Иссик кунларда кайси косметика воситаси хавфли саналади?
Юз териси об- ҳаво ўзгаришларига ниҳоятда таъсирчан. Айниқса ёз фаслида қуруқ ҳаво ва шамол тери ёғланиши ёки қуруқлашишига олиб келиши мумкин. Бундай муаммоларни бартараф этишда косметик воситалардан фойдаланиш мумкин. Аммо жазирамада пардоз қилишнинг ўз қоидалари мавжуд.
Кўпчиликка маълумки А витамини тери учун ниҳоятда фойдали. У терини таранглаштиради, ажинларни йўқотади ва янгилари пайдо бўлишидан ҳимоялайди. Ажойиб ҳусусиятлари туфайли ретинол ёшга доир кремлар ҳамда ҳуснбузарларга қарши воситалар таркибидан жой олган. Бироқ ёз об-ҳавосида А витамини “ҳунар” кўрсатиши мумкин. Қуёшнинг ултрабинафша нурлари билан таъсирга киришган дармондори тери қизариши, қуруқлашиши ҳатто аллергик реакцияларни пайдо қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу боис косметик восита ҳарид қилаётганда таркибида А витамини бор ёки йўқлигига аҳамият беринг. Мабодо, ретинол қўшилган крем ёки бошқа парваришлаш воситасига эга бўлсангиз, уни салқин кунларгача сақлаб қўйинг.
Крем ёрлиғида АНА кислота сўзига кўзингиз тушган бўлиши керак. Бу мева кислотаси дегани. Бундай воситалар салқин ҳавода фойдали. Бироқ ҳаво ҳарорати юқори бўлганида мева кислотаси терига ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Мисол учун, терида ачишиш қизариш, қичишиш пайдо бўлиши баъзан кучли аллергия (ўз вақтида муолажа қилинмаса, доғ сақланиб қолади) кузатилиши мумкин. Мевали пилинглар мутахассислар тавсияси билан амалга оширилиши лозим.
Иссиқда тери тез кирланади. Шу боис уни тозалаб туриш лозим. Аммо ёз учун исталган косметик воситаси тўғри келмайди. Энг маъқули молочко ёки мицеляр суюқликдир. Сиз танлаган восита терига чуқур сингиши шарт эмас. Чунки қуёшда қуруқлашган тери шиддат билан ишлаётган ёғ безлари таъсирида қийналади. Чуқурлаштирилган тозалаш муолажаси эса вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Шуни унутмангки, юз терисида ҳам стресс ҳолати юз бериши мумкин. Қолаверса, ёзда терини чуқур тозалаш табиий ҳимоя- липид қатламини зарарлайди.
Юз териси парваришига эътиборли бўлсангиз, имкон қадар тонал кремдан камроқ фойдаланинг. Тоғри, ушбу восита пардоз қутисининг ажралмас қисмига айланиб улғурди, у тери катакларини тўлдирмайди тошмалар тоширмайди. Муаммо кун давомида юзни сийпаловчи қўллардадир. Биласиз, компютерда ишлаш, транспорт воситаларидан фойдаланиш, умуман кундалик юмушлар бармоқ терисида бактериялар йиғилишига сабаб бўлади. Беихтиёр юз қисмига тегилганида, қичишиш, силаш ёки шапатилашда ана шу бактериялар терига ўтиши мумкин. Бу эса кейинчалик тошма тошиши ва бошқа тери касалликларини келтириб чиқаради. Жазирамада ББ ва CC кремларидан фойдаланган яхши. Ушбу воситалар иккита вазифани бажаради: ултрабинафша нуридан ҳимоялайди ва тонал креми таъсирини беради. Крем устидан юпқа қилиб упа суртиш мумкин.
Кизикарли маълумотлар
Иссик кунларда кайси косметика воситаси хавфли саналади?