КИССАВУР…
Саломат ҳам бир пайтлар учар эди. Ўмон йўлларга юравериб, охири эрининг бошини еди. Бир куни жанжаллашиб қолганларида билмасдан эрнинг бошига ўқлоғ билан туширганди. Миясига теккан экан. Касалхонага етмай жон берди. Саломат ўн йилга қамалиб кетди. Ўлғиз қизи Нодира бировларнинг қўлида қолди.
Қондан ўтади деганлари рост экан. Қишлоқдагилар униси қўйиб буниси Нодирани қанча едириб-ичириб, тарбия қилишмасин барибир онасига тортиб кетди. Туриши ҳам эркакшода қиз эди. Кўчаларда ўғил болалар билан дайдиб, қарта ўйинига ўрганди.
Она ўн ёшида қамоқдан қайтиб келганда, Нодира аллақачон йўлдан чиқиб бўлганди…
Қамоқ кўрган она нима қилишни билмасди. Қизининг аҳволини кўриб минг асабийлашмасин, фойдаси йўқ. Устига устак, қишлоқдагилар қачон қараса, бу оилани бармоқ билан кўрсатишар, кексалар уларнинг ёнидан «аттанг» дея бош чайқаб ўтишарди…
— Худоё қиз бўлмай ҳар нарса бўлгин сен! — дерди куйиб кетган пайтларида она. — Бўйингни қара, эркакшода бўлмай ўлгур! Нимага бошқа қизларга ўхшаган нозиккина, уятчангина эмассан?.. Бу туришда ғирт қиморбоз бўлиб кетасан-ку, жувонмарг!..
— Ўзингиз-чи? — дерди шартта Нодира ҳам. — Қамалиб чиқдингиз-ку!.. Отамнинг бошини едингиз-ку!.. Гапиргилигингиз борми сизнинг?..
Бу гаплар Саломатнинг жон-жонидан ўтиб, қўл силтади. Тақдирга тан берди…
Нодира бўлса, қарта ўйинига берилгандан берилди. Ҳатто, тушларида ҳам кимлар биландир ютуқ талашиб чиқадиган бўлиб қолди. Кундузларини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳар гал қайсидир боланинг чўнтагидаги пулларни қуритганда роҳат қиларди…
Ана шу ўйин уни пулга ружу қўйдирди. Пулни кўрса, кўзлари ёниб кетадиган, ҳатто кечалари ҳам боғлам-боғлам қоғоз пуллари бўлишини орзу қилиб чиқадиган бўлди…
Бўй йигитлар орасида биргина Вали унга ёқарди. Жуда уддабурон, тили ўткир бўлгани сабаб, фақат ўшанигина хуш кўрарди. Вали ҳам у нима деса қайтармасди. Айтган вақтида болаларни тўплар, қимор бошлангандан кейин ҳам кўпинча Нодиранинг ёнини олиб, ютишга ёрдам бериб турарди.
— Вали, бир иш қилмаймизми? — деб қолди бир куни Нодира кўчада гаплашиб ўтириб.
— Нима?
— Сен менга аввал айт. Пулинг кў-ўп бўлишини истайсанми?
— Ким истамайди? Истайман.
— Унда юр, ўғирлик қилиб кўрамиз!..
— Қ-қандай қилиб? — сўради Вали тутила-тутила.
— Ие, ким айтади сени «шустрий» деб?.. Бошланишига-чи… Орзи холанинг товуғи кўп. Ўшалардан бир-иккитасини ўғирлаймиз. Бозорга обориб сотсак, пул-да шуям!..
Вали Нодиранинг гапига лаққа тушди. Икковлари қоронғи тушишини пойлашди. Ниҳоят мачитда хуфтон намозига азон чақирилгач, тайин этилган ерда — Орзи кампирнинг томорқаси ёнида учрашишди.
Ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит. Аҳён-аҳёнда маҳалладаги итларнинг акиллаши эшитилиб қолади холос…
Товуқхона айнан томорқага яқин ерда эди. Орзи кампир ёлғиз тургани учун қоронғи тушгандан кейин ташқарига деярли чиқмайди…
Биринчи бўлиб Нодира катакка яқин борди. Кетидан Вали ҳам кўчани бир кузатиб олган бўлди-да, ичкарига кирди.
— Сен мана шу ерда туриб атрофни кузатасан! — деди шивирлаб Нодира. — Мабодо кампирнинг товушини сезиб қолсанг, секин ҳуштак чаласан.
— Хўп…
Нодира эҳтиёткорлик билан катак эшигини очиб ичкарига ўзини урди. Товуқлар йигирматача бор эди. Бегона овозни пайқаб уёқдан-буёққа ўзларини ура бошлашди. Нодира буларга этибор қилмай, ҳаш-паш дегунча тўртта товуқни қўлтиғига қисиб ташқарига чиқди.
— Кетдик! — буюрди у Валини туртиб. — Ма, иккитаси сеники!..
Улар оёқ учида юриб катта кўчага чиқиб олишди-да, нариги маҳалладаги Мамат чолникига йўл олишди. У бозорда товуқфурушлик қиларди…
* * *
Эртаси куни Нодира товуқдан тушган пулларни уйда сақлашга қўрққаниданми, липпасига қистирди-да, буёғига нима қилиш тўғрисида ўйлай бошлади. Товуқ ўғирлаш хамирдан қил суғургандек битгани уни янада жонлантириб юборганди.
— Кўрдингми, анави Мамат чол ҳам ёлғиз тураркан. — деди у Валини бир четга бошлаб. — Пули жуда кўп бўлса керак. Ўмармаймизми?
— Э, қўрқаман. Билиб қолса ёмон қилади… Ке, шу ишни қўяйлик!..
— Бу нима деганинг, жинни? — Нодиранинг жаҳли чиқиб кетди. — Осонгина пул ишладик-ку! Ўқмайдими?..
— Йўқ, — кескин қўл силтади Вали. — мен бу ишни қилмайман. Отам сенга қўшилганимни билиб қолибди. Роса уришди мени… Борсанг ўзинг боравер, мени аралаштирма!..
— Ландовур-ей!.. Шу ҳолинг бор экан-ку, яна ўғил боламан деб юрибсан-а!.. Бормасанг борма!..
Валидан ҳеч иш чиқмаслигига кўзи етган Нодира бир ўзи кундузи бориб Мамат чолнинг уйини «разведка» қилиб келди. Ҳа-а, деворлари пастаккина экан. Чол ҳов анави ёлғиз уйда ётса керак. Пулини қаерда сақларкин?.. Йўқ, намозга чиқишини пойлаши лозим. Йўқса, ушлаб олиши мумкин…
— Ҳой ер юткур, яна қаерга йўл олдинг кеч кирганда? — қоронғида югургилаб кўчага чиқиб кетаётган Нодиранинг ортидан қичқирди Саломат опа
— Э, нима ишингиз бор? Ўтиравермайсизми жимгина?!.
Нодира бетиним югуриб Мамат чолнинг ҳовлиси рўпарасига борди. Шу тобда энди маҳалладаги чоллар хуфтон намозини ўқиш ниятида тўпланиб мачитга йўл олишаётган экан. Ораларида Мамат чол ҳам бор эди. Нодирага айни муддао бўлди. Чоллар ўзаро гурунглашиб ундан узоқлашгач, Нодира уёқ-буёқни кўздан кечирди. Ҳеч ким йўқ.
Бир сакраб девордан ошиб ўтди. Ити йўқлигини биларди. Шахдам юриб бориб чол ётадиган хонага яқинлашди. Эшикка қулфлоғлик.
— Оббо, айёр-ей, — кўнглидан ўтказди Нодира. — ичидан пишган кўринади бу сассиқ чол…
Нодира секин деразани итариб кўрди. Очилмади. Жаҳли чиқиб қоронғида тимирскилана-тимирскилана кичкинагина тош топди. Ҳовлига бирпас кўз ташлаб ҳаммаёқ осуда эканига амин бўлгандан сўнг кескин ҳаракат билан дераза ойнасини синдирди. Унчалик баланд овозда жарангламади. У қўлини тиқиб ичкаридаги зулфинни суғурди-да, хонага кирди. Бир четда каравот, унинг ёнидаги токчада қути турарди. Бошқа ҳеч вақо йўқ.
— Демак, шу қутида пул!
Нодира аввал каравот устидаги кўрпа-тўшакларни ағдариб кўрди. Пул кўринмади.
Сўнгра қутига яқин борди. Қутига каттагина қулф осилган. Тағин ташқарига чиқди. Сўрининг бир четида тош ётган экан. Оғзи қулоғига етиб ўша тош билан қулфни уриб синдирди.
— Воҳ!..
Қутидаги даста-даста пулларни кўрган ўғри қизнинг кўзлари қувончдан ёниб кетгандай бўлди. Эгнига шим, футбол майкаси кийиб чиққанди. Майканинг ичига ҳамма пулларни солди-да, қутини ёпишни ҳам унутиб ҳовлига чиқди…
Билмайди… Эндигина девордан ошмоқчи бўлганди… Кимдир сочидан қаттиқ тортиб ўзига қаратди.
— Қани, ярамас, менга қара-чи!..
Бу Мамат чол эди. У Нодирани бир зарб билан ўзига қаратди-да, тош қотиб қолди.
— Сен?.. Астағфирилло!.. Қиз бола бошинг билан-а?.. Қани, буёққа юр!..
Чол қизни ичкарига олиб кирди. Не кўз билан кўрсинки, қути ланг очиқ, кўрпа-тўшаклар ағдарилиб ётибди.
— Энангга тортибсан-да-а, ярамас?.. — хириллаб Нодиранинг қўйнидаги пулларга ёпишди Мамат чол. — Қонингда бор-да!.. Сенларни эшакка тескари миндириб сазойи қилсаям оз!.. Юр менминан!..
Мамат чол ҳар эҳтимолга қарши қизнинг қўлларини орқасига қилиб боғлади-да, уйига олиб кетди…
* * *
Саломат опа онда-сонда қизидан яшириб қўлбола вино ичиб турарди. Шу куни ҳам Нодиранинг ўзбошимчалиги жонига тегиб тўйгунича вино ичди. Мамат чол ҳовлига кириб келганда ғирт маст эди.
— Ҳой, келин, манави сени қизингми? — кирар кирмасдан Саломат опага қичқирди Мамат чол.
Саломат опа сўрида астойдил кайф қилиб ўтирарди. Кўрдики, қизининг қўллари орқасига бойланган, қандайдир қария уни маҳкам ушлаб турибди. Жон-пони чиқиб кетди. Йўқ, рашкдан эмас, қизини кўриб…
— Ҳа, м-мени қизим, нима дейсиз? — аста ўрнидан туриб Мамат чолга яқин борди у. — С-сен қанжиқ, яна нима иш қилиб қўйдинг?..
Нодиранинг ўрнига Мамат чол жавоб қилди.
— Бу менинг уйимга ўғирликка тушибди. Қулфларимни синдириб, бор пулларимни опчиқиб кетаётган экан, тузукми?
— Шу гаплар ростми? Гапир!.. — ўдағайлаганча Нодиранинг тепасига келди Саломат опа. Нодира димоғида спирт ҳидини туйди. Бошини даст кўтариб онасига нафрат аралаш боқди.
— Нима бўпти?.. Сиз… Фариштамидингиз?..
— Вой жувонмарг ўғри-ей! Ҳали менга гап қайтаришниям биласанми?.. Ҳозир отангни ёнига жўнатворайми сен қанжиқни?!.
— Ҳа, сен шунақасан! Одам ўлдириб ўрганиб қолгансан!.. Ўлдир! Ўлдир!.. Қани, нега қараб турибсан?..
Саломат опанинг муштлари тугилди. Кайфдан қизариб кетган кўзлари каппа-каппа очилиб, қизини уришга чоғланди. Аммо урмади. Сочидан бир қўли билан маҳкам ғижимлади-да, иккинчи қўли билан дарвоза тарафни кўрсатди.
— Йўқол! Мени сендай қизим йўқ!.. Иккинчи уйим бор деб қайтиб юрмагин! Йўқол дедим!..
— Э, тўхтанг! — гапга аралашди Мамат чол. — Мен сизларнинг жанжалларингизни эшитишга келганим йўқ… Ие, қизига танбеҳ бериш ўрнига…
— Бор-э сенам!.. — кутилмаганда чолни итариб юборди Саломат опа. — Бор чиқ уйимдан!..
Мамат чол ҳам бош чайқай-чайқай, лабларини бурганча ҳовлини тарк этган Нодиранинг ортидан уйига йўл олди…
* * *
Қишлоқ кўчасига кечалари унча-мунча бўй йигит ҳам ўйлаб чиқади. Йўл четидаги қатор қайрағочлар қоронғи кечаларда жуда ҳайбатли кўринади. Кексаларнинг айтишларича, бу қайрағочларга ажиналар яширинганмиш. Бир йили тракторчи Қулмат ака ярим кечаси келаётганда, бўйи уч метр келадиган ажина унинг йўлини тўсиб олганмиш. То ўзига келиб калима қайтармагунча қотиб тураверганмиш…
Лекин бу нарсалар Нодирани сира қўрқитолмасди. Ажина деган нарсаларга ишонмасди. Қўрқмасдан ариқ ҳатлаб ўтди-да, сўқмоқ бўйлаб кета бошлади.
Шу тобда кўзига ҳеч нарса кўринмасди. Зарда билан юриб сўқмоқ йўлнинг ярмини босиб ўтди. Кейин бирдан тўхтаб, липпасини пайпаслаб кўрди.
— Ие, бу нимайкин?..
Жонҳолатда дўмпайган нарсани қўлига олди.
— Пул-ку!..
Қизнинг кўзлари ёниб кетди. Шоша-пиша кўзига яқинроқ олиб келди. Ҳаммаси мингталик.
— Оҳ, қандай бахт!.. Энди мен бойман!.. Ўлиб кетсин ўша уйлариям. Бошида қолсин онамнинг!..
Пулларни ғижимлаб туриб Нодиранинг хаёлига бир фикр келди. Беихтиёр Валини эслади.
— Орқамга қайтиб Валини чақирсаммикан? — кўнглидан ўтказди у. — Бирга кетармикан менминан?.. Э, кетиб бўпти… Отасидан қўрқади… Ҳозир туман марказигача борволсам, уёғим зўр бўлади…
Нодира пулларни қайтадан липпасига қистирди-да, йўлида давом этди…
Кўз очиб юмгунча қишлоғи ҳам ортда қолиб, катта йўлга чиқиб олди. Энди буёғига шошилмасдан кетаверса ҳам бўлади…
Яна қанча юрди билмайди. Кимсасиз кўчанинг нариги томонида икки-уч нафар йигитлар нимадир қилиб ўтиришган экан. Нодира ҳозир-ҳозир тўхтатиб қолишларини сезган бўлса-да, оёқ учида юриб кета бошлади.
Йигитлар ширакайф эди. Биттаси кутилмаганда ўрнидан туриб Нодира томонга тикилиб қолди.
— Қара, Ҳошим, «иш» шекилли! — деди у шерикларидан бирини туртиб.
— Ие, тўхтат!..
Йигит югуриб Нодирага етиб олди.
— Яхши қиз, ярим кечаси қаерга шошиб кетаяпсиз? — ҳиринглаганча Нодиранинг йўлини тўсди у. Қиз индамай йўлида давом этмоқчи бўлди.
— Ие, қаёққа?.. Келинг, бирпас гаплашайлик!..
— Вей, йўлимни тўсма! Мен шошиб турибман…
— Обориб қўямиз ўша шошаётган ерингизга!..
Йигит ҳиринглашдан тўхтамай Нодиранинг билагидан тутди.
— Ў, жа етилибсиз-ку-а?.. Қани…
Орқасини ғижимлаб эзаётган қўллар Нодиранинг ғашини келтирди. Пойлаб туриб йигитнинг чотига тепди.
— Иҳ, Ҳошим!..
Безори энгашиб бир ерда айлана бошлади. Лекин шериклари аллақачон қизнинг ёнида пайдо бўлишди. Ўттиз метрлар нарида пахта даласи бор эди.
Улар икковлашиб Нодирани маҳкам қучоқлашди-да, ўша ёққа судраб боришди. Тепки еган йигит ҳам ўзига келиб шерикларига етиб олди. Нодира қанча силтаниб, чиранмасин, уч йигитнинг қўлидан чиқиб кетолмасди.
— Ҳали сен бузуқи бизни тепадиган бўлдингми? — дея қизнинг томоғидан олди Ҳошим деганлари. — Ҳозир биз сенинг эсингни киритиб қўямиз!..
Нимадир қилиш керак эди…
Жон-пони чиқиб кетаёзган Нодира уларга ялинишга тушди.
— Жон акалар, м-мен… Бузуқимасман… Менга тегманглар!.. Мана, пул бераман сизларга!.. Ф-фақат… Менга тегманглар!..
Қон йиғлаб липпасини ковлаштира бошлаган Нодирага қараб йигитлар хохолаб юборишди.
— Сен қийналиб нима қиласан, жонидан?.. — кулишдан ўзини тиёлмаётган Ҳошим қизнинг липпасига қўл юборди. — Кел, пулингни ўзим олиб қўяман…
— Т-тегма!.. Қўлингни торт ҳезалак!..
— Нима?.. Ҳезалак?.. Эшитдингми, Мели?.. Ҳезалак деди мени!.. Ҳозир…
Ҳошим астойдил Нодиранинг устига ётиб олди-да, ҳирс билан кўкракларини эза бошлади. Қолганлари эса, у узатган пулларни санаш билан банд бўлишди.
— Қ-қўлингизни олинг мендан!.. Мен бузуқимасман!.. — дерди нуқул Нодира йиғлаб. — Ҳозир бақираман…
— Бақир!.. Қани, бақир-чи, қанжиқ!.. Кимнингдир тагидан чиқиб келаяпсан-у, тағин ноз қиласан-а?..
— Биз тескари қараб турайликми? — кулди Мели. — Уялмай ҳаракат қилавер, оғайни!.. Биз бориб пиво опкеламиз! Мана, бир дунё пули боракан…
Шериклари кетгач, Ҳошим баттар қутурди. Нодиранинг томоғи борми, кўкраклари борми, тишлаб ташлади. Қиз барибир ожизлигига борди. Қилган қаршиликларининг ҳаммаси беҳуда кетди…
* * *
Қиз ҳушидан кетган экан. Тонгга яқин ўзига келди. Ўрнидан турди-ю, қўрқиб кетди. Нотаниш даланинг эгатида ётар, кийимлари йиртилган, бўйинлари момоталоқ эди.
— Худоё пес бўлиб ўлгурлар! — дея қарғана-қарғана оқсоқланганча (оёқлари негадир симиллаб оғрирди) йўл томонга кета бошлади у. — Энди нима қиламан?.. Ким эди у ер юткурлар? Нимага ҳушимдан кетдим?.. Пулларим қани?..
Нодира шу аҳволда одамлар кўзига кўринишга ор қилди. Орқасига қайтиб анча вақтгача дала кезиб юрди. Ҳарқалай бу ерларда ҳеч ким кўринмас, фақат катта йўлдан ўтиб бораётган машиналарнинг овози, ўткинчиларнинг бақир-чақири эшитилиб турарди холос…
Тушга яқин жуда очиқди. Кўзига ҳеч нарса кўринмасди. Ўйлай-ўйлай, йиғлаб таваккал катта йўлга чиқди. Кечаси билмаган экан. Туман марказига келиб қолибди…
У бошини эгганча кетиб бораркан, орқасидан кимдир чақиргандек туюлди. Нодира тўхтади.
— Ҳа, қизим, қаерликсан? — қаршисида ўрта яшар, башанг кийинган, лаблари, кўзлари қалин қилиб бўялган бир аёл турарди. — Нима бўлди сенга? Нимага кийимларинг йиртилиб кетибди?..
Нодира йиғлаб юборди. Шунча гапирай деса-да, йиғидан ўзини тўхтата олмади…
Аёл ҳам аҳволини тушуниб, елкасидан тутиб ўзига қаратди.
— Майли, уйда гапириб берарсан. Юр-чи, бизникига борамиз!..
Қиз индамай аёлнинг ортидан эргашди. Улар касалхона орқаси билан юриб маҳаллага киришгач, аёл дарвозалардан бири ёнида тўхтади.
— Мана етиб келдик! Кир, уялмай киравер!..
Ҳовли кўримсизгина эди.
Аёл Нодирани ичкари уйга бошлаб кирди. Хона ичида бир тахмон кўрпа-тўшак-у, эски жавондан бўлак ҳеч вақо йўқ. Ўртада икки бўй етган қиз пишиллаб ухларди.
Нодира аёл кўрсатган ерга ўтириб кўзларини юмди. Кўзларини очиб ўтиришга ҳам мажоли етмади.
Аёл дарров ухлаётган қизларни турғазиб, меҳмоннинг олдига дастурхон ёзди. Қотган-қутган нонлардан ушатиб, бир чети учган пиёлада чой узатди.
— Ол, қорнингни тўйғаз!..
— Йўқ, раҳмат…
— Олсанг-чи! Рангингни қара!..
Нодира бироз тортиниб ўтиргач, секин қўлига ушатилган нонни олди…
* * *
Нодира қўшмачининг қўлига тушиб қолганини билмаганди. Шарофат унинг ич кийимларини кўриши билан ҳаммасини тушунди. Қизни кимлардир зўрлаган. Энди бемалол бу қиздан фойдаланса бўлади. Фақат… Уйидагилар пайқамаса бас…
— Мени онам ҳайдаб юборди. — деди Нодира тиниқиб ухлаб, анча ўзига келиб қолгач. — Энди қайтиб у уйга бормайман…
Шарофат қиздан ҳайдалиши сабабларини суриштириб ўтирмади. Шу куни «нозик мижозлар»га ёшгинасини вада қилиб қўйганди. Худонинг ўзи етказди. Ишқилиб, буёғи силлиқ кечса бўлди…
— Менга яхшилаб қулоқ сол, — деди у Нодирани ёнига ўтқазиб. — уйингга боришни истамасанг, майли, борма!.. Лекин ўзинг биласан, бу дунёда ҳеч ким ҳеч кимни текинга боқмайди…
— Биламан.
— Билсанг, энди меникида юрасан. Фақат битта шартим бор.
— Айтаверинг!..
— Ҳов анави қизларни кўрдинг-а? Уларнинг ҳам борадиган жойлари йўқ. Ўзим асраб олганман… Биласанми улар нима иш қилишади?
— Йўқ…
— Эркакларни хурсанд қилиб пул топишади.
— Нима?.. Қандай қилиб?..
— Кеча сени нима қилишди безорилар?
— Билмадим… Зўрлашди… Ҳушимдан кетиб қолдим…
— Ана, кўрдингми?.. Буёғига ҳушингдан кетмайсан. Бўлар иш бўлган… Энди сен қиз эмассан… Хўш, шу ҳолингга уйланмаган йигит сенга уйланадими?
— Билмасам…
— Уйланмайди… Хўш, нима қилиш керак?.. Э, ҳозирги эркакларнинг ҳаммаси бир гўр. Сен яхшиси, мен топган бой эркакларнинг қўйнига кириб пулларини шилиб оласан. Ана шунда биз сенминан тил топишамиз… Истамасанг, катта кўча… Бир бурда нонга зор бўлиб юраверасан…
Нодир бу гапларни эшитиб қотиб қолди. Нима деб жавоб қилишга ҳам тили айланмади…
Аслида бу тахлит нарсаларга унчалик тушунавермасди. Юраги ҳамон ўғирлик сари талпинарди… Аммо… Энди қаерга боради? Кўчага чиқса, кеч кириши билан яна қандайдир безориларнинг қўлига тушадими?.. Қариндошлариникига бориши ҳам бефойда. Киритишмайди… Онасидан баттар улар ҳам. Айниқса, ўғирлик қилиб қўлга тушганини эшитишса, милисага топшириб юборишдан ҳам тойишмайди…
Нодира ўйлай-ўйлай, Шарофатнинг шартларига кўнди. Қўшмачи хурсанд бўлиб кетганидан ёнидан пул сарфлаб қизга янги кўйлак-лозим сотиб олиб берди. Бу кийим атласдан эди. Нодира кийиб олса, ҳар қандай эркакнинг сўлаги оқмай қўймасди…
Афсуски…
Шу куни мижозлар келишди. Нодира Шарофат кўрсатган хонага қўрқа-писа кириб борди. Ичкарида бир йигит ўтирарди. Келишган, аммо ўрта яшар… Бармоғида тилла узук, бўйнида тилла занжир…
Қизни кўрди-ю, чеҳраси очилди.
— Ў, опамиз алдамабди! — деди у Нодиранинг белидан оларкан. — Қани, қушчам, тиззамга ўтир-чи!..
Эркак уни узоқ вақт қийнади…
Оғриқдан жони чиқиб кетгудек бўлса-да, чидади…
Билмайди… Қанча вақт устида ётди эркак…
Бир маҳал у бўшашганча ўрнидан туриб ташқарига йўл олди.
— Чиқиб кетмай тур, мен ҳозир!..
Нодира секин ўрнидан туриб темир каравотга чўкди. Шу пайт… Оёғига нимадир урилгандек бўлиб пастга эгилди…
Не кўз билан кўрсинки, полда бир даста доллар ётарди…
Аслида долларни умрида кўрмаган, кимлардандир эшитганди…
Ҳовлиқиб қолди. Шоша-пиша қўлига олиб пулларни липпасига жойлади. Шу кўйи индамай ўтираверди…
Орадан беш дақиқалар ўтиб эркак яна ичкарига кирди. Кирибоқ атрофни айланганча ниманидир қидира бошлади. Нодира сезди. Пулларини қидираяпти. Индамади.
— Менга қара, шу ерда бир даста пулга кўзинг тушмадими? — сўради эркак қизга гумонсираганнамо тикилиб.
— Йўқ, кўрмадим…
— Шунақа дегин?.. Ростдан кўрмадингми?..
— Айтдим-ку, кўрмадим…
— Шарофат!.. Буёққа кириб кетинг!..
Пойлаб турган эканми, қўшмачи шу заҳоти ичкарида пайдо бўлди.
— Ҳа, иним, нима гап?..
— Пул йўқолди, опа, катта пул йўқолди!..
— Вой мен ўлиб қўя қолай!.. Ҳой, Нодира, сен кўрмадингми мабодо?..
Нодира йўқ дегандек бош чайқаб қўйди…
— Ечин! — кутилмаганда буюрди эркак қизга. — Тез ечин!..
Нодиранинг ранги қув ўчиб, пешонасини совуқ тер босди.
— Нимага?
— Ечингин, кейин биласан!..
У қўрқа-писа кўйлагини ечди.
— Лозимниям!.. Мана, опа, кўринг қизингиз нима иш қилган!..
Эркак липпадаги бир даста пулларни олиб Шарофатга кўз-кўз қилди.
— Бу ўғри экан-ку, опа! Кимни қўйнимга солиб қўйдингиз?..
— Ҳали шунақамисан?.. — Нодиранинг тепасига келди Шарофат. — Ўғримисан ҳали? Вой қанжи-иқ!.. Шарманда қилди-ку бу!.. Нозимжон ука… Кечиринг!.. Мен бунинг адабини бердираман ҳали!.. Фақат сиз кечиринг, ука!.. Мен бу қанжиққа кўрсатиб қўяман ўғирлик қилишни!..
Шарофат кўрсатиб қўйди. Шу кечаси Нодирани уч тўрт йигит ўласи қилиб калтаклашди. Сўнгра нафсларини қондиришди. То ҳушидан кетмагунча зўрлашди…
Шарофат унинг қаердан эканини ўзидан сўраб билиб олганди. Эрта тонгга яқин йигитлар қизни қип-яланғоч ҳолда қишлоққа кираверишдаги анҳор бўйига — ўша қайрағочлар остига ташлаб кетишди…
* * *
Ҳар куни тонг ёришгач, Мамат чол товуқ кўтариб бозорга ўтарди. Қараса, анҳор бўйида яланғоч қиз ётибди. Аввалига ажинамикан деган хаёлда бир-икки калима қайтарди. Қиз кўздан ғойиб бўлмагач, секин тепасига борди. Дарров таниди…
— Астағфирилло!.. Қара-я, Худо жазосини бериб қўйибди-ку бунинг!..
Бозор ҳам эсидан чиқиб қишлоққа югурди…
Ҳовлига кириб келганда, Саломат маст бўлса керак, сўрида пишиллаб ухларди.
— Ҳой, ожиза, тур!.. Турсанг-чи!..
Саломат сапчиб ўрнидан туриб кетди.
— Ҳа-а!.. Яна нима?..
— Бор, латта-путта олиб кўча бошига бор!.. Қизинг қип-яланғоч ўзини билмай ётибди…
— Нима?.. Яланғоч ётибди?..
Кўз очиб юмгунча беҳуш Нодирани уйга олиб келишди. Кўкармаган ери қолмабди. Кайфи ҳануз тарқамаган она унга нафрат аралаш тикилди.
— Куйдирги!.. Ўғирлик қилганинг етмай, бу қилиғинг ҳам бормиди? Отангга тортгансан сен бузуқи!..
Саломат секин бориб дарвозани ёпиб келди. Нодира ҳамон ҳушсиз чўзилиб ётарди…
Қўлига болтани олди-да, қизининг тепасига келди.
— Мен қамоқ кўрган бўлсам ҳам, ёлғиз яшасам ҳам, бузуқлик қилмаганман!.. — деди шивирлаб. — Сен мени шарманда қилдинг!.. Қўй, шундай яшагандан қамоқларда ўлигим қолсин!.. Сен барибир одам бўлмайсан…
Ўткир болта нақ қизнинг бўйнига келиб тушди…
Нима қилиб қўйганини қон дарёдек оқа бошлагандан кейингина англаб етган она ҳовлиқиб қолди. Худди биров кўриб қолгандай бир неча маротаба дарвозахонага бориб келди…
Жонҳолатда оғилхонага кириб қанор топиб чиқди-да, мурдани буклай-буклай жойлади ва томорқа тарафга олиб ўтиб қўйди…
Барибир тинчий олмасди…
— Шошилишим керак!.. Ҳа, шошилиш… Шошилиш!..
Саломат яна оғилхонага қайтди. Тимирскиланиб мол бойланадиган арқон топди. Катта тоғорани оёқлари остига қўйиб устига чиқди. Арқоннинг бир учини айлана қилиб боғлади-ю, иккинчи учини шифтдаги михга маҳкамлади…
Тушга бориб она-болага қўшнилар аза очишди.
Хикоялар
КИССАВУР…