ИЙМОНИНИ СОТГАН ТАҚВОДОР
Нўмон Тошкентга келганидан ғоят бахтиёр эди. Шаҳарнинг кенг кўчалари, ҳашаматли биноларини томоша қилар экан, “юрибман-да мен ҳам яшаяпман деб” дея хўрсиниб қўйди. Тақдир бу ерда ҳам унинг бошини силамади. Бўлмаса, қўлида гулдай ҳунари бор. Аслида Аллоҳнинг ўзи унга рассомликни ғайбдан ато этган бўлса-да, қишлоқда бунинг орқасидан кун кўра олмади. Таниш-билишлари унинг чизган суратлари катта шаҳарларда талаш бўлишини айтгач, қайдасан пойтахт дея йўлга тушган эди. Уйларнинг деворларига чизган суратлари орқали, у ўзининг туғилиб ўсган қишлоғида анча шуҳрат қозонди. Охир-оқибат икки ўртоғи билан шаҳарда пул ишлаш йўлини қидиришга келишишди. Шундан бери иши ёмон эмас. Аммо шунча ҳаракат қилса ҳам ҳеч бири–икки бўлмайди. Ёзда йиққанини қишда ейди. Бундан ташқари, кун сайин ўсаётган ижара ҳақи, рўзғор ташвишлари, дегандек. Катта шаҳарда ёлғиз бўлсанг қийин экан. Яхши-ёмон кунида корига ярайдиган, дардини оладиган қондоши йўқ. Яхшиямки хотини, болалари бор. Қишлоқдан кўчиб келишганидан буён ижарама-ижара сарсон бўлишаяпти. Ўзига бир бошпана топмаса бўлмайди.
Нўмон қишлоққа қайтиб қарз кўтарди. Ака-укалари ёрдамида шаҳарнинг чеккасидан икки хонали уйга етадиган пулни белига тугиб, Тошкентга қайтди.
—Вой, дадаси, наҳотки ўзимизни уйимиз бўлади?
Ҳилоланинг қувончи ичига сиғмас, худди янги уйга кўчиб ўтгандек ёш болаларини бағрига босарди.
—Э, мунча ҳовлиқасан, аввал уй топайлик. Нарх-навони қара, осмонда. Қўлимдаги пулга шаҳарнинг ўзидан бир хонали уй ҳам бермайди.
—Шаҳарни четидан бўлса ҳам, майли. Ўзимизники бўлса бўлди. Кўч-кўрон кўтаравериш жонимга тегди. Кўчавериб, кўрпаларим ҳам титилиб кетди.
Нўмон мийиғида кулиб қўйди. Хотини аёллигига боради-да, ким нима ғамда-ю, у кўрпа ғамида.
—Уй олсак, кўрпаларингни ҳам янгилаймиз.
Ҳилола, эри ҳозирнинг ўзида барча кўрпаларини янгилаб бергандек, энтикиб қўйди. Нўмон эртаси куниёқ астойдил ишга киришди. Таниш-билишларини ишга солиб, уй қидира бошлади. Бир-икки маротаба уй бозорига ҳам бориб келди. Аммо ҳар гал уйига қайтар экан, олдига югуриб чиққан фарзандлари, хотинининг умид билан боққан кўзларидан нигоҳини олиб қочарди.
—Сиқилманг дадаси, худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Бизга ҳам Худойимнинг атагани бордир.
Хотининг гаплари Нўмонга далда бўлар, аммо унинг кўзлари тубида яширинган мунг баттар юрагини эзарди.
Бу сафар унинг омади чопди. Пойтахнинг Сирғали туманида сотиладиган уй, тамирталаб бўлса ҳам айнан у қидирган нархда эди.
—Топдим, топдим, Ҳилол. Ўзимизга мос. Сал чеккада-ю, аммо икки хонали. Бир оз пул йиғсак, яхшилаб тамирлаб ҳам оламиз.
Нўмон қувончи ичига сиғмай, остонадаёқ хушхабарни эшикни очган хотинига етказди.
—Вой, ростданми? Айтдим-ку сизга сиқилманг деб. Кўрдингизми, Худойим бандасини ҳеч қачон ташлаб қўймайди.
Шу куни Нўмоннинг хонадонида байрам бўлди. Қувончли хабарни эшитиб келган жонажон ўртоқлари Нўмонни чин дилдан қутлашди.
— Э, жўра, зап иш бўпти-да, сенинг йўлингни ҳам бизга берсин, — Хуршид пиёлада қолган ароқни симирар экан, товоқдаги ош устидан гўшт бўлагини олиб, оғзига солди, — Энди ҳужжатлаштириб олсанг бўлгани, зиёфатнинг каттасини янги уйда еймиз.
—Айтгандай, ўртоқ, уйни номига расмийлаштирадиган одам топдингми? — Бўрибой бирдан ҳушёр тортган Нўмонга тикилди. – Ёки эски эгасининг номида қолаверадими?
— Йўғ-ей, у одамни танимайман-ку…
Уч ўртоқ бир-бирларига тикилишди. Болаликдан бирга ўсган, шаҳарнинг нонини ҳам бир неча йилдан буён бир-бирига суяниб топаётган, яхши-ю ёмон кунда доимо бирга бўлган дўстлар қувонч пардасини ёриб чиққан мазкур муаммо олдида ожиз эдилар. Қонунга биноан Тошкент шаҳрида рўйхатда турмаган шахс, Ўзбекистон фуқароси бўлишига қарамай шаҳар ҳудудидан уй сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум эди. Бир неча бор шаҳар ҳокимиятига ҳужжат топширган Нўмон ҳам, Хуршид ҳам рўйхатдан ўтиш учун рухсат олишолмаган, уларнинг ҳафсаласи пир бўлганини кўрган Бўрибой бу борада асабини бузмай қўя қолган эди.
Нўмоннинг кайфи бир зумда тарқаб, хомуш бўлиб қолганини кўрган Бўрибой айтган гапидан пушаймон бўлди. Бир оз бўлса-да айбини ювиш учун секингина:
—Балки, келиннинг узоқроқ қариндошими, таниши бордир. Яхшилаб суриштириб кўр, чиқиб қолар, — деди.
—Э,биласан-ку, Тошкентда иккаламизнинг ҳам ҳеч кимимиз йўқлигини. Буни устига у уйда ўтирса, қаёқдан таниши бўлсин?!
Ўртага оғир жимлик чўкди. Бир неча дақиқа олдин хонада янграган кулгу-ю, ҳазил-мутойибани ногаҳон пайдо бўлган ёвуз аждаҳо ютиб юборгандек эди.
—Индин уйнинг пулини олиб бориб, расмийлаштириб олишим керак. Нега буни олдинроқ ўйламаган эканман-а, қандай аҳмоқман-а?
Нўмон пешонасига бир шапати урди.
—Ўзи пешонам шўр…
—Боравер қани, бир гап бўлар, – Хуршид худди уйдан тезроқ чиқиб кетса, енгил тортадигандек, фотиҳага қўл очди. –Энди бизга жавоб…
Нўмон нотариус идорасининг ёнида совуқдан қулоқлари қизариб, бошини елкасига тортганича турарди. Келишилган вақт аллақачон бўлган бўлсада, сотилаётган уйнинг эгаси ҳали келмаган эди. Бу бир томондан “келмай қолса-я, унда берган 200 доллар закладим нима бўлади?” деган ўй Нўмонни хавотирга солса, иккинчи томондан, уйни кимнинг номига расмийлаштираман, деган хавотир қалбини сичқон каби кемирмоқда эди.
— Уй сотдингизми, ё олдингизми?
Нўмон саволдан чўчиб тушиб, унинг хаёллари бир зумда енгил шабодада қовжираган япроқлар сингари ҳар томон тўзғиди.
—Нима?
Унинг мунғайиб турганини кўрган, миллатини ажратиб бўлмайдиган 40–45 ёшлардаги аёл унга яқинлашиб, савол берганди.
— Уйни оформлениясига турибсизми?
—Ҳа.
—Сотиб олдингизми, ё сотдингизми?
—Олдим.
—Неча хона?
—Икки..
—Қанчага тушди?
— …
— Қаердан олдингиз?
Хира пашшадек ёпишиб олиб, тинмай савол бераётган аёлдан қутилиш учун Нўмон қўл силтаб, сигарет тутатди.
—Яхши нархга олибсиз-у, нега хурсанд эмассиз?!
— Э, олдим-у, шунча ташвиши борлигини билмабман.
—Тинчликми? Бу ерликка ўхшамайсиз, ука. Балки ёрдамим тегар. Барчамиз худонинг бандасимиз, инсон-инсонга биродар. Ҳаммамиз Одам Ато, Момо Ҳавонинг фарзандларимиз. Яхши-ёмон кунларда бир-биримизга ёрдам қўлини чўзмасак, гуноҳ бўлади.
Ҳозиргина асабига тегаётган аёлнинг кейинги сўзларини эшитган Нўмон ажабланиб, унга тикилди.
—Тўғри, тошкентликмасман, ҳатто пропискам ҳам йўқ. Уй олдим-у, энди кимнинг номига уни расмийлаштиришни билмай турибман. Танишларимнинг ҳаммаси ўзимга ўхшаган. Нима қилсам экан, деб бошим қотди.
Нўмон дардини тўккач, ўзи томон шошиб келаётган уйнинг эгасини кўриб йиғлагиси келди. Қўлида ўчай деб қолган сигаретни босиб-босиб тортгач, қолдиғини учи тарам-тарам бўлиб ёрилиб кетган ботинкаси билан эзди.
— Озгина кечикдим, оғайни, узр. Иссиқ сувдан қарз йўқлиги ҳақида малумотнома оламан деб ушланиб қолдим. Навбат олдингизми?
Нўмон очиқ ташқари эшикдан кўриниб турган йўлакдаги бир тўда одамга назар ташлар экан, «йўқ» дегандай бошини чайқади.
— Э, навбат олиш керак эди, энди қачон кирамиз?
—….
—Балки овқатланиб келармиз. Тушлик пайти ҳам бўлиб қолибди, барибир нотариус ҳам тушликка кетади, нима дедингиз?
—Майли.
Иккаласи йўлнинг нариги томонида кўриниб турган кафега қараб кетдилар. Овқатланиб, орқага қайтишар экан, боя суҳбатлашган аёл Нўмонга яқинлашди.
—Исмим Роза. Аслида тошкентликман. Сизга ёрдам бериш Худонинг олдидаги бурчим. Йўқ демай, ёрдамимни қабул қилсангиз. Мана паспортим. Хоҳласангиз нусхасини ўзингизга олиб қолишингиз мумкин.
Нўмон ичида бир неча дақиқа аввал ечимини топа олмаётган муаммоси осонгина ҳал бўлганидан Аллоҳга шукроналар айтаётган бўлса-да, аёл қўлидаги паспортга қараб иккиланди.
—Қайдам, сизни танимасам?!
—Ўзингиз биласиз, ёмон ниятим йўқ. Бугун бировга қилган яхшилигим, у дунё саодатига айланади.
—Бизнинг навбатимиз, оғайни юринг, – шеригининг овози Нўмоннинг иккиланишига чек қўйди.
Аёлнинг қўлидаги паспортни олар экан, секингина «раҳмат» деб қўйди.
Роза опа ҳақиқатдан ҳам жуда хушфел аёл экан. Тез кунда Нўмон ва хотинини жигаридай кўриб, ҳар сафар болаларига совға-салом кўтариб келарди. Доим Ҳилолага дастурхон тузатишга қарашар, қўярда-қўймай ўзи ош дамларди. Уч ой ўтар-ўтмас опа-укага айланишгач, Роза опа Нўмонни ўз уйига меҳмондорчиликка таклиф этди.
Опанинг эри тўладан келган, бароқ қошлари остида кўзлари одамга синчковлик билан боқадиган Равшан ака уни эски танишларидек қарши олди. Чаққонлик билан дастурхон ёзиб, бир пасда унинг устини турли туман пишириқлар-у, салатлар билан тўлдириб ташлаган Роза опа эрига тинмай Нўҳмонни мақтарди. Овқатланиб, юз граммдан ичишгач, диний этиқод ҳақида гап бошлаган Равшан аканинг дабдурустдан берган саволи Нўмонни шошириб қўйди.
— Нўмонжон, сиз мусулмонмисиз?
—Ҳа… Албатта.
— Ислом фарзларини бажарасизми?
Нўмон қизариб, бошини эгди.
— Демак на намоз ўқийсиз, на рўза тутасиз, на закот берасиз, ҳаж зиёратига бориш ҳақида эса ҳаттоки орзу ҳам қилмаган бўлсангиз керак. Шундай экан, дилдан иймон келтирганингизга ҳам шубҳам бор.
— Йўқ, нега энди. Биз ҳам эл қатори. Аллоҳга дилдан ишонаман, шуни ўзи ҳозирча етарли. 60–70 ёшга бориб бола-чақадан қутилсак, ҳаммасига вақт бўлар.
— Инсон Аллоҳимнинг ҳузурига қачон боришини олдиндан билмайди. Ҳали вақт бор, деб хато қиласиз. Яшаётган ҳар бир кунимиз ғанимат. Мусулмонман деб кўкрак кериб юрибсизми, унинг барча амалларини бажаришингиз шарт. Кейин кеч бўлиб, афсусда қолманг, дейманда. Бундан чиқди, ҳақиқий мусулмон эмас экансиз. Гапларим сизга оғир ботмасин-у, ўзини мусулмон деб билиб, аммо ҳақиқий мусулмонлик нима эканлигини билмаганлар жуда кўп. Бу ёлғон дунёда сиз оғизда даво қилиб, дилдан унинг амалларини бажармасангиз етти пуштингиз дўзах ўтида куяди. Шунинг учун сиздан ҳеч қандай мажбурият талаб қилмайдиган динни қабул этиб, ўзингизни у дунё-ю, бу дунё мажбуриятидан халос этганингиз мақул.
— Тушунмадим…
Нўмон Равшан ака гапни қаёққа бураётганини билмай, унга қаради.
—Ажабланманг, мана мен Роза опангиз билан насроний динидамиз. «Иегова шоҳидлари» деганларини эшитганмисиз.
—Йў- ўқ.
—Худо ҳаммамиз учун ягона. Лекин кўпчилик унинг ҳақиқий номини билишмайди, унга юзланганда ҳам одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарган исмларини қўллашади. Албатта, уларнинг оҳу–ноласи Худога етиб бормайди. Масалан, сизни бошқа-бошқа ном билан чақиришса ёқадими, албатта йўқ. Худо ҳам шундай. Фақат унинг номини тўғри тилга олиб, дилдан ишонганларнигина қўллаб-қувватлайди, ҳаёт йўлидан адаштирмайди. Қаранг, сизни ҳам тўғри йўлга бошлаш учун Худонинг ўзи бизга йўлиқтирди. Энди иккимиз ака-укамиз, Розахон эса – опангиз. Эртага вақтингиз борми?
— Ҳа, эртага зарур ишим йўқ.
—Соат 10.00 да учрашайлик. Сизни бир жойга олиб бораман. Унгача бугунги гапларимни ўйлаб кўринг.
Равшан аканинг айтган жойи шаҳар чеккасида жойлашган чоғроққина уй бўлиб, йиғилган одамлар турли миллат вакилларига мансуб эди. Узун ридо кийган киши Иеговага узундан узоқ мадҳия айтгач, барча йиғилганларнинг оғзига пахтага ўхшаш ширин бир нарса солиб чиқди. Сўнг кумуш идишчадаги сувга қўлини ботириб, уларнинг бошлари узра сочди. Шундан кейин йиғилганлар қўлларидаги Инжилга қараб жўр овозда алланималарни оҳангга солиб айтишди. Айтув тугагач, руҳоний баланд овозда тўпланганларнинг қондошлари яна бир неча кишига кўпайганлиги, сафларининг кенгайганлигини айтиб, янги келганларни бирма бир исм-шарифларини айтиб, чақира бошлади. Қатор курсиларда ўтирган одамлар орасидан кимлардир туриб, руҳонийнинг олдига борар, у эса ўз навбатида унга пул, Инжил китоби, бир нечта журнал бериб, янги христианча исмини айтар, буларнинг барчаси Иегованинг инояти эканлигини такидлар эди. Навбат Нўмонга етгач, у турарини ҳам, турмаслигини ҳам билмай қолди. Руҳоний яна бир бор унинг исми ва шарифини айтиб чиқирди.
—Туринг, сизни чақираяпти.
Равшан ака Нўмонни енгилгина туртиб қўйди.
—Лекин, мен…
—Бўлинг, ҳамма сизни кутиб турибди. Шу ердан барча гуноҳларингиздан фориғ бўлиб, покланиб чиқасиз. Мени шарманда қилманг, биродарларимнинг олдида нима деган одам бўламан. Сизга шунча қилган яхшиликларимизга жавоб шуми? Туринг!
Нўмон ўзига тикилиб турган ўнлаб кўзлардан нигоҳини олиб қочиб, бўйнига арқон солинган қўчқордек ноилож руҳоний томон юрди. У ўзига нима дегани-ю, нега уни қучоқлаб табриклаганини анча вақтгача англай олмай каловланиб турди. Фақатгина юзига сачраган сувгина уни ўзига келтирди.
—Энди сенинг ҳақиқий исминг Николай, бўтам. Илоҳий Николайнинг руҳи сени доимо қўллаб-қувватлаб, Иегованинг бандаси бўлганлигинг билан қутлайди. Ушбу муқаддас сув сени қалбинг ва жисмингни поклайди. Қудратли Иегова олдида доимо бош эгиб, унинг мавжудлигига шоҳидлик бер.
Руҳоний усти чарм билан қопланган катта Инжил китобини Нўмоннинг лабларига олиб борди. Сўнг унинг қўлига кичикроқ Инжил, бир нечта рангли журнал, пул тутқазди.
Равшан ака билан биргаликда ташқарига чиқишар экан, Нўмон ҳамон нима воқеа юз берганлигини англай олмай, ҳайрон эди.
—Табриклайман ука, энди чақалоқдек тоза, поксан. Бугун танишган одамларнинг барчаси энди сенга жигар, биродар. Маблағдан қийналиб қолсанг, доимо ёрдам беришади. Буни эса чўнтагингга яшириб қўй.
Равшан ака ҳануз Нўмоннинг қўлида турган 100 АҚШ долларини кўрсатди.
Нўмон шоша-пиша пулни чўнтагига солгач, бунақада осонгина уйнинг қарзидан қутилишини ўйлаб, кайфияти кўтарилди. Николай бўлса бўлибди-да. Фақатгина исмини алмаштирганига 100 доллар беришганини эшитса, Бўрибой билан Хуршид ҳасаддан ёрилиб ўлишади. Бир-икки маротаба шуларнинг «номоз»ига борар. Равшан аканинг айтишича, борганларга 15 доллардан беришар экан. Бир йилга қолмай қарзининг пулини йиғади, ишлаб топганини эса рўзғорнинг кам-кўстига ишлатади.
—Қўлингдагилар билан яхшилаб танишиб, мана буларни танишларингга бер. Ўқиб чиқишса зарар қилмайди.
Равшан ака қўлидаги елим халтадан ўнтача китобчалар чиқариб, Нўмоннинг қўлига тутқазди. Шундагина Нўмон боя бирга бўш қўл билан келган Равшан аканинг қўлларида китобчалар-у, аллақандай варақалар билан тўла елим халта пайдо бўлиб қолганлигини сезди.
— Уларга айт, бу ерга келишсин. Ҳеч нарса йўқотишмайди, аммо гуноҳларидан фориғ, яна пуллик ҳам бўлишади. Майли, омон бўл ука, яхши кунларда кўришайлик.
Равшан ака хайрлашиб, орқасига қарамай тез-тез юриб кетди.
Нўмон индамади. Қўлидаги китобларни бағрига босганича, автобус бекати томон юрди.
Бўрибой билан Хуршид Нўмоннинг гапларини тинглашар экан, уни янги ном билан қутлаб, анча вақтгача устидан кулиб ўтиришди.
—Э, сенларга гапиргандан кўра, эшакка гапирган яхшироқ. Кул-а, кул, ҳозир бир нарса кўрсатсам иккаланг ҳам йиғлайсан.
Нўмон кўкрак чўнтагидан 100 долларни олиб, кўз-кўз қилгандек, бирдан жимиб қолган Бўрибой билан Хуршиднинг бурни остида айлантирди.
— Хўш, қалай?100 талик кўки учун Николайми, Колями, Васями бўсам бўпман-да. Отим ўзгаргани билан бир жойим камайиб қолгани йўқ. Паспортимда барибир Нўмонман, ўлганимча Нўмонлигимча қоламан, нима дедиларинг, жўралар?
—….
—–Нима бало, тилларингни ютвордиларингми, ё тилдан қолдиларингми?
—Боя ҳазиллашаяпсан десам, ростданам иймонингни сотибсан-да, жўра?!
—Қанақа иймон. Бола-чақанг оч ўтириб, қулоғинггача қарзга ботсанг сан ҳам иймон-пиймонингни ўйламасдинг.
— Э, сени одам деб юрсам…
Хуршид юзига фотиҳа тортиб, шаҳд билан ўрнидан турди. Бўрибой нима қилишини билмай бир Хуршидга қарар, бир Нўмонга термуларди.
– Бор кетсанг кетавер, ўргилдим сендақа иймонлидан. Иймон, этиқодинг билан қорнинг тўйиб, Тошкентда пропискадан ўтсанг, тан бераман.
Нўмоннинг жаҳл билан айтган сўзлари ўрнидан турганидан сўнг дўстларини ташлаб чиқиб кетишга кўзи қиймай иккиланаётган Хуршидга қамчининг изидек аччиқ ботди. Жавоб бермай қўл силтаганича, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Орага чўккан ноқулай сукунатни бузишга ботина олмаётган Бўрибой Ҳилола хонага лаганда ош кўтариб кириши билан ўрнидан қўзғалди.
—Манам борай, кеч бўп қолди. Хотиним хавотирланаётгандир.
Нўмон индамагач, секингина ўрнидан турди-да, эшик томон йўналди. Ҳеч нарсани тушунмай, қўлида лаган билан қотиб қолган Ҳилола бир хўмрайиб ўтирган эрига, бир Бўрибойнинг орқасидан ёпилган эшикка қарарди…
Орадан бир ярим йил ўтди. Бу орада Нўмон Равшан аканинг қистови билан беш-олтита янги танишларини «Иегова шоҳидлари»нинг олдига етаклаб борди. Охирги боришида Равшан ака Нўмон олиб борган ҳар бир киши учун 200 АҚШ долларидан пул олишини эшитиб, қони қайнади. Унинг атрофида бунчалар гирдикапалак бўлишини англаб, Равшан акадан ўз ҳақини талаб этди.
Орадаги тортишув бир зумда жанжалга айланди. Роза опанинг ҳай хайлашуви-ю, қўшниларнинг аралашуви билан Нўмон бу хонадондан ҳайдалгач, аламидан лабларини тишларди. «Номард, мен орқали минг доллардан кўп пул ишлаб олибди-я, мен бўлсам сектанинг бази-базида бўладиган йиғилишига қатнашганлигим учун тушадиган 10–15 доллардан хурсанд бўлиб юрибман. Аблаҳ…»
Нўмон Ғазабдан титраб кетди. Орқасига қараб, бўралаб сўкингач, мавзе четида жойлашган пивохонага йўл олди.
—Биз бу уйни сотиб олдик. Эгаси бир ҳафтада ижарачилар бўшатади деган эди, ҳали ҳам чиқиб кетмабсизлар-ку.
Остонада турган, пакана, кечки салқин тушганига қарамай бурнининг усти терлаган киши эшикни очган Нўмонга савол назари билан қараб турарди.
—Кечирасиз, сизга ким керак? Бу ерда ҳеч қандай ижарачи турмайди, бу мани уйим.
— Бўлиши мумкин эмас, бир ҳафта илгари бу уйни мен танишим Роза Ортиқовадан сотиб олганман. Мана ҳужжатлари. Ўзи уйни ҳужжатлари йўқолгани учун нотариусдан нусхасини топиб олгунича анча вақт кетди. Уйда ижарачилар туради, уларга айтганман, ойнинг охирида уйни бўшатишади деганди, ҳали ҳам чиқмабсизлар-ку?! Бугуноқ уйни бўшатинг.
— Лекин, ҳужжатлар менда йўқолгани йўқ.!
Нўмоннинг жаҳли чиқа бошлади.
– Кимсиз ўзи, нега Роза мани уйимни сизга сотади, нима ҳаққи бор, бундай ифлослик қилишга. Расво экан-ку!
—Билмадим, буни бориб ўзидан сўранг, бу биринчидан, иккинчидан сўкинмай гапиринг. Ортиқовларни 10 йилдан бери танийман. Жуда ҳалол, кўнгли очиқ одамлар. Бировдан ёрдамини аямайди. Ўғлимни уйлантириб, уй излаб юрувдим, Равшан шу уйни айтиб қолди. Йигитча, кўп асабийлашаверманг-да, энди бошқа уй қидиринг.
—Лекин мен ижарачи эмасман, мен…
— Сизни тушунаман, аммо ижара ҳақини олдиндан бериб қўймаслик керак эди.
— Аблаҳ, Равшан аканинг иши денг, ҳали кўради у мендан.
Нўмоннинг қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Улар чет элга кетишди, менимча кеч қолдингиз…
Нўмон эшик кесакасига беҳол суянганича турар экан, Роза билан Равшан акани учратган кунига ланатлар ўқирди.
Хикоялар
ИЙМОНИНИ СОТГАН ТАҚВОДОР