширинликлар бир кунда барҳам топибди. Совға-саломлар беш-олти кун ичида эски матоҳга айланибди. Китоблар савлат тўкиб доим кўз тушиб турадиган китоб жовонидан қачон кўнглинг тусаса хизматинга тайёрман ва фарзандларинга сендан кейин ҳам сени эслатиб тураман дея виқор ила жой олибди.

Улуғларимиз энг яхши совға китобдир деб бежизга айтишмаган. Фурсатни ғанимат билайлик. «Иншааллоҳ имкон қадар фарзандларимизга кўпроқ китоб қолдириб кетаман», деб яхши ният қилайлик! Ахир бир кун биз ҳам кетамизку.

Оҳангарон тумани «Чил қори» жоме масжиди

имом хатиби Орифжон Ҳусеинов

Kitob bilim bulog i insho

Китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб, мутолаа қилиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ислом дини илк бошданоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашган диндир. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган сўз билан жаранглади. Аллоҳ таоло каломида илм эгаларини баланд даража (мартаба)ларга кўтараман деб, Қуръони каримнинг Мужодала сураси, 11 – оятида ваъда қилган. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят Ўзларининг кўплаб ҳадисларида илм олишга тарғиб ва ташвиқ қилганлар. Ҳазрат Али р.а айтадилар:“Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Ундан ташқари киши кўп ўқиган сари билими ошиб бораверади, ҳамма соҳадан маълум маънода хабари бўлади, натижада атрофидагилар учун ҳам қизиқарли суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй ва ёрдамчига айланади.

Китоб ўқишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у вақтдан унумли фойдаланиш воситасидир. Маълумки, инсон қиёмат кунида бекор ўтказган вақтидан, умридан сўралади. Фойдали нарсаларни ўқиб-ўрганиш эса вақтни баракали қилади.

Китоб ўқишнинг тарбиявий аҳамиятлари ҳам бисёр. Болаларни ёшлик чоғларидан китобга муҳаббатли қилиб ўстириш ўта фойдалидир. Зеро, китоб эзгуликдан, олийжанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади. Маънавиятни оширади. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, бундай ёмон хулқларга қарши қалбда нафрат уйғотади. Шу боис ёшларимизни китобга меҳрли қилиб ўстириш маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга моликдир.

Китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман ёмон фикрлар, васвасаларни киши онгидан қувиб юборади.

Китоб ҳаётнинг қоронғу ва зимистон йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Кўп китоб ўқийдиган инсон китоблар тахида ўз маконини топган ўзгаларнинг аччиқ қисматлари ёки муваффақиятлари сабаблари, сир асрорларидан воқиф бўлади ва шу нарсаларни ўз ҳаётида ижобий маънода қўллайди. Натижада кўп муваффақиятларга эришишга муяссар бўлади.

Шундай экан ҳар биримиз китоб ўқишга, илм олишга ўта чанқоқ бўлишимиз, фарзандларимизни мана шундай руҳда тарбиялашимиз мақсадга мувофиқдир.

Анваржон Мирзаев,
ЎМИнинг
Мингбулоқ тумани вакили
ва “Шохи Жалил” жоме масжиди имом хатиби

Qiziqarli malumotlar
Китоб билим булоғи