Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди узбекча шеър
Йўлингни армонлар кутмаса бўлди,
Юрагинг фиғонлар ютмаса бўлди,
Бахтли бўлишингни тилайман лекин,
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди…
Озоринг оғритди жисму -жонимни,
Қарғайми сени илк кўрган онимни,
Муҳаббат бир куни, олиб ёнимни,
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди…
Хотиржам юрибсан бир қалбни эзиб,
У қалб туйғулардан қолдику безиб,
Кўнглинг меникидай оғриқни сезиб,
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди…
Нолалар айланар унсиз кўз ёшга,
Наҳот юрагимни берганман тошга,
Неларни солдинг-а бир мағрур бошга,
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди…
Одамлар вафони унутган ё Раб,
Алдайди кўзинга жилмайиб қараб,
Сенинг ҳам ёнингни андуҳлар ўраб,
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди…
Биламан бу шеърга тушмайди кўзинг,
Балки исмимни ҳам айтмайди сўзинг,
Эҳ алдаб юрибсан ўзингни-ўзинг,
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди…
Бахтли бўлишингни тилайман лекин,
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди…
Шерлар
Ишқимнинг уволи тутмаса бўлди узбекча шеър